Бирлашган Қиролликнинг кўплаб ҳудудларини қамраб олган мусулмонларга қарши погромлар кўп жиҳатдан кутилмаган бўлди. Кўпчилик, жумладан, Франция ёки Австрия мусулмонлари учун Британия бағрикенглик ороли сифатида кўринарди – мусулмонлар учун дўстона мамлакат бўлиб, у ерда жамоалар исломофоб ҳукумат аралашувисиз ўз эътиқодларини амалга оширишлари мумкин эди.

17 ёшли “мусулмон қочқин” уч нафар ёш қизни ўлдиргани ҳақидаги ёлғон миш-миш қандай миқёсда зўравонликка сабаб бўлишини ҳеч ким тасаввур қила олмасди.

Бироқ гумонланувчи на мусулмон, на муҳожир, балки Британияда туғилган насроний бўлган. Аммо ҳужумчи мусулмон бўлган тақдирда ҳам, бу масжидларга ҳужум уюштириш, мусулмонларга қарашли дўконларни талон-торож қилиш, бошқа тери рангидаги одамларни калтаклаш, Муҳаммад пайғамбар ва Исломни ҳақорат қилувчи шиорлар айтиш учун асос бўла оладими?

Британияда мусулмонларга қарши погромлар Ғазога қарши давом этаётган «геноцид» ҳужумлари фонида содир бўлмоқда. 7 октябрдан бери Британия ҳокимияти Фаластин тарафдори, геноцидга қарши намойишларни “нафрат юришлари” деб атади, уларни антисемитизм деб қоралади ва мустамлакачи-ирқий кўчманчи режимининг геноцидини ҳарбий ва дипломатик ёрдам орқали қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Ўта ўнг қанот каллакесарлар ва уларнинг ҳамкорлари Тел-Авивнинг фаластинликлар ва мусулмонларга қарши ташвиқотини қўллаб-қувватладилар. Фаластинликларнинг одам ўрнида кўрилмаслиги ва Фаластин тарафдори фаоллари номининг қораланиши бутун дунё гувоҳи бўлган зўравон кўча исломофобиясининг авж олишига замин бўлди.

Погромларнинг айбдорларини аниқлаш қийин эмас: улар ўт қўювчи, талон-торож қилувчи ва ҳужумкор одамлардир. Аммо, погромларни қўллаб-қувватловчиларга эмас, балки фақат уларни амалга оширувчиларга эътибор қаратадиган бўлсак, мусулмонлар ва муҳожирлар учун душманлик муҳитини яратишга ёрдам берган катта сиёсатчилар ва фикр билдирувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни кўздан қочирамиз.

Мисол учун, погромлар авжига чиққан пайтда Британиянинг илғор мухолифат партияси етакчилигига номзод ва эҳтимолий бўлғуси бош вазир Роберт Женрик телевидениега берган интервьюсида “Аллоҳу Акбар” деб бақираётган ҳар қандай мусулмон зудлик билан ҳибсга олиниши кераклигини айтди.

Янги Лейбористлар ҳукумати мусулмонларнинг энг йирик вакиллик ташкилоти Британия мусулмонлар кенгаши билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишда давом этмоқда. Лейбористлар партияси, Британиянинг аксарият тузумлари сингари, антисемитизмни ҳатто «кўринмас» изларда ҳам тан олишга қодир, бироқ масжидларга ҳужумлар, ҳижоб кийган аёлларни таъқиб қилиш ва мусулмонларга нисбатан зўравонликларни исломофобия деб аниқ белгилашни истамайди.

Бироқ Британиядаги исломофобик погромларнинг умидбахш натижаси аҳолининг кенг қатламларини сафарбар қилиш орқали уларни йўқ қилиш бўлди. Мусулмонлар, ғайримусулмонлар, турли ирқларга мансуб одамлар, сўл сиёсий қарашдагилар ва ирқчиликни рад этган барча, ўн йиллар давомидаги исломофобия тарғиботига қарамасдан, оммавий тарзда кўчаларга чиқишди, ўнг қанот радикаллардан сон-жиҳатдан устун келишди ва уларнинг тарафдорларини сукут сақлашга мажбур қилишди.

Салмон Сайид Британиянинг Лидс университети мустамлакачиликдан кейинги зеҳният ва риторика кафедраси мудири.

Манба: “Анадолу” ахборот агентлиги

Мавзуга алоқадор