Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 197 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Босқинчилар Рафаҳ, Нусейрат лагери, Хон Юнис ва Дайр ал-Балаҳга ҳужум қилиб, кўп сонли болаларни ўлдирди. Бир кунда 42 киши шаҳид бўлди. Умуман олганда, уруш бошланганидан бери қурбонлар сони 34 минг кишидан ошди, 76 833 киши жароҳат олди.

▪️ Ғарбий Соҳилда ишғолчиларнинг Нур Шамс лагерига уюштирган ҳужуми натижасида бир бола ва Ал-Қудс бригадасининг Тулкармдаги батальони қўмондони ҳамда 7 нафар фаластинлик шаҳид бўлди. Лагерга ҳужум иккинчи кундан бери давом этмоқда. Босқинчилар лагерда сўнгги ўн йилликлардаги энг катта вайронагарчиликка сабаб бўлди.

▪️ Яҳудий босқинчиларининг Бағдоддаги халқ сафарбарлик кучлари ҳарбий базасига уюштирган ҳужуми натижасида бир киши ҳалок бўлди, бир неча киши яраланди. Бобилдаги Калси базаси ҳам зарбага учради.

▪️ Фашистлар таълими вазири Бен Гвир "қамоқхоналардаги гавжумликни камайтириш" учун фаластинлик маҳбусларни қатл қилишга чақирди.

▪️ 20 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулда Дўлмабоғча қароргоҳида ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания билан учрашади.

▪️ Истеъмолчиларни 7 тилда инсон ҳуқуқлари бузилиши, геноцид, атроф-муҳит ифлосланиши ва ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлгани учун дунё бўйлаб бойкот қилинган маҳсулот ва компаниялар ҳақида маълумот берувчи Boycott X иловаси ишлаб чиқилди.

▪️ АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Колумбия университети ҳудудида Ғазодаги геноцид ва Фаластин ишғолидан фойда кўраётган ширкатларга молиявий сармоя киритилишига қарши тинч ўтириш кўринишида намойиш ўтказган 100 га яқин талаба ҳибсга олинди.

▪️ АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида Украина (60,8 миллиард доллар) ва Исроилга (26,4 миллиард доллар) ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари процессуал овоз беришдан ўтди (ҳа - 316, қарши - 94 та овоз). 

Мавзуга алоқадор