14.11.2024 13:26
Самарқандда мактаб ўқувчиси зўрланди. Қонун амалдорга ишлайдими?
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни “Сукут сақлама” лойиҳаси даҳшатли воқеа ҳақида хабар берди: Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз бир гуруҳ шахслар томонидан зўрланган. Жабрланувчи 23 сентябрь куни ўғирлаб кетилган, зўравонлар қизни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурлаган. Орадан маълум вақт ўтгач, қариндошлари қиз йўқолгани ҳақида ариза ёзишган. Зўравонлик қурбони бўлган қиз орадан 13 кун ўтиб, 6 октябрь куни ёмон аҳволда топилади.
Худди шу куни жабрланувчи тегишли органларга бир неча шахс томонидан зўрлангани ҳақида ариза билан мурожаат қилади. Ачинарлиси, ариза юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатга Қўшработ тумани прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам алоқадорлиги аниқланган. Шундан сўнг, иш юритувчи вилоят прокурорининг тегишли буйруғи билан прокуратура органларидан ишдан бўшатилади. Шунга қарамай, лойиҳа қизга аризасини қайтариб олиши учун ҳар турли босимлар бўлаётганини ҳам қўшимча қилган.
Бу воқеа бизга ўтган йили Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйида 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларни узоқ вақт давомида зўрлаб келган амалдорларнинг енгил жазо билан қутилиб қолганини эслатди. Жамоатчиликнинг кескин танқидлари ва эътирозларига қарамай уларнинг "боши силанди". Суд ҳукми эълон қилинаркан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг жуда катта қисми ўз норозилигини билдирди. Улар ўз изоҳларида "оддий одамларга келганда ишлаган қонун ва жазо, амалдорларга келганда ишламаслиги"ни танқид қилишди. Мазкур ҳолат жамиятда ижтимоий нотенгликни юзага келтираётгани айтилди.
Бундай жирканчликларнинг аслида қонун устуворлигини таъминлаши керак бўлган шахслар томонидан содир этилаётгани янада хавотирли. Бу халқнинг тизимга бўлган ишончсизлигини кучайтириши шубҳасиз. Энг ёмони, юқорида тилга олингани каби, жиноят содир этган амалдор, айниқса куч ишлатар тизимлари ходимларига нисбатан енгил жазо тайинланиб, оддий аҳоли вакилларининг энг оғир жазоларга тортилиши жамиятдаги барча мувозанатларга салбий таъсир кўрсатади. Аслида жиноят ким томонидан содир этилганидан қатъи назар, барча қонун олдида тенг бўлиши лозим. Зеро, қонун устуворлиги – адолат мезонининг муҳим шарти ҳисобланади. Қонун устувор бўлмаган жамиятда эса, адолат ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Яна бир гап. Ислом келишидан аввал, жоҳилият давридаги араблар (ва бошқалар) орасида ҳаттоки улар ноҳақ бўлсалар-да, мунозарали вазиятларда ўз қариндошлари ва қабиладошлари томонидан исталган усулда ҳимоя қилинишига ўхшайди. Ислом эса ҳар бир кишини ҳақиқат томонида бўлишга мажбур қилди, ҳаттоки бу унинг ўз манфаатига зид бўлса ҳам.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
"Қурайшликларни ўғрилик қилган Махзумиялик аёлнинг шаъни ташвишга соларди. Улар у аёл ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради, дейишди.
Сўнгра, бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари Усомадан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди, дейишди. Усома У зот алайҳиссаломга бу ҳақда гапирди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: "Аллоҳ белгилаган жазолардан бир жазода шафоатчилик қиласанми?!" дедилар.
Сўнгра туриб хутба қилиб: "Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам албатта қўлини кесаман", дедилар. Буйруқ ижро этилди.
Мусулмонлар учун адолат ўрнатишда "ўзиники" ва "бегона"га, "бой" ва "камбағал"га ажратиш бўлмаган.
Тўғри, Ўзбекистон - дунёвий давлат ва ҳукмлар дин мезонлари асосида чиқарилмайди. Аммо адолат нуқтаи назаридан ҳам мавжуд қонунлардаги мезонларга амал қилинса, шунинг ўзи кифоя. Акс ҳолда жамиятда нотинчлик ва беқарорлик вужудга келади. Бунинг оқибати оғир бўлиб, бадалини ҳамма бирдек тўлайди.