19.02.2025 06:34
353

АҚШ ва Россия уруш бошланганидан бери илк бор музокара ўтказди. Ар-Риёддаги учрашув ҳақида нималар маълум?

Россия ва АҚШ делегациялари

Украинада уруш бошланганидан бери биринчи марта Саудия Арабистонида Россия ва АҚШнинг юқори мартабали расмийлари ўртасида расмий музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар расмий баёнотларидан келиб чиқадиган бўлсак, учрашувнинг асосий натижаларидан бири дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тўлақонли қайта тиклаш тўғрисидаги келишув бўлди.

Йиғилишда Россия томонидан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва президентнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков иштирок этди. Америка томонидан эса АҚШ давлат котиби (ташқи ишлар вазири) Марко Рубио, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолз ва Яқин Шарқ бўйича махсус элчи Стив Виткофф иштирок этди.

Шунингдек, Ар-Риёдда америкалик Марк Вогелни озод қилиш бўйича музокараларда иштирок этган Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев ҳам бор, бироқ у Дирия саройидаги музокаралар столида ўтирмаган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бир кун аввал учрашув “биринчи навбатда Россия-Америка муносабатларининг бутун мажмуасини тиклаш, шунингдек, Украина масаласини ҳал қилиш бўйича эҳтимолий музокараларга тайёргарлик кўриш ва икки президент ўртасидаги учрашувни ташкил этишга бағишланиши”ни айтганди.

Учрашувга Киевдан вакиллар таклиф қилинмади. Вашингтонда таъкидланганидек, Украина билан музокаралар бошқа босқичда бўлиб ўтади. Reuters агентлиги манбаларига кўра, АҚШ президентининг Украина бўйича махсус вакили Кейт Келлог Киевга жўнаб кетган.

Владимир Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина Россия ва АҚШ ўртасида Саудия Арабистонида Киев вакиллари иштирокисиз эришилган ҳеч қандай келишувни тан олмайди.

Зеленскийнинг ўзи Саудия Арабистонига 19 февраль, чоршанба куни келиши керак эди. Украина президентининг таъкидлашича, ташриф Яқин Шарққа сафари доирасида анча олдин режалаштирилган (душанба куни Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрган) ҳамда америкаликлар ва русларнинг Ар-Риёддаги учрашувига тўғри келган.

Бироқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан қўшма матбуот анжумани чоғида Зеленский Саудия Арабистонига ташрифини 10 мартгача қолдирганини айтди.

"Машаққатли йўлдаги биринчи қадам"

Путин ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, салкам беш соат давом этган музокаралар “ёмон бўлмаган”: делегациялар “барча масалалар бўйича жиддий суҳбатлашган”.

Ушаков, шунингдек, АҚШ ва Россия музокарачиларининг “алоҳида гуруҳлари” Украина бўйича “ўз вақтида” алоқаларни бошлашини маълум қилди, бироқ аниқ қачон бўлишини айтмади. Путин ва Трамп ўртасидаги учрашувнинг аниқ санаси ҳам номаълум, бироқ унга тайёргарлик кўриш делегациялар учрашувида муҳокама қилинган, деди Ушаков.

Bloomberg агентлиги унинг учрашув келаси ҳафта бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ҳисоботини шарҳлар экан, "Бу даргумон" деган сўзни қўшиб кетди.

Давлат департаменти, ўз навбатида, Лавров ва Рубио “икки томонлама муносабатларимизда безовта қилувчи омилларни бартараф этиш бўйича маслаҳатлашув механизмини яратишга” ва Украина масаласини ҳал қилиш бўйича ишларни бошлаш учун юқори даражали гуруҳларни тайинлашга келишиб олганини маълум қилди.

Бундан ташқари, улар иқтисодий ва сармоявий соҳаларда, шунингдек, умумий геосиёсий манфаатларга эга бўлган масалалар бўйича келгуси ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар, деди Давлат департаменти матбуот котиби Темми Брюс.

Рубионинг ўзи музокаралар якунида Украинадаги можарога барҳам бериш учун ишлаш “ёпиқ эшиклар ортида қийин ва шиддатли дипломатия”ни талаб қилишини, аммо якуний келишув шартлари барча томонлар, жумладан Украина, Россия ва “Европадаги шериклар” учун «мақбул» бўлиши кераклигини айтди.

Стив Виткоффнинг аниқлик киритишича, европаликлар Россияга қарши санкциялар киритганлари учун “бир нуқтада” музокаралар столига ўтиришлари керак.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолз, ўз навбатида, Трамп Украинадаги можарога "аввал кўрганимиздек" вақтинчалик эмас, балки бутунлай барҳам берилишини исташини ва бунга эришиш учун "жуда тез ҳаракат қилишга" қатъий қарор қилганини айтди.

"Бугун узоқ ва қийин, аммо муҳим йўлнинг биринчи қадамидир", деди АҚШ давлат котиби.

Рубио Associated Press агентлигига берган интервьюсида, шунингдек, АҚШ ва Россия Вашингтон ва Москвадаги элчихоналарда аввалги ходимлар сонини тиклашга келишиб олганини айтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров музокаралар натижаларини охирги бўлиб изоҳлади. “Биринчи ва энг долзарб нарса, - деди Лавров, - томонлар дипломатик ваколатхоналарнинг одатий фаолиятини тиклашга келишиб олдилар: имкон қадар тезроқ элчиларни тайинлаш, шунингдек, “дипломатик миссиялар йўлида кўп йиллардан буён тўсиқларни олиб ташлаш, уларнинг фаолиятини қийинлаштириб қўйиш”.

Қайд этиш жоизки, энг кўп россиялик дипломатлар АҚШдан кўпинча Трамп даврида, унинг биринчи президентлик даврида чиқариб юборилган. Дипломатик ходимлар сонини энг катта қисқартириш ташаббуси Путинга тегишли - 2017 йилда Москва америкалик дипломатлар ва Россиядаги дипломатик муассасалар ходимлари сонини 755 кишига, 455 нафарга қисқартирди. Владимир Путин ўшанда бу Вашингтон учун «сезгир» бўлишини айтган эди.

Лавров, шунингдек, томонлар Украина келишуви бўйича ишни бошлашга келишиб олганини тасдиқлади. “Биз [бу жараёнда] АҚШ вакил этиб тайинланганини билишимиз биланоқ, дарҳол «иштирокчимиз»ни белгилаймиз”, — дея аниқлик киритди у.

Бундан ташқари, Лавровнинг таъкидлашича, делегациялар “ҳамкорлигимиз тўлиқ тикланиши ва кенг йўналишларда кенгайиши учун шарт-шароит яратиш”, жумладан, дунёнинг турли ҳудудларидаги можаролар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, шунингдек, “ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик йўлидаги сунъий тўсиқларни олиб ташлаш”га келишиб олдилар.

Лавров журналистларга учрашувдан кейин Америка томони Москва позициясини яхшироқ тушуна бошлаганини таъкидлаган.

Айни пайтда, Fox News телеканали “кўплаб дипломатик манбаларга” таяниб, Россия ва Қўшма Штатлар Украинадаги урушни тугатиш режасини муҳокама қилмоқда, бу режа уч босқични ўз ичига олади: ўт очишни тўхтатиш, Украинада сайловлар ўтказиш, кейин эса тинчлик шартномасини имзолаш.

Россия ва Қўшма Штатлар Украинадаги сайловларни “келишув жараёни муваффақиятининг калити” деб ҳисоблайди, деди Fox News манбалари.

“Путин қўғирчоқ президент сайланиш эҳтимолини анча юқори деб баҳоламоқда, шунингдек, Украинанинг амалдаги президентидан бошқа ҳар қандай номзод янада мослашувчан ҳамда музокаралар ва ён беришларга тайёр бўлишига ишонч билдирмоқда”, — деди телеканал манбаларидан бири.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.