26.06.2024 09:00

Доғистон раҳбари ниқобга қарши эканини маълум қилди

Доғистон раҳбари Сергей Меликов “хавфсизлик нуқтаи назаридан” хотин-қизларнинг юзни беркитувчи кийим, жумладан ниқоб тақишига қарши чиқди. Шунга қарамай, у ниқоб тақишни радикализмнинг намоён бўлиши деб ўйламайди. Бу ҳақда Меликов Миллий ассамблея йиғилишида сўз очди.

Унинг таъкидлашича, Доғистон адолатсиз равишда "радикал республика" деб номланади. Доғистонлик спортчиларнинг ММА ва эркин курашдаги муваффақиятлари ҳамда хотин-қизларнинг ниқоб тақиши бундай дейилишига асос бўлмайди.

“Шахсан мен терроризмга қарши кураш бўйича топшириқларни бажарган шахс сифатида ниқоб тақишга қаршиман. Чунки бурқа Кавказ халқларига хос бўлмаган кийим бўлиб, ниқоб эркакларнинг рўмоллар орқасига яширинишига, аёлларнинг эса тақиқланган нарсаларни олиб юришига имкон беради”, деб тушунтирган Меликов.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси Валерий Фадеев Россияда ниқоб тақишни тақиқлашга чақирган эди. Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси ҳам бурқани тақиқлашни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.