04.06.2025 07:23
67
Мусофир ҳамда вояга етмаганларга қурбонлик қилиш мумкинми?
Фуқаҳолар қурбонлик сўйиш мусулмон, ҳур, балоғатга етган ва муқим бўлиб, нисобга эга бўлган кимсага вожиб бўлишида иттифоқ қилганлар.
Ушбу мақолада ўзи мусулмон, ҳур, балоғатга етган ва нисобга эга бўла туриб Қурбон ҳайити кунларида сафарда бўлган кимса билан вояга етмаган кимсанинг қурбонлик қилиш ҳақида сўз юритамиз.
Биринчи бўлиб мусофир кимсанинг қурбонлик қилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, Ҳанафий мазҳабига кўра, мусофир кимса учун қурбонлик сўйиш вожиб эмас. Чунки Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар сафардаликларида қурбонлик сўймас эдилар. Бу борада Алий розияллоҳу анҳу “мусофир кимса учун жума намози ҳам, қурбонлик сўйиш ҳам йўқ”, деб айтганлар. Чунки сафарда қурбонлик сўйиш инсонга бир қатор машаққатларни юклайди. Қолаверса, ушбу ибодатлар махсус вақтларда адо этилганлиги сабабли вақти ўтиб кетгач уни бажаришнинг имкони ҳам бўлмайди. Шу сабабли шариатимиз мусофирдан машаққатни аритиш мақсадида ундан жума намозини ўқиш ва қурбонлик сўйишни талаб қилмайди.
Мусулмон, ҳур, муқим ва нисоб эгаси бўлса-да, ҳали балоғатга етмаган кимсанинг қурбонлик сўйишига келсак, Ҳанафий мазҳабига кўра, балоғатга етмаган кимсанинг қурбонлик сўйиши вожиб эмас, мустаҳаб амал ҳисобланади.
Агар ота вояга етмаган боласининг номидан қўрбонлик қилмоқчи бўлса, қурбонликни боласининг пулидан эмас, ўзининг пулидан сўяди.
Ваҳба Зуҳайлийнинг "Ислом фиқҳи ва унинг далиллари" китоби асосида тайёрланди