Ҳиндистоннинг энг кўп аҳолига эга Уттар-Прадеш штати суди исломий мактабларни амалда тақиқлади.

Суд қарори Уттар-Прадешдаги мадрасалар мақомини тартибга солувчи 2004 йилда қабул қилинган қонунни Ҳиндистоннинг конституциявий дунёвийлигини бузгани сабабли бекор қилди. Суд, шунингдек, штатдаги исломий мактабларнинг барча ўқувчиларини оддий умумтаълим мактабларига ўтказишни талаб қилди, деб ёзади Yahoo!News.

Аллоҳобод Олий судининг қарори 25 минг мадрасадаги 2,7 миллион талаба ва ўн минглаб ўқитувчиларга тааллуқлидир, деди Уттар-Прадеш мадрасаси бошқаруви раиси Ифтихор Аҳмад Жавед.

Айтиш жоизки, Уттар-Прадеш штатида истиқомат қилувчи 240 миллион аҳолининг бешдан бир қисми мусулмонлардир.

"Ҳокимият 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг расман тан олинган муассасаларга киришдан четда қолмаслигини таъминлаши керак", деб ёзган судьялар Субҳаш Видяртҳи ва Вивек Чаудхари ўз қарорида.

Мавзуга алоқадор