03.03.2025 10:04
279
Афғонистонда 650 нафар талаба қиз Ислом илмлари мактабини тамомлади
Афғонистон Ислом Амирлигида Қобул Ислом илмлари мактабини бу йил 650 нафар талаба қиз тамомлади. Бу ҳақда ToloNews хабар берди.
Диний мактаб раҳбарининг сўзларига кўра, бу йилги битирувчилардан 54 нафари Қуръонни ёд олган бўлса, 86 нафари Олий исломшунослик бўлимининг таржима ва тафсир йўналишини, қолганлари эса Қуръон ва қироат йўналишини тамомлаган.
Талаба қизлар диний таълимдаги ютуқлари билан чекланиб қолмасдан, бошқа соҳаларда ҳам илм олмоқчи эканини айтиб ўтишган. “Диний фанларни тамомлашнинг ўзи биз учун катта бахт, аммо бошқа соҳаларда ҳам юксалишни истаймиз”, деган битирувчилардан бири.
Маълумот учун, ушбу тадбир таълим даргоҳида ўтказилган тўртинчи битирув маросими ҳисобланади. Ҳозиргача мазкур таълим муассасасини 1200 нафар қиз битирган.