Араб мамлакатларида демократия ўзининг ижобий мевасини ҳануз бермади, аксинча бу минтақада келишмовчиликлар кузатилмоқда. Бунга сабаб сифатида баъзи тадқиқотчилар: “Демократия арабларга тўғри келмайди, чунки демократия ўзи пайдо бўлган ғарб муҳитига хос, арабларга эса адолатли диктатор керак”, деган фикрни келтирмоқдалар. Сизнингча бу қанчалик тўғри фикр? 

Бир қарашда “адолатли диктатор” ғояси мантиқийдек туюлади. Адолатли диктатор деганда фикр-мулоҳазали, доно, куч-қудратли, виждонли, инсоний туйғуларга эга шахс назарда тутилади. Лекин бундай шахсиятнинг бугунги воқеликда мавжудлиги ҳақиқатга яқинми ёки хаёлийми? Шу даражада комил инсон борми? Аксинча, тарихдан маълумки, диктатура адолатсизлик ва коррупциянинг пойдевори, нотўғри бошқарув ва тартибсизликнинг асоси бўлиб келган.

Мафкуравий элита
Ҳақиқий демократик ҳаётни яратиш жараёнидаги хато, камчилик ва қоқилиш сабабларини ўрганиб чиқдик ва қуйидаги хулосаларга келдик: 
-  Демократик жараёнларнинг асосий пойдевори ҳисобланган халқнинг онгида демократия тушунчасининг аниқ-тиниқ эмаслиги. Ваҳоланки, демократик жараёнларнинг боришида халқнинг ўрни жуда катта. 
-  Ҳукумат учун ҳам демократия тушунчасининг аниқ эмаслиги ва ҳокимият алмашинувининг тинч йўл билан амалга ошмаслиги. 
-  Демократия ғоясининг халқни бошқараётган араб элитаси онгида очиқ-равшан эмаслиги. Чунки ўзи истибдод даврида туғилиб, ана шу даврда улғайган элитар қатлам мафкуравий ва дунёвий либерал – икки гуруҳга бўлиниб қолган. Иккинчи гуруҳнинг мақсади тийиқсиз шахсий эркинликларнинг чекланишига, айниқса, гендер тенглиги ниқоби остида аёлларни зимдан эксплуатация қилишни маъқуллаш ва унга қарши турадиганларни консервативликда айблаб, улар билан курашдан иборат. Ислом элитаси эса тийиқсиз шахсий эркинликлардан кўра одамлар ҳаёти ва турмуш тарзига ижтимоий хулқ-атворнинг яратилишга уйғун намунасини киритишга ҳаракат қиладилар. Бу элиталар демократия тушунчасига узоқ вақт давомида қарши курашиш керак бўлган ғарбнинг маданий босқини сифатида қараб келдилар. Шунингдек, сўл партия араб элитаси ҳам демократияга нафрат билан ёндошади ҳамда куч-босим билан бошқаришни тинчлик ва барқарорликка эришишнинг асосий воситаси деб ҳисоблайди.
-  Аксарият араб элитаси вакиллари бир-бирларини ўзаро рақиб деб билишади ва энг биринчи имкониятдаёқ рақибларини мағлуб этиш ҳақида бош қотирадилар. 
Юқоридаги сабаблар араб мамлакатларида зулмни орттириб юборди ва инқилоблардан кейин ҳукумат жиловини мустаҳкамлаш учун олтин имконият тақдим этди. 

Сиёсий қашшоқлик
Сиёсий элитанинг қўлланиши: кўпгина араб элиталари демократия учун ҳақиқий сиёсий кураш ва у учун ниманидир қурбон қилиш ҳолатини бошидан кечирмаган. Ҳукмдорнинг эътиборини ўзига қаратиш учун демократик фикрга қарши курашаётган мафкуравий оқимларнинг кўплаб вакилларини учратамиз. Мустабид уларни ўзи билан бирга ҳукмронлик қилишда ва мамлакат бойликларини биргаликда баҳам кўришга ишора қилиши биланоқ, уларнинг кўплари демократия ғоясига қарши чиқиб, бу истибдод давлатини турли номлар билан зийнатлаб, халқ орасида оқлашга ҳаракат қиладилар.
Араб мамлакатларидаги сайлов тизимининг қолоқлиги: араб халқлари инқилобни амалга оширгандан сўнг, сиёсий ва ҳуқуқий элитада улар хоҳлаган нарсанинг тафсилотлари йўқлиги маълум бўлди. Улар нимани хоҳламаслигини биладиган, лекин нима истаётганини билмайдиган элиталардир.
Бу мустабид тузумлар қолдирган ва жамиятнинг барча табақаларини қамраб олган катта сиёсий қашшоқлик ҳолатининг табиий натижасидир. Мустабид тузумларнинг бу қилмишлари ҳар қандай огоҳлик ҳолатини, келажакдаги демократик ҳаётни, ҳатто кетганларидан кейин ҳам барбод қилиш эди ва бунга ҳам эришди.
Республика тузумларида бошқарувнинг энг муҳим қоидаларини билиш ва тушунишнинг етишмаслиги мавжуд эди, чунки демократик республика режимлари фалсафаси президентнинг ўзи бошқарув функцияларини бажаради деган ғояга асосланади. Бунинг учун барча теран давлат (давлат ичра давлат – глубинное государство) институтлари унинг дастури ва қарашлари у билан ҳамоҳанг бўлиши керак.
Инқилобий кучлар киритган сайлов тизимлари сайланган президентни ҳокимиятга қандай олиб келишга қаратилган эди, бироқ улар сайланган президентга чинакам ҳукмронлик қилиш имкониятини бериш қандай муҳимлигини тан олишмади. 
Модомики теран давлат, унинг раҳбарларини тайинлаш ва ишдан бўшатиш президентнинг ваколати ва қарорлари остида бўлмас экан, президентнинг мустақил бошқаруви ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Араб парламентар бошқарув тизимларига келсак, асл парламент бошқаруви фалсафасидаги кўпчилик ҳукмронлик қилади, қонун чиқаради, ҳимоя қилади ва ҳукмдорлар фармон-қарорларини тасдиқлайди, озчилик эса кузатади ва, лозим бўлса, қарши чиқади. Буларнинг барчаси фақат парламентда кўпчилик ва озчиликни ташкил этадиган сайлов тизими орқали амалга ошиши мумкин, деган ғояни ўз моҳиятидан қандай маҳрум бўлганига гувоҳ бўлдик.

Демократияни ўғирлаш
Аксар ҳолларда ҳеч бир партия парламентда кўпчилик ўринга эга бўлмайдиган, сиёсий маънода муаллақ парламентлар ташкил қилинадиган араб парламент тизимларида бундай ҳолат кузатилмайди. Бу эса сиёсий кучларни коалиция ва квотали ҳукуматларга ўтишга олиб келди, натижада амалда парламент бошқарувининг энг хунук суратини намойиш этишди.
Буларнинг барчаси қонунчилик ва сайлов тизимларидаги нуқсонлар, биринчи навбатда, сайлов тизимида минимал ва максимал кворум чегарасининг йўқлиги натижаси эди. Бу эса бошқарувга қодир бўлмаган турли хил сиёсий озчиликларнинг парламентлари пайдо бўлишига олиб келди.
Демократия давлат активлари ва бюджетни бошқариш ва қайта тақсимлашда энг зўр бўлганлар ўртасидаги рақобат ҳолатига асосланмагунча ҳақиқий натижаларни келтира олмайди. 
Демократик пойгадаги рақиби билан зиддият ва қарама-қаршиликларни ҳал қилиш учун қаттиқ куч ишлата оладиган ҳар қандай одам демократияни бузади. Қурол ва қаттиқ куч мавжуд бўлса, дастур ва таклифнинг кучи йўқолади ва демократия ўз қадрияти ва фалсафасидан мосуво бўлади.

Аниқ стандартлар
Арабларнинг сайлов курашларида қон ришталари ва қабилачиликдан фойдаланиши демократия ғояси ва фалсафасига зиддир. Сайлов курашларида қабила ҳокимияти, таъсири, кучи ва назоратини исботлаш учун қабиладан фойдаланиш ва уларни ижтимоий бирликлардан мавсумий сиёсий бирликларга айлантириш демократик жараённи маъносиз қилади ва унинг натижаларини қоралайди.
Шунингдек, сиёсий популизмнинг кучайиши ва унинг араб халқлари орасида тарқалиши – демократияни одамларнинг муаммолари, талаблари ва улар интилаётган нарсаларини тезда ҳал қилиш учун сеҳрли таёқча сифатида кўрсатишга уриниш ҳам бутун демократик жараённи барбод қилишга ўз таъсирини ўтказди. Биз сиёсий популизмнинг қандай қилиб араб инқилоблари даврида баъзи халқларни демократияга қарши ҳайқириши, яккаҳокимликни қўллаб-қувватлаши ва олқишлашига, диктатор фойдасига давлат институтларини демонтаж қилишни қўллаб-қувватлашга қай даражада қодирлигини аниқладик.
Ғарб демократияси куч ишлатиш ва руҳонийларнинг демократик жараённи ўғирлашига йўл қўймаслик учун аниқ стандартларни белгилай олди, Ғарб демографик ҳолати туфайли у қабилавий муаммога дуч келмади, лекин  ҳалигача пулни зарарсизлантириб, тадбиркорлардан ўзини тўлиқ ҳимоя қила олмади. Вазиятни юмшатишга қонунчилик уринишлари бўлса-да, улар сиёсий жараёнларни бузишда пулнинг ролини бартараф эта олмади. Maълум бир ҳуқуқбузарликларни белгиловчи қонунлар ишлаб чиқилди. сайлов ташвиқотини чеклаш, молиялаштириш манбаларини эълон қилиш ва сайлов кампанияларини ташқи молиялаштиришни тақиқлаш, туҳмат ва пул ювишни жиноий жавобгарликка тортиш... ва ҳоказо.
Ғарбдаги популизм ҳамон демократик жараён ва сайлов натижаларига вақти-вақти билан турли даражада таъсир кўрсатмоқда, бироқ, албатта, уларнинг популизми араб мамлакатларидаги каби душманлик ва демократияга путур етказиш даражасига етмаган, Трампнинг ташкил этилган институтлар устидан ҳукмронлик ўрнатишга ва суд таъқибига қаршилик кўрсатишга уриниши бундан мустасно. 
Ҳақиқий ва нуфузли араб демократик давлатини барпо этиш учун биз унинг билим ва фанларини мактаб ва университет таълимининг барча босқичларида тарқатиш орқали демократияни маданият ва ҳаётий хулқ-атворга айлантиришимиз ва араб сиёсий элитасини етилтиришимиз керак, шунда демократия ўз стратегик йўлига эга бўлади ўз ғоялари ва лойиҳаларини ифода этади.
Шу билан бирга, биз демократик жараённи унинг тўрт бузувчиси: “қаттиқ кучдан фойдаланиш, хато йўлдаги руҳонийлар, қабилачилик ва арзон сиёсий популизмдан” ҳимоя қиладиган кучли қонунчилик ва сиёсий тамойилларни ўрнатишимиз керак.

Муҳаммад ал-Авдат
Иорданиялик ҳуқуқшунос ва ёзувчи

Мақолаларда билдирилган фикрлар муаллифга тегишли бўлиб, таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.

Мавзуга алоқадор