Арманистоннинг Пашинян бошчилигидаги ташқи сиёсат ташаббуслари прагматикдир. Ереван Ғарб ёки Россия ўртасида танлов қилишдан кўра кўп қиррали ташқи сиёсат ёндашуви билан мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилишни кўзлаган.




2020 йил сентябрь ойида бошланган ва 44 кун давом этган 2-Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжон томонидан олиб борилган муваффақиятли сиёсат натижасида минтақадаги арманларнинг ишғоли тугатилди. Боку маъмурияти 1-Қорабоғ урушида йўқотган ҳудудларнинг бир қисмини ҳарбий, бир қисмини эса дипломатия йўли билан қайтариб олишга муваффақ бўлди. Ереван эса мағлубиятини қабул қилди. 2023 йил сентябрь ойида Озарбайжон армияси Қорабоғда фаолиятини давом эттираётган ноқонуний Арманистон режимига қарши аксилтеррор амалиёти билан минтақани тўлиқ назорат остига олди. Озарбайжон йиллар давомида босиб олинган ерларини озод қилар экан, Жанубий Кавказдаги статус-кво ҳам ўзгарди. Уруш ва мағлубият оқибатлари Арманистоннинг ички ва ташқи сиёсатига таъсир қилишда давом этмоқда.


Ереван сиёсатидаги мувозанатлар


2018 йилдаги “Бахмал инқилоб” деб номланган норозилик намойишлари билан ҳокимият тепасига келган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакатни коррупция ва эски услубдаги сиёсатдан халос этишни ваъда қилганди. Бироқ Арманистоннинг 2-Тоғли Қорабоғ урушида оғир мағлубиятга учрагани Пашинянни танқид нишонига айлантирди. Мухолифлар уни ваъда қилинган ислоҳотларни амалга ошира олмагани учун ҳам, Озарбайжонга қарши урушда мағлуб бўлгани учун ҳам танқид қилишда давом этишди. Мамлакатни мустақилликдан 2018 йилгача бошқарган “Қорабоғ клани” Пашинянни истеъфога чақириш орқали этник миллатчи мухолифатга етакчилик қилмоқда. 2021 йилнинг апрел ойида истеъфо беришга мажбур бўлган Пашинян 2021 йил июнь ойида бўлиб ўтган муддатидан олдин сайловларда 50 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонди.


Арманистон халқи учун урушдан кейин машҳурлиги пасайиб кетган Пашиняннинг яққол ғалаба қозониши муҳим эди. Бошқарувчилари Ғарбдаги арман диаспораси ва оммавий ахборот воситалари томонидан йиллар давомида манипуляция қилинган арманлар катта умидсизликни бошдан кечирдилар. Уларнинг Қорабоғдаги қарийб 30 йиллик ишғоли ўз ортида ўта муаммоли иқтисодиёт ва чет эл манбаларига қарам мамлакат қолдирди. Диаспора ва Россиянинг иқтисодий ёрдами йиллар давомида Арманистон ташқи сиёсатига раҳбарлик қилган бўлса, давом этаётган уруш иқтисодиёти арман халқининг турмуш тарзини қийинлаштирди. Шу сабабдан ҳам устидан коррупция билан боғлиқ маҳкама жараёни давом этаётган ва Москва томонидан қўллаб-қувватланган эски сиёсатнинг энг муҳим шахсларидан бири – Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочаряннинг сайланмагани арман халқининг янги ва тозароқ сиёсий бошқарув истагини намоён этди.


Арманистоннинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммоларнияхши англайдиган Пашинян туркларга нисбатан нафратга асосланган душманликни ўз ичига олган миллатчилик сиёсатига қарши. Шу сабабдан мамлакат сиёсатида этник миллатчи “Қорабоғ клани” билан уруш тарафдори ва минтақавий воқеликлардан узоқ бўлган арман диаспораси таъсирини синдиришга ҳаракат қилмоқда. 2020 йилдаги урушдан аввалги йилларда олиб борилган сиёсатни танқид қилган Пашинян Қорабоғдаги янги статус-квонинг Арманистон келажаги учун ижобийроқ эканини айтиб, жамоатчиликни ўзига жалб қилишга уринмоқда. Озарбайжон ва Туркия билан нормаллашувга муҳтож бўлган Ереван маъмурияти бу давлатларга қарши ҳудудий талабларни ўз ичига олган 1990 йилги Мустақиллик Декларациясини ва мамлакат конституцияни ўзгартиришни ҳам кун тартибига қўйди.


Ташқи сиёсатдаги ўзгаришлар


Арман халқининг истаги бўлган ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотларни ташқи сиёсатда тўғри қадам ташлаш орқали амалга ошириш мумкин. Дарҳақиқат, 2000 йиллардан буён миллий давлат қуришни кучайтириб, иқтисодиётини ривожлантирган Озарбайжон, ўзининг кўп томонлама ташқи сиёсати билан армиясини модернизация қилиб, ўзи билан Арманистон ўртасидаги кучлар мувозанатини ўзгартиришга муваффақ бўлди. Бу жараён ўз навбатида Ереваннинг мамлакатдаги Россия таъсирини синдиришга уриниши ва Ғарбпараст сиёсат олиб бориш даврини бошлаб берди. Мухолифатдалиги даврида Москвага қарши чиқишлари билан танилган Пашинян 2020 йилги урушдан кейин бу фикрларини янада аниқроқ амалга ошира бошлади. Айниқса, ўтган феврал ойида Арманистоннинг Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги (ОДКБ) иштирокини тўхтатиши мумкинлигини эълон қилиши Ереван ташқи сиёсатидаги “ўқ чизиқнинг ўзгариши” ҳақидаги мунозараларни кучайтирди.


2-Тоғли Қорабоғ уруши қадарини ўзгартирган энг муҳим омиллардан бири минтақадаги Туркия-Россия можароси бўлгани Пашиняннинг аргументларини Арманистон жамоатчилигида ҳам кучайтирди. Рус қуроллари ва технологияси билан таъминланган Арманистон қўшини, Озарбайжон қўшини ихтиёрида мавжуд бўлган турк қуроллари ва технологияси, айниқса, учувчисиз учар қурилмалар (УУҚ) ва учувчисиз қуролли учар қурилмалар (УҚУҚ) қаршисида ожиз эди. Дарҳақиқат, бу жараён Арманистонни ҳам қўшнилари билан алоқаларини тиклайдиган,  ҳам Ғарб билан муносабатларини яхшилайдиган кўп қиррали ташқи сиёсат яратишга ундади. Шу ўринда 2023 йил июн ойида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг қасамёд қилиш маросимида иштирок этган Пашинян Анқара билан муносабатларнинг нормаллашиши Арманистон учун энг муҳим омил эканини таъкидлади.


Ереваннинг ғарбпараст ташқи сиёсат ташаббусига энг кўп қизиқиш билдирган давлат Франция бўлди. Икки давлат ўртасида турли хил хавфсизлик шартномалари ва ҳарбий ёрдамлар бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Аслида бу яқинлашиш Франциянинг Озарбайжонга қарши очиқ сиёсат олиб боришига сабаб бўлди ва қисқа вақт ичида Боку-Париж муносабатлари ёмонлашди. Туркиянинг Африкада кучайиб бораётган таъсиридан безовта бўлган Франция, геосиёсий жавоб сифатида Жанубий Кавказдаги янги тенгламада ўз ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда, дейиш мумкин.


Айни пайтда Арманистоннинг Пашинян бошчилигидаги ташқи сиёсат ташаббуслари прагматикдир. Ереван Ғарб ёки Россия ўртасида танлов қилишдан кўра кўп қиррали ташқи сиёсат ёндашуви билан мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилишни кўзлаган. Арманистоннинг қўшниларига нисбатан қўйган ижобий қадамлари, албатта, ўз жавобини олади ва мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун муҳим имконият яратади. Бироқ ҳам ички мухолифат босими, ҳам Ереваннинг янги иттифоқчиларининг геосиёсий истаклари Жанубий Кавказда кутилаётган минтақавий тинчликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.


Бурак Чалишкан, 

Ёрк университети докторанти


Мақолаларда билдирилган фикрлар муаллифга тегишли бўлиб, таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.


Мавзуга алоқадор