Кеча Қозон шаҳрида БРИКСга аъзо давлатлар ўртасида Қуръони карим тиловати бўйича мусобақа бошланди, дея хабар бермоқда Islam News.

“Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида илк бор йирик халқаро диний мусобақа – БРИКС мамлакатлари Қуръони карим мукофоти бошланмоқда ва энг яхши қорига соврин топширилади. Танловда БРИКС мамлакатлари ҳамда араб-мусулмон дунёси – МДҲ, Осиё ва Африканинг 20 давлатидан энг яхши қорилар иштирок этмоқда”, — дея муфтий Рушан Аббясов сўзларини келтиради “Российская газета”.

Муқаддас Каломни моҳирона тиловат қилган қори мукофотланади. Қориларнинг тиловатларини Шаржадаги Қуръони карим академияси раҳбари Халифа Месбаҳ ат-Тунейжий бошчилигидаги Россия, БАА, Миср, Бангладеш ва Эрондан келган ҳакамлар ҳайъати баҳолайди.

Тадбирда Аллоҳнинг каломи тиловат қилинишидан ташқари, меҳмонларга Қуръоннинг маънавий-ахлоқий қадриятлари ва маъноларини асраб-авайлаш ҳақида ҳикоя қилувчи театрлаштирилган томоша намойиш этилади. Мусобақа 26 июль куни якунланади.

Ғолиб 7000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига эга бўлади. Иккинчи ва учинчи ўрин эгалари мос равишда 5000 ва 3000 доллар олади.

Мавзуга алоқадор