22.06.2024 09:45

БРИКС ўз тўлов тизимини яратмоқда

Россия, Хитой, Бразилия, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Эфиопия, Миср, Эрон ва БААни ўз ичига олган БРИКС блоки ўзининг тўлов тизимини яратиб, октябрь ойида амалда жорий этишни режалаштирмоқда.  Бу ҳақда 19 июнь куни Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди. 

 Унинг сўзларига кўра, блок мамлакатлари янги тўлов тизимини БРИКС давлатлари раҳбарларининг бўлажак саммитида тақдим этади – йиғилиш 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Рябковнинг айтишича, 30 дан ортиқ давлат блокка қўшилиш истагини билдирган.  Яқин орада Таиланд ва Беларус иттифоққа қўшилиши мумкин.

Жумладан, Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Анқара БРИКСга қўшилишдан манфаатдор эканини билдирган эди. 

Аввалроқ,  Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков март ойида БРИКС блокчейн ва рақамли технологияларга асосланган тўлов тизимини яратиш бўйича иш бошлаганини айтганди. 
"Биз мустақил тўлов тизимини яратиш келажак учун муҳим мақсад, деб ҳисоблаймиз. Бу эса рақамли технологиялар ва блокчейн каби замонавий воситаларга асосланади.  Асосийси, бу ҳукуматлар, оддий одамлар ва тадбиркорлар учун қулай, шунингдек, иқтисодий жиҳатдан фойдали ва сиёсатдан холи бўлиши керак", – деган эди у.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.