18.07.2024 10:22
Доғистон муфтийси янги фатво бўлими ташкил этилишини маълум қилди
Доғистон муфтиятида фатволар бўлими (шаръий ва ҳуқуқий хулосалар) ва яраштириш бўлими қайта ташкил этилади. Бу ҳақда республика мусулмонлари идораси раҳбари Аҳмад Абдулаев муфтийлик ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур қарор аҳолининг мурожаат ва сўровлари билан ишлашни яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Муфтийнинг тушунтиришича, Доғистоннинг барча тўрт ҳудудий округи вакиллари бўлимда ҳар куни ислом фанлари докторлари бошчилигида ишлашади.
Эслатиб ўтамиз, 8 июль куни муфтий Абдулаев фатво бўлимини “замон талабига” тўғри келмагани сабабли тугатди, шунингдек, республика муфтийлигида “кейинги ўзгаришлар”ни ҳам эълон қилди.
Аввалроқ муфтий ниқоб (мусулмон аёлларининг юзни тўлиқ қоплайдиган ва кўз учун тор тирқиш қолдирадиган кийим) тақишни тақиқловчи фатво қабул қилинганини эълон қилиб, фатво бўлимига бу масалани ўрганишни топширган эди.
Муфтийликнинг фатво бўлими эса шариат матнлари таҳлили ниқобни бутунлай тақиқлаш бўйича қарор қабул қилиш учун асос бўлолмаслиги ҳақида баёнот берди. Шунга қарамай, муфтийлик тавсиявий характерига эга бўлган ниқобни вақтинчалик тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.