“Мусулмон аёлнинг пардоз китоби" (2-қисм)
Орадан вақтлар ўтиб, рисолат замони – саодат асри бошланди. Бу асрда ҳам аёллар ҳануз зийнатлари билан овора, уни сақлаш, ҳар қандай йўл ва воситалар билан бўлмасин, намойиш қилишда давом этар эдилар.
Ана шундоқ бир вазиятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатни келтириб, аёлларнинг бундай адашиш ва ғафлат зулматидан ҳидоят нурига олиб чиқдилар.
Бу даврда ҳам муслималар ўз зеб-зийнатларига эътиборли эдилар, аммо бу иш муайян меъёрларга мувофиқ амалга оширилар эди. Улар зийнатланар эдилар ва бу иш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг кўрсатмаси асосида бўлар, Унинг Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар, ва “Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” , деган амрига бўйинсунган ҳолда уни бекитар эдилар.
Жоҳилият асри ўз номи билан жоҳиллар замони эди. Пайғамбаримизнинг рисолатлари келмай туриб аёлларга шумланиб, нафрат ва таҳқирона назар билан қарашар эди. Ҳаммадан ҳам ёмони, бу муносабатни аёлларнинг ўзи ҳам табиий ҳолдек қабул қилишган. Ислом келгач, улардан бу хорликлар кўтарилди, аёллар бошнинг тепасидан оёқнинг товонигача бекитиб юриш билан ўзларида бошқача бир роҳатни ҳис эта бошладилар. Муслималар бошларига ёпинчиқлар ташладилар, эгниларига кенг-мўл либослар илдилар ва янада роҳатни туйиш, эмин-еркин юриш мақсадида, паранжи ҳам ёпинишди. Аллоҳнинг амрларини гўзал қилиб бажаришга ҳарис аёллар буларга қўшимча тарзда, юзларини фақат кўзлари кўринадиган қилиб чашмбанд билан ҳам тўсиб олдилар
Жоҳилият асрида ҳам аёллар бошларига рўмол ташлаб юрар эдилар, аммо у очиқ кўксиларини, зийнатларини беркитмас, аксинча, уларни янада кўз-кўзлаб қўяр эди. Аллоҳ таоло аёлни Ислом ила азиз қилгач, у фикр қоронғулигидан, ҳидоят нурига чиқди. Неча асрлардан буён кийиб юрган либосларида фақат битта нарса – рўмол ва чачвоннинг ўралиш услуби ўзгарди. Илгари жоҳилият асрида рўмоллар орқага ташлаб қўйилган бўлса, рисолат асрида унинг учлари кўксини тўсиб турадиган бўлди. Либослар ўзгаргани билан аёлнинг шаъни таҳқирланмади. Унинг кўриниши ташқи чиройдан кўра мукаммал ва яхшироқ бўлган маънавий гўзаллик билан уйғунлашди. Бу гўзаллик Аллоҳ таолонинг чақириғига лаббай дейиш ила янада мукаммаллашди.
Қуйида саодат асри аёлларининг кийиниш услублари ҳақидаги ҳадислардан намуналар келтирамиз:
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Оиша розияллоҳу анҳо узун, кенг кўйлак ва рўмолда намоз ўқир эдилар”, деган.
Маймуна розияллоҳу анҳонинг қарамоқларида улғайган Убайдуллоҳ ибн Асвад Хавлонийдан ривоят қилинади: “Маймуна розияллоҳу анҳо кенг ва узун кўйлак ҳамда рўмол билан намоз ўқир эди. Устида изори бўлмасди”, деб ривоят қилади.
Ҳишом ибн Урва нинг отасидан бир аёл фатво сўраб: “Менга изорнинг ипи қийинчилик пайдо қилади. Шунинг учун фақат узун кўйлак ва рўмолда намоз ўқисам бўладими?” дегани ва отасининг: “Ҳа, агар кўйлагинг кенг ва оёқни ёпадиган даражада узун бўлса”, деганини ривоят қилган.
Аёл киши ипак, пахта, канопдан тўқилган қора, қизил, кўк, оқ ва сариқ рангли матолардан кўйлак кийиши жоиз.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга йўл-йўл чизиқли ипак аралаштириб тўқилган кийим ҳадя қилдилар. Уни кийиб чиққан эдим, Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида ғазаб пайдо бўлганини кўрдим. Шунда уни қирқиб аёлларимга улашдим”.
Анас ибн Моликдан: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумнинг устига йўл-йўл чизиқли ипак бурда ёпиб қўйилганини кўрганман”, дегани ривоят қилинади.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан: “Аёлларга тилла ва ипак кийишга рухсат берилган”, деб “Зебу зийнат ичида ўстириладиган ва хусумат пайтида очиқ-ойдин бўла олмайдиган кимсаними?!” оятини ўқиганлари ривоят қилинади.
Маълумки, қиз бола нозик бўлади. Аёл табиатан зебу зийнатни севади. Шу боис у зебу зийнат ва безаклар ичида, авайлаб ўстирилади.
Ибн Аббос: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни чиқиб икки ракаат намоз ўқидилар. Бундан олдин ҳам кейин ҳам ўқимадилар. Кейин аёллар қошига бориб, садақа беришга буюрган эдилар., улар хурс – тилла ва кумуш узуклари, мунчоқларини садақа қила бошладилар”.
Ибн Ваҳб унга қўшимча қилиб: “У зот аёлларнинг қошига келиб, садақа беришларини амр қилдилар. Шунда улар фатах (кўзсиз, эркаклар узугга ўхшаш узук) ларини ва узукларини Билолнинг этагига ташлай бошлашди”.
Ибн Аббос: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга садақа қилишни амр этдилар. Мен уларнинг қулоқларига қўлларини узатиб, сирғаларини олаётганларини кўрдим”, деган.
Аёл киши тақинчоқларнинг ҳар қандай туридан фойдаланиши мумкин. чунончи: билакузук, холхол, узук, зирак, мунчоқ, тиллақош, дур, тилла занжир ва ҳоказо.
Бугунги кунда ҳам аёллар пардоз учун турли бўёқлар, сурма ва турлима-турли атирлардан, рангни оқартирувчи скраблар, румяналар, тоналний кремлар каби аёлни зийнатлайдиган, ранги кўриниб, ҳиди билинмайдиган воситалардан кенг фойдаланадилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Унинг қўлида бир сариқ доғ бор эди. У зот бу ниманинг доғи эканини сўрадилар. У бир ансория аёлга уйланганини айтди. У зот: “Унга қанча маҳр бердинг?”, дедилар. У: “Данакдек келадиган олтин”, деди. “Бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилгин”, дедилар”
Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳи Муслим” асарида видолашув ҳажи ҳақида келтирган бир ҳадисда: “Али ямандан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини ҳайдаб келди. Бу ерда у Фотиманинг эҳромдан чиқиб, бўёқли либос кийгани ва сурма қўйиб олганини кўрди. Али розияллоҳу анҳу бунга эътироз билдирган эди, Фотима розияллоҳу анҳо: “Буни мега отам буюрдилар”, деди.”
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинган ҳадисада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Яҳудий ва насоролар бўёқ ишлатмайдилар. Сизлар уларга хилоф қилинглар”, деганлари айтилган.
Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эркак кишини заъфарон ишлатиршдан қайтарганлари ҳақида айтганлар.
Юқоридаги қадимий либослар, зеб-зийнат ва пардоз ашёлари ҳақида мулоҳаза қилинса, аёллар бугунда ҳам чиройларини сақлашда улардан имкон қадар фойдаланаётганини кўриш мумкин. Аммо аёлларнинг бу борадаги шаръий қоидаларга риоя қилишлари ва эътиборлари асл ҳолида сақланиб қолганми?