05.12.2023 21:22
Исроил ўз фуқаролари учун бориш хавфли бўлган давлатлар рўйхатини янгилади
Исроил ҳукумати ўз фуқароларига саёҳатга бориш хавфли бўлган давлатлар рўйхатини янгилаб, исроилликларни зарурат бўлмаса, хорижий саёҳатларга чиқмасликка чақирди.
Рўйхатдаги Ғарбий Европанинг кўплаб давлатлари, жумладан Буюк Британия, Франция ва Германия, Жанубий Американинг баъзи мамлакатлари, хусусан Аргентина ва Бразилия, шунингдек, Австралия ва Россия учун саёҳат огоҳлантириш даражаси 2 га кўтарилган.
Бундан ташқари, Африканинг бир қанча мамлакатлари (жумладан, Жанубий Африка ва Эритрея) ва Марказий Осиё давлатлари (жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон) учинчи даражага кўтарилиб, зарур бўлмаган саёҳатларни қайта кўриб чиқиш тавсия қилинган.
Мамлакат Миллий хавфсизлик кенгашининг бу ҳақдаги баёнотида Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари туфайли "Дунё бўйлаб исроилликлар ва яҳудийларга қарши зўравонлик ҳамда антисемитизм кучайган"и маълум қилиниб, исроилликлардан саёҳатлари чоғида эҳтиёт чораларини кучайтиришлари сўралган.
Ушбу давлатларда айни пайтда бўлиб турган фуқароларга ҳам қўшимча эҳтиёт чораларини кўриш тавсия қилинган.
Бундан ташқари, баёнотда "намойиш ва норозиликлардан узоқроқ туриш, ҳушёр бўлиш ва атрофда рўй бераётган воқеаларга эътибор бериш" тавсия этилган ҳамда исроилликларга "Исроил ва яҳудий рамзларини очиқ кўрсатишдан қочиш" сўралган.