17.04.2024 11:38

Бомбаланаётган Ғазо: 194-куннинг асосий воқеалари

Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 194 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Босқинчилар Рафаҳ, Нусейрат лагери, Дайр ал-Балаҳ, Шужая ҳудуди ва Магази лагерига ҳужум қилди. Магази ва Рафаҳда ҳалок бўлган 20 фаластинликнинг кўпчилиги болалардир. Уруш бошланганидан буён 33 843 киши шаҳид бўлди, 76 575 киши яраланди.

▪️ Ғарбий Соҳилда, Тубасда қаршилик жангчилари ва босқинчилар ўртасида шиддатли тўқнашувлар бўлмоқда. Босқинчилар Тулкарм, Байтлаҳм, Тубас ва Халилга бостириб кирди.

▪️ Ал-Қассам Бригадалари: Ғазо шимолидаги Байт Ханунда ишғол аскарларига ҳужум қилдик.

▪️ БМТ: Ғазода уруш бошланганидан бери 10 минг аёл, жумладан 6 минг оналар ўлдирилган, натижада 19 минг бола етим қолган.

▪️ Human Rights Watch: 2023 йил октябрь ойидан бери исроиллик кўчманчилар Исроил ҳукумати ва ҳарбийлари кўмагида Халил ва Рамаллаҳдан еттита фаластин жамоасини ўз уйларидан бутунлай қувиб чиқаришди.

▪️ Пайшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Жазоирнинг Фаластинни БМТ аъзолигига қабул қилишни тавсия қилувчи резолюция лойиҳасига овоз беради.

▪️ Эрон қуруқлик қўшинлари қўмондони Каюмарт Ҳайдарий: еримизга ҳужум қилган ҳар бир киши жазоланади. Сионистик тузилма ҳар қандай тажовузга жавоб бериш учун янги қоида жорий қилганимизни билиши керак. Сионист мавжудотнинг бизга қарши ҳар қандай ҳаракати шанба кунги операциядан кўра кўпроқ куч билан кутиб олинади.

▪️ Исроил армиясига тегишли учувчисиз учоқ Ливан жанубидаги Сур шаҳри Шаҳабия аҳоли пунктида 2 та автомобилга зарба бериши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Исроил армияси Ливан жанубидаги Айн-Баал шаҳрида Ҳизбуллоҳнинг минтақавий зобитларидан бири Исмоил Юсуф Баз ўлдирилганини эълон қилди.

▪️ Лондондаги St Bartholomews’s Primary School мактабида таҳсил олувчи 10 ёшли Амайя Ғазодаги болалар учун хайрия кампанияси уюштириб, 10 минг доллар тўплаб ва маблағларни Save the Children ташкилотига топширди.

▪️ Грециянинг собиқ молия вазири Янис Варуфакис: “Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб аташдан бош тортаётган Германия ҳақида гапирганим учун Германия Ички ишлар вазирлиги ўз мамлакатида ҳар қандай сиёсий фаолиятда қатнашишимни тақиқлади. Менга нафақат Германияга ташриф буюриш, балки Zoom орқали учрашувларда қатнашиш ҳам тақиқланди. Германия ҳеч қачон ўз айбини юва олмайди”.

▪️ 16 апрель куни Турк Қизил Ярим Ой жамияти (Kızılay) томонидан уюштирилган тўққизинчи гуманитар ёрдам кемаси Туркия жанубидаги Мерсин портидан Ғазо томон йўлга чиқди. Кема 3 774 тонна ёрдам олиб кетмоқда, бу ёрдам Мисрнинг Эл Ариш портига тахминан 40 соатда етиб бориши кутилмоқда.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.