“Мусулмон аёлнинг пардоз китоби" – "Зийнат" сўзининг асл маъноси ва унинг шаръий асослари
БИРИНЧИ ФАСЛ
Зийнат сўзининг асл маъноси ва унинг шаръий асослари
Зийнат таърифи.
Зийнатнинг шаръий далиллари ва қоидалари
Зийнат турлари
“Зийнат” сўзи луғатда ҳар қандай чиройли нарсага нисбатан ишлатилиб, бирор нарсани гўзал қилиш маъносини ҳам ифодалайди.
У хунукнинг антоними бўлиб, диний ва маданий тантаналарга ҳам нисбатан ишлатилади.
Азҳарий зийнатни шундай таърифлаган:.
“Зийнат” деб барча чирой берадиган ва инсонга чиройли кўрсатилган нарсаларга нисбатан айтилади. Масалан, зийнатли кун, дейилса, бундан байрам кунларини тушуниш мумкин”, деб таърифлаган.
Истилоҳда эса, луғавий маъноси билан бирга, инсонга хуш кўрсатилган тантаналар, маданий тадбирларга нисбатан ҳам ишлатилади.
Уламолар унинг луғавий маъносига таяниб, шундай таърифлаганлар:
“Зийнат – гўзаллашиш, аслий мавжуд нарсага зиёда қўшиб, безак бериш”, дейдилар.
Зийнат қисқача айтганда, уч хил бўлади:
Нафсий зийнат – илм ва гўзал эътиқод. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Бу, Аллоҳ томонидан фазл ва неъматдир. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир” (Хужурот, 8-оят).
Баданий зийнат – кучли бўлиш, узун бўйли бўлиш ва шу каби инсоний чиройлар.
Ташқи зийнат - бу мол-мулкнинг кўп бўлиши, шон-шуҳрат ва бошқалар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Ҳаёти дунёни хоҳлайдиганлар: “Қани энди бизга ҳам Қорунга берилган нарсадан бўлса эди. Ҳақиқатан, у улуғ насиба эгасидир”, дедилар.” (Восос, 79-оят)
Зийнат ҳақидаги юқоридаги таърифлардан келиб чиқиб, у инсон безаниши мумкин бўлган барча гўзал нарсаларга нисбатан ишлатилиши, ички ва ташқи, халқий ва хулқий гўзал сифатларнинг барчасини қамраб олишини хулоса қилиш мумкин.
ИККИНЧИ БЎЛИМ
Зийнатланишнинг машруълиги ва унинг меъёрлари
Биринчи қисм.
Қуръони каримдан далиллар
Қуръони каримнинг кўплаб жойларида зийнатва зийнат либоси ҳақида оятлар ворид бўлган. қуйида мана шулар ҳақида муфассал тўхалиб ўтамиз.
“Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратларингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар, Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки, эсласалар” (Аъроф, 26-оят).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти карима орқали Бани Одамга қилган мурожаати бошида уларнинг авратларини ёпадиган либосларни пайдо қилиб қўйганини, уни тайёрлаш учун пахта, каноп, ипак, жун ва бошқа хомашёлар туширганини таъкидламоқда. Инсонлар мана шу орқали ўзларини ясантирадилар, гўзаллаштирадилар. Шу билан бирга, ушбу хитоб орқали сатри авратда бўлиш ҳам ваҳий қилинмоқда. Авратни ёпадиган либослар ҳам чирой ҳисоланиб, унда бир қанча илоҳий ҳикмат ва мақсалар бор. ушбу оятда инсон либос тикиш воситаларига эга қилингани, тақво талабида бўлиши ва Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қилиши лозимлиги таъкидланади.
Аллоҳ таоло Қуръонда: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг” (Аъроф, 31-оят), У зот бу оятда нафақат мусулмонлар, балки, барча Одам фарзандларига хитоб қилиб, масжидлар олдида зийнат либосини олишга ва у билан авратларини тўсишга амр қилган. Мана шу инсоний либослар унинг обрўсини ҳимоя қилади, жамиятда тутган ўрнини, бошқа жонзотлардан ажралиб туришини таъминлайди.либос – ўз доирасида зийнат турларидан бири бўлиб, шаръий зийнатланиш қонунлар асосида таъкидланган.
Бошқа бир оятда: “Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?”- деб айт”, (Аъроф, 32-оят) деб марҳамат қилган.
Ушбу оят тафсирида Шавканий раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул-Қодир” асрида шундай дейди: “Ояти карима зийнат – бу инсон ороланиши мумкин бўлган либос ва мубоҳ бўлган ва у ҳақида бирор қайтариқ ворид бўлмаган маъданлар эканини баён қилиб келмоқда. Қимматбаҳо тошлар, Аллоҳ таоло ҳаром қилмаган матолардан бўлган либосларни ишлатишда ҳеч бир зарари йўқ. Мусулмон киши учун шаръан ман қилинмаган ва зийнат сирасига киритилган ҳар қандай нарса билан ясанишининг зарари йўқ”.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Зебу-зийнат ичида ўстирилган ва хусумат пайтида очиқ-ойдин бўла олмайдиган кимсаними?” (Зухруф, 18-оят)
Ушбу ояти карима кофирларнинг Аллоҳнинг қизлари бор, деган манфур даъволарига инкор ўлароқ нозил бўлган. Шубҳасиз, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу иддаолардан улуғ ва буюкдир. Бундан ташқари, оятда зийнатнинг аёллар учун машруъ экани ҳам таъкидланмоқда, аёл кишининг зийнат турларидан бўлган тақинчоқ ва безакларга қизиқувчан қилиб яратилганиа ҳам ишора қилинмоқда.
Аллоҳ таоло “Нур” сурасида: “Мўминаларга айт: кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар кўриниб турган зийнатлар бўлса (майли)”, (Нур, 31-оят) деб амр қилган.
Замахшарий “Кашшоф” асарида ушбу ояни қуйидагича тафсир қилган: “Оятдан маълум бўлади-ки, ҳар қандай тақинчоқ ва безак билан ороланиш аёлнинг ҳақларидан биридир. Аммо, шарти шуки, аёл буларни маҳрамлари ва эридан бошқага кўрсатмасин. бу иш унга ҳалол бўлмайди”.
Мана шу оят зийнатнинг шариатга киритилиши бир қанча қоидалар асосида бўлса-да, аслида аёллар учун жорий бўлганига далолат қилади.