19.11.2024 14:47
Абхазия президенти истеъфога чиқди
Абхазия президенти Аслан Бжания мухолифат билан музокаралар якунига кўра истеъфога чиқди. Бжания парламент спикери Лала Ашубага йўлланган тегишли баёнотни Абхазия президенти матбуот хизмати эълон қилди.
“Мамлакатда барқарорлик ва конституциявий тузумни сақлаш мақсадида, Абхазия Республикаси Конституциясининг 65-моддасига мувофиқ, мен Абхазия Республикаси президенти лавозимидан истеъфога чиқаман”, — дейилади ҳокимият ва мухолифат ўртасидаги кўп соатлик музокаралардан сўнг Бжания имзолаган ҳужжатда.
Имзоланган ҳужжатга кўра, 19 ноябрь куни ҳукумат бинолари ҳудуди ва мажмуаси ичкарисида тўпланган намойишчилар тарқаб кетиши керак. Агар ушбу бандга риоя қилинмаса, президент Бжания ўз истеъфосини қайтариб олади.
Абхазия президенти вазифасини вице-президент Бадра Гунба бажаради, у республика бош вазири Александр Анквабни лавозимидан озод қилади ва мазкур лавозимга Валерий Бганбани тайинлайди.
Маълумот учун, Абхазияда Россия ва Абхазия ўртасидаги сармоявий келишувдан норозилик сабабли бир ҳафтача олдин норозилик намойишлари бошланган эди.
15 ноябрь куни парламент депутатлари Россия билан инвестиция шартномасини ратификация қилиш лойиҳасини қабул қилишлари фонида Абхазияда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Мухолифатга кўра, ҳужжатнинг ратификация қилиниши Абхазиядаги ўрта ва кичик бизнесга салбий таъсир қилади ва россиялик ишбилармонларга туристик объектлар қуриш имкониятини беради. Намойишчилар президентни лавозимни тарк этиб, муваққат ҳукумат тузишни талаб қилишди.