“Озодлик”да куни кеча шу мавзуда кўрсатув чиқди. Албатта, улар мавзуни ўзларининг мақсад-муддаоларидан келиб чиқиб ёритишган. Шунинг учун кўрсатувда мадраса тизимини зимдан қоралашга, камситишга уриниш, мавжуд вазиятни ачинарли, ҳатто таҳликали деб баҳолашга мойиллик, расмийларнинг эътиборини жалб этишни кўзлангани сезилади. Зеро, Қирғизистоннинг янги раҳбарияти барча соҳалар қатори диний соҳани ҳам қатъий назоратга олишни кўзлаётгани сир эмас. Буни мамлакатда 16 ёшгача диний таълим олишини таъқиқлаш масаласи кўриб чиқилаётганидан ҳам билиш мумкин. Бу борада қўшниларидан ўрнак олишаётган бўлса, эҳтимол.

Кўрсатувда суҳбатдош бўлган Қирғизистон Дин ишлари бўйича Комиссияси собиқ бошлиғининг мадрасалар ва диний таълим борасидаги даҳшатли фикрларидан қўшнилардаги ҳамкасблари билан “битта мактаб”да ўқигани аён бўлиб турибди. Унинг иддаосига кўра республикада мадрасалар сони ҳаддан зиёд кўп, аслида ҳар бир вилоятда биттадан бўлса, етарли. Ҳозир у ерлардаги таълим жараёни назорат қилинмайди, бу эса аҳолининг турли радикал оқимларга аъзо бўлишини кучайтиради ва ҳоказо. Таниш жумлалар, шундайми? Яхшиямки, унинг ўрнига келган ёш мансабдорларнинг фикрлаши тубдан фарқ қилар экан. Бироқ бу жиҳатдан катта аҳолига эга қўшнилари ортда қолган, уларда ҳамон ўша “эски, таниш қўшиқ” айтилиб ётибди...

Кўрсатувдаги қўшилиш мумкин бўлган мулоҳазалардан бири мадрасаларда диний таълим билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилиши кераклиги. Бу – тўғри талаб. Аслида бу янглишликнинг илдизи илмни таснифлаш борасидаги мезонларнинг бузилишига тақалади. Аввалбошда илм бу илм эди, диний ва дунёвийга ажратилмаганди. Фақат номи бор эди: Калом, мантиқ, ҳадис, ҳандаса, фалакиёт, тиб, кимё каби. Илмнинг “бу диний, мана буниси дунёвий” дея иккига бўлиниши билан мусулмонларнинг таназзули ҳам юз бера бошлади.

Фикримча, ҳозир мадрасаларда ўқитиладиган фанлар баъзавий маълумотлар берадиган моҳиятда бўлиши керак. Бу таълим масканларида асосан, соғлом ақида, тўғри фикр ва уйғоқ виждонни тарбиялаш муҳим, айниқса, жамиятшунослик, тарих, сиёсатшунослик фанлари холис ёзилган манбалар асосида, албатта, ўқитилиши даркор. Айнан шу фанлар талабаларнинг соғлом исломий тафаккур эгалари бўлишини таъминлайди.  Талаба қизлардан бири тўғри таъкидлаганидек, аёл-қизлар жамиятнинг ярми, ўз ўрнида қолган ярмини тарбияловчиси. Шундай экан, бу мураббиялар келгуси авлодни тўғри исломий тафаккур билан тарбиялаши зарур, қолган ишларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан изига тушиб кетаверади.

Албатта, бу мулоҳазалар Қирғизистондаги мавжуд воқеликка тегишли. Бизда эса ишни яна ҳам бошланғич босқичлардан бошлаш талаб этилади. Зеро, бугунги кунда Ўзбекистонда 15 та диний таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Шулардан 13 таси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари. Яъни Тошкент олий Ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва 10 та ўрта махсус Ислом билим юрти, шундан 2 таси аёл-қизлар ўрта махсус Ислом таълим муассасасидир. Салкам 37 миллион аҳолиси бор Ўзбекистоннинг 94 фоизи мусулмон эканини ҳисобга олсак, исломий ўқув юртларининг сони жуда-жуда оз экан аён бўлади. Боз устига улардаги талабаларнинг қабул квотаси ҳам ўта кам. Мисол учун, Тошкентдаги “Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида бир йилда атиги 20 нафар талаба қабул қилинади. Талабаликка номзодлар эса 18 ёшга тўлган колледж, лицей ва 11-синфни тугатган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши керак. Мазкур талаб иккинчи аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти – Бухородаги “Жўйбори калон”да ўқимоқчи бўлганларга ҳам тегишли. Аҳоли зич яшайдиган ва диндорлик даражаси ҳам юқори бўлган Фарғона водийсида биронта ҳам аёл-қизлар мадрасаси йўқ...

Учта фандан тест ва оғзаки имтиҳондан муваффақиятли ўтган талаба анчагина қиммат шартнома пулини тўлаши керак. 2020-2021 ўқув йили учун Ўқув шартнома пули Степендияли   – 8.831.290 сўм, степендиясиз 7.631.290 сўмни ташкил этган. 2024-2025 ўқув йили учун бу сумма қанча бўлгани ҳақида билим юрти сайтидан маълумот топилмади. Бу ва бошқа барча мадрасаларда бирорта ҳам давлат гранти бўйича ўрин йўқ.

  Солиштириш учун: 7 миллионга  ҳам етмаган аҳолига эга Қирғизистонда 130 та исломий ўқув юрти расмий рўйхатдан ўтган. Улардан 34 таси аёл-қизлар мадрасасидир. 

Шу ўринда адолат юзасидан таъкидлаш керакки, биздаги ўрта махсус ислом билим юртларида дунёвий фанлар ҳам ўқитилади. Мисол учун, Бухородаги “Жўйбори калон” мадрасасида 2016 йил январь ойидан химия-физика лабаратория хонаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, 2017 йилда аёл-қизлар таълим муасасалари учун ўқув режалар такомиллаштирилган. Унга кўра, аёл-қизларни жамиятдаги интеграциялашувини ошириш максадида диний-махсус фанлар тизимида ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича соатлар кўпайтирилган. Жумладан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳуқуқий асослари, оила ҳуқуқи, оила психиологияси, ёш физиологияси ва гигиенаси, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш методикаси каби янги фанлар киритилган.

Аммо асосий муаммо барибир диний таълим муассасаларининг сони камлиги, борида ҳам қабул квотасининг ниҳоятда оз экани. Шунингдек, диний таълим олиш ёшини қайта кўриб чиқиш, яъни 18 ёшдан эмас анча олдинроқдан бошлаш зарур эканини бугун замоннинг ўзи тақазо қилиб турибди. Шунинг учун ҳам кўрсатувни кўпчилик миллатдошларимиз қизиқиб кўрди. Изоҳ қолдирганларнинг деярли ҳаммаси қўшнилардаги бу ҳолга ҳавас қилган, қўллаб-қувватлаган. Бу кўрсатувдан ва у ҳақидаги мулоҳазалардан диний таълимнинг, айниқса, аёл-қизларнинг диний таълим олиши нақадар муҳимлиги равшан бўлди. 

Булардан қуйидагича хулосалар олиш мумкин: бугун Ўзбекистонда умуман диний таълимга, жумладан, аёл-қизларнинг диний таълим олишига ўта кучли эҳтиёж мавжуд. Эҳтиёж эса у ёки бу шаклда, албатта, қондирилади. Демак, бу эҳтиёжни қондиришнинг тўғри ва қонуний йўллари очилиши, кўпайтирилиши шарт. Акс ҳолда, яширин ҳужралар фаолияти давом этаверади, ҳукумат эса бу “ёт унсурларни синф сифатида тугатиш” учун курашаверади.

Оддий халқ англаб турган реал воқеликни раҳбарларимиз ҳам эътироф этишса ва диний таълимни тўғри ва тезроқ йўлга қўйишса, ижобий натижа ўзини кўп куттирмайди. Биз давлат ва жамият сифатида бугун тўқнаш келаётган кўп муаммолар ечилади, миллат уйғонади, ўзлигини танийди, мамлакат ривожлана бошлайди, “ҳалоллик вакцинаси” каби сунъий иложсизлик чораларига эҳтиёж қолмайди, иншааллоҳ. Табиийки, буни давлат сифатида истасак ва бу истагимизни “Катта оға”га мўлтирамай амалга ошира олсак...


Мавзуга алоқадор