Фото: Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳсли чегаранинг яна 1,1 километрини келишиб олди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёнотида сўз боради.

Баёнотга кўра, икки давлат ишчи гуруҳлари мамлакат шимолидаги Сўғд вилоятининг Бўстон шаҳрида йиғилиш ўтказган. Гуруҳлар дала ўрганишларидан сўнг яна 1,1 километрлик умумий чегара ҳақида келишиб олганлар ва бу борада протокол имзоланган.

«Кактус.Медиа» нашрининг маълум қилишича, эришилган келишувга мувофиқ 11-18 февраль кунлари Тожикистоннинг Сўғд вилояти Бўстон шаҳрида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматларининг қирғиз-тожик давлат чегарларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича делегацияларининг ҳуқуқий масалалар бўйича ишчи гуруҳлари ҳамда топографик ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.

Томонлар Қирғизистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда икки давлат ўртасидаги баҳсли чегаранинг бошқа қисмлари устида ишлашни давом эттиради.

Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги 972 километрлик умумий чегаранинг 889,45 километрлик қисми ёки тахминан 90 фоиз қисми бўйича келишувга эришилган. Охирги марта томонлар Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида 30 январь- 5 февраль кунлари учрашиб, қўшимча 3,71 километр чегара бўйича келишувга эришган ва протокол имзолаган эди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегарадаги келишмовчиликлар туфайли вақти-вақти билан кескинлик ва можаролар юзага келиб турганди. Икки давлат ўртасидаги сўнгги можаро 2022 йил 14 сентябрда содир бўлган ва ҳар икки томондан ўнлаб инсонлар ҳалок бўлганди. 

Мавзуга алоқадор