29.12.2023 08:30

24 соатда 8 млн ироқлик террорга қарши кураш учун ариза топширди

24 соат ичида 8 млн га яқин ироқлик Террорга қарши кураш агентлигида шартнома асосида аскар сифатида ишлаш учун ариза топширди, дея хабар бермоқда Independent. Сешанба куни муассасанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ушбу иш учун аризалар қабул қилинди.

Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи генерал-майор Карим ат-Тамимий Ироқнинг ал-Ироқия расмий телеканалига берган баёнотида: “Иштирок этишни хоҳловчилар учун бадалсиз ариза топширишлари мумкин бўлган интернет саҳифаси очилди. Дастлабки бир неча соат ичида тахминан 8 млн киши мурожаат қилди. Исмлар электрон шаклда юборилди. У тартибланган бўлади ва шартларга жавоб берадиган ҳар бир киши учун имкониятлар бўлади", - деди.

Статистик маълумотларга кўра, Ироқ аҳолиси тахминан 42 млн, ёшларнинг аҳолига нисбати эса 30 фоиз атрофидани ташкил этади.

Ишга қабул қилиш ҳақидаги эълон муассасанинг собиқ директори Абдулвеҳҳоб ал-Саидий ишдан бўшатилганидан икки ой ўтмасдан эълон қилинди. Яқинда Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданий Саидий ўрнига ат-Тамимийни тайинлади.

Айримлар Терроризмга қарши кураш агентлигида ишлаш учун ариза топширганларнинг кўп экани Ироқ меҳнат бозоридаги имкониятларнинг пасайиб бораётганидан далолат беради, деган фикрни билдирган. Бироқ Ироқ Режалаштириш вазирлиги матбуот котиби Абдул Заҳра ал-Ҳиндавий бу изоҳга қарши чиқди ва “Уларнинг аксарияти аллақачон бошқа ишларда ишлаётганлар”, - деди.

Маълумот учун, 2003 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция терроризмга қарши кураш ниқоби остида Ироққа бостириб кирганидан буён мамлакат, айниқса унинг шимолий ҳудудлари турли террористик гуруҳларнинг уясига айланди. Бир сутка ичида 8 млн ироқликнинг бу ҳаракатга қўшилишга ариза бергани мамлакат аҳолисининг терроризмдан чарчаганидан ҳар дарак беради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.