Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса 12 йиллик танаффусдан сўнг илк бор Ироққа бир кунлик ташриф билан бормоқда. Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев Россияга ташриф буюрди.

Ўзбекистон

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрелдан қисқа муддатли таътилга чиқди, дея хабарберди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов. Таътил қанча муддат давом этиши маълум қилинмади.

Бундан аввал давлат раҳбари 2023 йилнинг декабрида, аввалроқ эса 2022 йил январида қисқа муддатли таътилга чиққан эди.

Туркия

Бугун Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 12 йиллик танаффусдан сўнг Ироққа жўнабкетди. Бир кунлик ташриф давомида Эрдўғон Бағдоддаги марказий ҳукумат ва Эрбилда курд минтақавий ҳукумати вакиллари билан учрашади.

Қайд этилишча, мазкур ташриф Анқара ва Бағдод муносабатларини янги босқичга олиб чиқади.

Анқарада қилинган баҳолар орасида узоқ танаффусдан кейин амалга ошириладиган ташриф ҳам вақт, ҳам мазмун жиҳатдан тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Туркия-Ироқ муносабатларида янги даврни бошлаб беради.

Томонлар кўплаб келишувларни имзолаши ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотни амалий даражага олиб чиқиши кутилмоқда. Жумладан, Туркия Ироқ ҳукуматидан PKKни “террор ташкилоти” деб белгилашини кутмоқда.

Озарбайжон

22 апрель куни Россия президенти Владимир Путин ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтади.

Кремлнинг билдиришича, Алиев Москвада Путин билан музокаралар олиб боради. Икки давлат раҳбарлари, жумладан, Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг асосий масалаларини кўриб чиқиш, шунингдек, Жанубий Кавказдаги вазият юзасидан атрофлича фикр алмашишни режалаштирган.

“Россия-Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий масалаларини кўриб чиқиш, шунингдек, долзарб минтақавий муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашиш режалаштирилган”, — дейилади хабарда.

Мавзуга алоқадор