Исроилнинг The Marker нашри Исроилдаги қурилиш ишларига ишчилар ёллаш учун Ўзбекистонга учиб келган Исроил расмий делегацияси “ҳеч кимсиз уйига қайтганини” ёзмоқда.

“Исроил Уй-жой қурилиши вазирлиги икки томонлама келишувлардан ташқари хорижий ишчилар олиб кириш квотасини 20 минг кишигача оширишни сўрамоқда. Қўшимча ишчилар сонини хусусий компаниялар орқали Уй-жой қурилиши вазирлиги ва Пудратчилар уюшмаси кўмагида олиб кириш режалаштирилмоқда. Исроилнинг ишчи кучини Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Шри-Ланка каби давлатлардан ишчи ёллаш тўғрисидаги келишувлар асосида тўғридан-тўғри уринишлари муваффақиятсизликка учради”, - деб ёзади нашр.

The Marker нашри Исроил делегацияси аъзоларига таяниб, маҳаллий ҳокимият идоралари турли бюрократик баҳоналар билан исроилликларнинг ишини фалаж қилиб қўйгани, ишчиларни ёллашга имкон бермаганини таъкидлайди.

Хабар қилинишича, Исроил расмий делегацияси ҳам Ҳиндистондан ишчиларсиз қайтган, ҳиндистонлик номзодлар Исроил пудратчилар уюшмаси имтиҳонидан ўта олмаган. Хусусий пудратчилар Ҳиндистонда 5400 ишчи ёллашга муваффақ бўлишган, бироқ улар қоғозбозлик туфайли келаси ойгача етиб бориши кутилмаяпти.

2023 йил 7 октябрдан кейин Исроил турли соҳаларда, жумладан, қурилиш соҳасида ишчиларнинг кескин танқислигига дуч келди. Аввалроқ, турли манбаларга кўра, Исроилда 76 мингга яқин фаластинлик қурилиш ишларига жалб қилинган. Шунингдек, урушдан олдин мамлакат фермер хўжаликларининг қарийб 20 фоизини ташкил этган фаластинлик ишчиларнинг киришини тақиқлади. Бундан ташқари, 10 мингга яқин хорижлик қишлоқ хўжалиги ишчилари, асосан, Таиланд фуқаролари Исроилни тарк этган. Исроилнинг Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Шри-Ланка билан икки томонлама меҳнат шартномалари бўйича музокаралар олиб боришга уринишлари турли сабабларга кўра муваффақиятсизликка учради.

2022 йил июль ойи охирида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати икки давлат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон фуқароларини меҳнат бозорининг айрим тармоқларида вақтинчалик ишга жойлаштириш тўғрисидаги битим имзолангани ҳақида хабар берган эди. 

Мавзуга алоқадор