27.02.2024 15:30

Эрон бойитилган уран захирасини қисқартирди

Эрон сўнгги уч ой ичида юқори даражада бойитилган уран захирасини қисқартирди. МАГАТЭ инспекторларининг маълум қилишича, Эрондаги радиоактив ёқилғи даражаси ноябрдан февралгача 5 фоизга пасайган. Аввалги чоракда эса захиралар 5 фоизга ошган эди.

Агентликнинг аниқлик киритишича, Эрон “60 фоизгача бойитилган 31,8 кг уранга камроқ концентрацияли материал аралаштирган”. Бу 2021 йилдан буён мамлакатда юқори даражада бойитилган уран захираларининг биринчи қисқариши ҳисобланади. 60 фоиз тозалик даражасида бойитилган уран захиралари ноябрь ойидаги 128,3 кг дан 121,5 кг гача тушди, деган хулосага келди МАГАТЭ инспекторлари.

Бироқ, ўз навбатида, Bloomberg агентлиги бу Теҳрон қурол ишлаб чиқаришни давом эттиришга қарор қилса, бир неча ҳафта ичида қурол даражасидаги уран ва потенциал ядровий қуролларни ишлаб чиқариш учун етарли техник билим ва материалларга эга эканлигини англатишини билдирди. Айни пайтда, бойитилган уран захираларининг камайиши тенденцияси Теҳроннинг Яқин Шарқда юзага келиши мумкин бўлган кенг кўламли можаро бўйича хавотирларни камайтириш истагидан далолат бериши мумкин, дея таъкидлайди агентлиги.

Эрон эса ядро қуролига эришмоқчи эмаслигини таъкидлаб келмоқда. 2015 йилда мамлакат АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой билан Ҳаракатларнинг комплекс режаси тўғрисида битим тузган. Бу санкцияларни юмшатиш эвазига Эроннинг ядровий фаолиятини чеклади.

Битим АҚШ президенти Дональд Трамп 2019 йилда ўз мамлакатини келишувдан олиб чиқиб, Теҳронга қарши санкцияларни қайта жорий қилганидан кейин ўз кучини йўқотди. Жо Байден маъмуриятининг келишувни жонлантиришга уринишлари муваффақиятсизликка учради.

4 март куни дипломатлар ва МАГАТЭ инспекторлари Эрон ядро дастурини муҳокама қилиш учун Венада йиғилади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.