26.07.2025 10:21
150
Башар Асадни қамаш учун берилган ордер бекор қилинди
Франция кассация суди 2025 йил 25 июлда Башар Асадни ҳибсга олиш ордерини бекор қилди.
Franceinfo нашрига кўра, Суриянинг собиқ президенти 2013 йил августида Шарқий Гута, Адра ва Доумадаги кимёвий ҳужумлар билан боғлиқ инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларга шерикликда айбланган.
Башар Асадни ҳибсга олиш ордери 2023 йилнинг ноябрида чиқарилган. Бироқ прокуратура бу ишни қайта кўриб чиқишга қарор қилган. Чунки халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, амалдаги давлат раҳбарлари, бош вазирлар ва ташқи ишлар вазирлари бошқа мамлакатлар судларида жиноий жавобгарликка тортилиши мунозарали ҳолат.
2024 йил июнь ойида Париж апелляция суди ордерни ўз кучида қолдирди. Аммо ҳозир Франциянинг олий суди прокурорнинг далилларини қўллаб-қувватлаган. Шу боис, Асадга нисбатан ҳибсга олиш ордери ҳақиқий эмас деб топилган.