Айни чоғда АҚШнинг ўнлаб университетларида оммавий норозилик намойишлари бўлиб турибди. Бироқ бу намойишларни шунчаки антисемитизм деб атаб бўлмайди.

Мамлакат бўйлаб минглаб америкалик талабалар яҳудий халқига нисбатан қандайдир патологик нафрат туфайли ўз келажагини ва ўз хавфсизлигини хавф остига қўйиб, норозилик билдирмаяпти. Улар буни Исроил давлати томонидан Ғазода ҳимоясиз фаластинликларга қарши амалга оширилган оммавий қирғинни тўлиқ рад этиш ва унга бўлган ҳақли ғазаб важидан амалга оширмоқдалар.

Улар Ғазо секторида 7 октабрдан бошланган қонли ҳужумлар АҚШ ҳукумати томонидан тўлиқ молиялаштирилгани ва қўллаб-қувватланаётганидан ғазабда.

Ушбу оммавий норозилик намойишлари 17 апрель куни Колумбия университетида бошланган ва Нью-Йоркдан Техасгача ва Шимолий Каролинадан Калифорниягача бўлган бутун АҚШ жуғрофиясини қамраб олган.

Норозилик намойишлари табиати ва шиддати жиҳатидан кўпчилик уларни 1960-70 йилларда Ветнам урушига қарши АҚШда ўтказилган намойишларга қиёсламоқда.

Таққослаш ўринли бўлса-да, ҳозирги норозиликларда этник хилма-хиллик ва ижтимоий уйғунликни қайд этиш жуда муҳимдир. Кўпгина кампусларда араб, мусулмон, яҳудий, қора танли, тубжой америкалик ва оқ танли талабалар ўзларининг фаластинлик тенгдошлари билан урушга қарши ягона позицияда елкама-елка туришларини кўрсатишмоқда.

Улар аниқ бир устувор мақсад йўлида бирлашган: урушни тугатиш, АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашига нуқта қўйиш, ўз университетларининг Исроилга тўғридан-тўғри сармоясини тўхтатиш ва уларнинг норозилик ҳуқуқини тан олдириш. Бу идеализм эмас, балки энг яхши лаҳзалардаги инсониятдир.

Колумбиядан бошланган оммавий ҳибсга олишлар ва барча ҳудудларда тинч намойишчиларга қарши уюштирилаёрган зўравонликларга қарамай, ҳаракат кучайиб бормоқда.

Бошқа томондан, президент Жо Байдендан бошлаб барча АҚШ сиёсатчилари уларнинг оқилина ва глобал миқёсда қўллаб-қувватловга эга талабларини кўриб чиқиш ўрнига, намойишчиларни антисемитизмда айбладилар.

Яна бир бор Демократик ва Республикачи тузилмалар Исроилни кўр-кўрона қўллаб-қувватлашда бир ёқадан бош чиқарди.

Байден “антисемит норозилик намойишлари"ни қоралаб, уларни "айбдор ва хавфли” деб таърифлади.

Бир неча кундан сўнг АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон университетга хавфсизлик хизмати ҳимояси остида ташриф буюрди ва демократияни қабул қиламиз, сўз эркинлиги ва йиғинлар ўтказиш ҳуқуқини ҳурмат қиламиз, деган улуғвор даъволарни илгари сурувчи давлатга мутлақо мос келмайдиган тилда нуқт сўзлади.

“Биз кампусимизда бундай нафрат ва антисемитизмнинг гуллаб-яшнашига йўл қўя олмаймиз”, деди у ва қўшимча қилди: “Мен бугун ҳамкасбларимга қўшиламан ва Президент (Миноуч) Шафикни бундай тартибсизликка дарҳол чек қўймаса, истеъфога чиқишга чақираман”.

Бироқ Шафик намойишларни бостириш ҳаракатида етакчи эди, у Нью-Йорк полиция департаментини намойишчиларни антисемитизмда ёлғон айблаган ҳолда, уларни бостиришга чақирган эди.

АҚШнинг асосий оммавий ахборот воситалари норозиликларнинг сабаблари хусусида чалкаш ва хато маълумотларнинг кенг ёйилишига ҳисса қўшишга ёрдам берди.

The Wall Street Journal яна бир бор Стивен Сталинский каби ёзувчиларга ёш адлия фаолларини Исроилнинг Ғазодаги даҳшатли геноцидини танқид қилишга журъат этгани учун қоралашга изн берди.

“Ҳамас, Ҳизбуллоҳ, ҳусийлар ва бошқалар АҚШда ва бутун Ғарбда намойиш фаолларига ёрдам кўрсатмоқда”, деди у ва шу тариқа АҚШнинг геноцидни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги танқидий суҳбатларни ғалати ва асоссиз йўналишларга буриб юборди.

 АҚШ тузумининг ёзувчилари ўзлари ва ўқувчиларини алдашда давом этишни истасалар ҳам, ҳақиқат ўзгариб қолмайди, на Ҳизбуллоҳ, на Ҳамаснинг ёлланма ходимлари АҚШнинг Айви Лигаси университетларида ҳеч қандай фаолият олиб бормайди.

Бу каби чалғитишларнинг барчаси Америка жамиятидаги инкор этиб бўлмайдиган ўзгаришларни кўздан қочириш учун мўлжалланган. Бу ўзгаришлар айни чоғда Исроил ва Фаластин ҳақидаги машҳур қарашларда узоқ муддатли фикрий эврилишни келтириб чиқариши турган гап.

Америкаликлар Исроил ва ўз мамлакатининг Тел-Авив билан “махсус муносабатлари” хусусидаги фикр ва қарашларини ўзгартирмоқда.

Ёш демократлар бошчилигида мустақил фаоллар ва маълум даражада ёш республикачилар орасида муайян ўзгариш тенденциялари кечмоқда.

“Яқин Шарқда ҳамдардлик ва хайрихоҳлик эндиликда исроилликлардан кўра кўпроқ фаластинликларга қаратилмоқда” деган баёнот ўтмишда ақлга сиғмас эди. Бироқ бу янги мавзу бўйича ўтказилган сўнгги сўровлар ҳамда Байденни маъқуллаш рейтингларининг пасайиб бораётгани ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлашда давом этмоқда.

Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаш асосида мартаба қозонган ва қозонишда давом этаётган америкалик сиёсатчиларнинг кекса авлодлари янги воқеликдан лол-у ҳайратда. Уларнинг бурро тили бугун ҳақиқат олдида тутилиб қолмоқда. Шунга қарамай, улар Исроил ҳукумати талабларини қондириш учун ўз халқининг бутун авлоди, ҳатто Американинг бўлажак раҳбарларини ҳам туҳмат қилишга тайёр.

24 апрель куни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху телевидение орқали берган баёнотида намойишчиларни “етакчи университетларни эгаллаб олган антисемит тўдалар” дея таърифлаб, тинч намойишчилар “Исроилни йўқ қилишга” чақираётганини даъво қилди. Унинг сўзлари сиёсати ва мафкурасидан қатъи назар, барча америкаликларни ғазабга солиши керак эди. Аммо, кўпгина америкалик сиёсатчилар Нетаняхунинг сўзларини тўтиқуш каби такрорлай бошладилар.

Бироқ уларнинг сиёсий кўзлов билан қилаётган бундай ишлари узоқ келажакда эмас, балки яқин ойларда, хусусан президентлик сайловлари арафасида ўзининг тескари натижасини беради.

Миллионлаб америкаликлар урушдан, ҳукуматнинг хорижий давлатга содиқлигидан, милитаризмдан, полиция зўравонлигидан, АҚШ бўйлаб сўз эркинлигининг мисли кўрилмаган чекловларидан ва бошқалардан зада бўлгани, тўйиб кетгани аниқ.

Аввалги авлодларга хос манфаатларга, тарихий ва маънавий саробларга бефарқ бўлмаган ёш америкаликлар “етар энди”, деб эълон қилмоқда. Улар бугун қилаётган ишлари ғоят жиддий аҳамиятга эга, улар бир овоздан, узоқ вақтдан бери бериб келинаётган саволларга жавобларни, маънавий ва ҳуқуқий жавобгарликни ва урушни дарҳол тугатишни талаб қилмоқдалар.

АҚШ ҳукумати чора кўриш ўрнига, аксинча, Исроил уруш машинасини миллионлаб фаластинликларга қарши ҳужумида қўллаб қувватлаётгани учун, жасур талабалар бу ёвузликка қарши бош кўтардилар. Бу, шубҳасиз, Қўшма Штатлар тарихидаги энг ҳайратланарли воқеадир.

Рамзи Баруд, журналист ва The Palestine Chronicle муҳаррири.

Мавзуга алоқадор