27.12.2023 08:52

Афғон ёшлари харажатларни тежаш учун оммавий никоҳ маросимида турмуш қуришмоқда

Афғонистонда 50 нафар жуфтлик анъанавий тўй учун катта харакат қилишдан қочиб, оммавий тўй маросимини ўтказди, дея хабар бермоқда BBC.

Бўлажак келинлар алоҳида қанотда кўздан узоқда сақланган ҳолда ўтиришган ва меҳмонлар олдида кўриниш беришмаган, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.

Кобулдаги тадбир хайрия ташкилоти томонидан ташкил этилган бўлиб, янги турмуш қурганларга оилавий ҳаётларини бошлашлари учун гилам ва маиший техника каби буюмлар ҳам тақдим этган.

Камтарона маросимда Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги вакили сўзга чиқди.

“Толибон” ҳукумати 2021 йил августида ҳокимиятга қайтганидан буён қўшиқ ва рақсни тақиқлагани сабабли тўйда Қуръон ўқилган.

Сўнгра келин-куёвлар тасма ва гуллар билан безатилган машиналарда кузатиб қўйилган.

18 ёшли Руҳуллоҳ Резайи AFP ахборот агентлигига бир ўзи тўй ўтказишга қурби етмаслигини тушунтирди.

“Анъанавий тўй бизга камида 200-250 минг афғонга (2800-3600 доллар) тушади, лекин бу сафар 10-15 минг афғонга тушади... Ҳар икки оиладан жами 35 кишини таклиф қилдик, одатда эса 300-400 киши келар эди”, - дейди у.

Агентлик маълумотларига кўра, Ғор вилоятидан бўлган бу йигит мардикорчилик қилади ва кунига 350 афғон топади.

Агентликнинг қайд этишича, тўй қилиш харажатлари аксарият кўпчилик учун катта бўлгани сабабли ёшлар узоқ вақт давомида турмуш қуришга қийналиб юришади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.