15.08.2024 09:53
Афғонистон америкаликлар кетганининг 3 йиллигини парад билан нишонлади
Чоршанба, 14 август куни Афғонистонда Америка қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетганининг уч йиллиги муносабати билан ҳарбий парад бўлиб ўтди. Тадбир йигирма йил давомида Толибонга қарши АҚШ бошчилигидаги операцияларда асосий таянч бўлиб хизмат қилган собиқ Багром базасида бўлиб ўтди.
Багром паради Толибон 2021 йил августида мамлакат устидан назоратни қайта тиклаганидан бери Толибоннинг энг йирик тадбири бўлди. Толибон дунёнинг энг қудратли икки державаси – СССР ва АҚШ бошчилигидаги Ғарб қўшинларидан олинган ҳарбий техникалар, шу жумладан, вертолёт ва қирувчи самолётлардан фойдаланди.
Афғонистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам шундай парадлар ва байрам кортежлари бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистон Толибон ҳаракати 2021 йилнинг 15 августида АҚШ қўллаб-қувватлаган ҳукумат қулаб, унинг етакчилари мамлакатни тарк этганидан сўнг Афғонистон пойтахти Кобулни эгаллади. Юбилей афғон календарига кўра бир кун олдин нишонланади.
Хавфсизлик ва кўкнори назорати соҳасидаги ютуқларга қарамай, мамлакат қатор муаммоларга дуч келишда давом этмоқда. Афғонистон ҳукумати бошқа ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган.
Июнь ойи бошида Қозоғистон ҳукумати Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб қилиш мақсадида Толибон ҳаракатини террорчилар рўйхатидан чиқарди, июль ойида эса Россия президенти Владимир Путин Толибон ҳаракатини терроризмга қарши курашда Россия иттифоқчиси деб атади.