16.06.2025 15:58
86
Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш йўлида яна бир қадам ташлади
Эрон ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқиш учун ҳаракатни бошлади. Расмий Теҳрон бу ҳақдаги қарорини Халқаро атом энергияси агентлиги (МАGATE)га ҳам билдирган. Бу орқали форс давлати ядровий қурол ишлаб чиқариш йўлидаги биринчи қадамини ташлади.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Исмоил Бекайи ўз баёнотида мамлакат парламенти ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги битимдан чиқиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилди.
Бекайи давлат телеканалидаги чиқишида: “Ҳозирги вазиятда қабул қилиниши керак бўлган энг кам чора бундай битимлардан чиқишдир”, деган.
Куни кеча Эрон раҳбарияти МАGATE билан ҳамкорликни тугатганини эълон қилди. Теҳрон ташкилотни исроилга Эроннинг ядровий дастури ҳақидаги маълумотларни етказаётганликда айбламоқда.
Айни пайтда Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқариш даражасида уранни бойитиши исроил учун аллақачон уруш сабаби сифатида кўриляпти.
Эрон бу бойитишлар фақат фуқаролик мақсадларда амалга оширилаётганини айтган. Аммо АҚШ ва исроил босимни тўхтатмоқчи эмас.
Шартномадан чиқиш қарори эса, ядровий қурол ишлаб чиқариш йўлидаги илк расмий қадам сифатида баҳоланмоқда.