09.07.2024 08:59

АҚШ қўшинлари Нигердаги 101-ҳаво базасини тарк этди

АҚШ ҳарбийлари Нигер пойтахти Ниамей аэропорти яқинидаги 101-ҳаво базасидан ўз ходимлари ва ҳарбий техникаларини олиб чиқди. Бу ҳақда Reuters агентлиги икки давлат мудофаа вазирликларининг қўшма баёнотига таяниб хабар берди.

Нигерда тахминан 950 нафар Америка хавфсизлик кучлари хизмат олиб бораётган бўлса, уларнинг 766 нафари мамлакатни тарк этди. Мамлакат марказий қисмидаги Агадезда жойлашган қиймати 100 миллион доллар бўлган учувчичиз учоқлар базасида ҳарбий хизматчиларнинг охирги гуруҳи мамлакатда қолмоқда. Уларнинг сентябрь ўрталаридан олиб чиқилиши кутилмоқда. Америкаликлар олиб чиқиб кетган қурол-яроғларнинг оғирлиги 1590 тоннадан ошади.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-майори Кеннет Экман жума куни 201-ҳаво базаси деб аталадиган мазкур база қуролланган гуруҳлар ҳақида муҳим разведка маълумотларини тақдим этаётганини таъкидлаб, бу ердаги қўшинлар август ойида олиб чиқилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Нигер ҳукумати АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик шартномасини бекорқилганди. Апрель ойида эса Нигердаги ҳукмрон хунта Қўшма Штатларга 1000 га яқин аскарини мамлакатдан олиб чиқишни буюрган ва бунинг учун 15 сентябргача муҳлат берди.

Апрелнинг ўзида 100 нафар россиялик ҳарбий мутахассис Нигерга етиб келди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.