ҲАМАС ва ФАТҲ Хитойда келишув имзолади
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ва Фатҳ партияси вакиллари Пекинда ўн йилликлар давом этган келишмовчиликни тугатиш ва Фаластин бирлигини мустаҳкамлаш бўйича келишувни имзолади, дея хабар бермоқда AP Хитой давлат матбуотига таяниб.
Хитойнинг
CGTN телеканали ижтимоий тармоқда 21 июль куни Пекинда Фаластин гуруҳлари
ўртасидаги музокаралар бошлангани, 22 июль куни эса ҲАМАС ва Фатҳ, шунингдек,
яна 12 та Фаластин ҳаракати вакиллари Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан
учрашгани ҳақида хабар берди.
Ван Йи
ҳужжат имзоланганини олқишлади ва шу орқали томонлар Ғазо секторидаги ҳарбий
ҳаракатлар тугаганидан кейин “муваққат миллий ярашув ҳукумати”ни тузишга
келишиб олишганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Ғарб ОАВлари.
Ал-Жазира
телеканалининг маълум қилишича, келишув Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлар
тугаганидан кейин Фаластин ҳокимиятини сақлаб қолишга қаратилган.
2007
йилнинг ёзида бир йил аввал сайловларда ғалаба қозонган ҲАМАС Фатҳни Ғазо
секторидан чиқариб юборди ва шундан бери анклавни бир ўзи бошқариб келмоқда. ҲАМАС
ва Фаластин миллий маъмурияти ўшандан буён бирлашиш бўйича бир неча бор музокаралар
олиб борган, аммо ҳеч бири натижа бермаган эди.
ҲАМАС
ҳаракати Хитой пойтахтида уч кун давом этган музокаралардан сўнг Фаластин
фракциялари ўртасида декларация имзоланганини тарихий воқеа деб атади.
Ҳужжатни
имзолаш маросимида ҲАМАС делегацияси аъзоси Муса Абу Марзук эришилган келишув
Фаластин ичида тўлиқ ярашиш йўлидаги муҳим қадам эканини айтди.
“Биз Фаластин масаласида мисли кўрилмаган ёрдамни кўряпмиз.
Бугун биз Фаластин фракциялари билан миллий ярашув мулоҳазалари асосида келишув
ҳужжатини имзолаяпмиз. Дўстлар, бу тарихий лаҳза”, — дея таъкидлади Марзук.
Кейинги қадам декларация қоидаларини амалга ошириш бўлиб, у
ярашув жараёнини якунлайди ва пойтахти Қуддус бўлган мустақил Фаластин
давлатини яратади, дея қўшимча қилди ҲАМАС вакили.
ҲАМАС барча Фаластин фракциялари вакиллик қиладиган умумий
ҳукумат яратиш тарафдори.