04.04.2024 11:31

Амалдорлар Москвадаги мусулмонларга ҳайит намозини уйда ўқишни тавсия қилмоқда

Москва шаҳар Миллий сиёсат ва минтақалараро алоқалар бошқармаси Москвадаги мусулмонларга Рамазон ҳайити намозини уйда ўқишни тавсия қилмоқда. Бу ҳақда Islam News бошқарма раҳбари Иван Петровнинг Россия пойтахти округлари маъмуриятлари раҳбарларига йўллаган хатига таяниб хабар қилди.

Хатда 10 апрель куни эрталаб ўтган йилларда байрам намози ўқилган олтита жой - тўртта масжид (Москва жомеъ масжиди, Тарихий, Мемориал ва “Ярдям”) ва иккита муқобил майдон («Сокольники» маданият ва истироҳат боғи ва “Москва” Техник спорт маркази)да мусулмонларнинг оммавий равишда йиғилиши кутилаётгани қайд этилган.

Бошқарма бошлиғи тегишли ташкилотлар орқали намозхон мусулмонлар Москва шаҳри ҳудудида жорий этилган чекловлар, пойтахтдаги масжидлар ва ибодат жойларидан жонли эфирлар ташкил этилиши тўғрисида хабардор қилинаётгани таъкидлаган.

“Мусулмонларга байрам намозини уйда ўқиш тавсия этилади […] Марказий Осиё минтақаси давлатларидан келаётган хорижлик фуқароларни хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади”, — дейилади ҳатда.

Таъкидлаш жоизки, Ислом дини талабларига кўра, Рамазон ва Қурбон ҳайити намозлари тегишли жойларда жамоат бўлиб ўқилади.

Хатда бошқарма бошлиғининг ҳайит намозини уйда ўқишни тавсия қилиш сабаби келтирилмаган. Бироқ, эслатиш жоизки, “Крокус Сити Холл”даги қўпорувчилик ҳаракатидан сўнг Россияда барча турдаги оммавий тадбирларини ўтказиш тақиқланган эди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.