Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Францияни Париждаги ёзги Олимпиада ўйинларида аёлларга ҳижобда қатнашишни тақиқлаб, халқаро инсон ҳуқуқлари қонунчилигини бузганликда айблади, дея хабар қилди "Ени Шафақ" нашри.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Франция спорт вазири Франция вакили бўлган спортчиларга тадбирлар вақтида диний рамзларни намойиш этиш, жумладан, рўмол тақиқланишини айтган эди.

“Рўмол ўраган француз спортчиларининг Олимпиада ўйинларида иштирок этишини тақиқлаш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунларни бузади ҳамда Франция расмийларининг камситувчи иккиюзламачилиги ва Халқаро Олимпия Қўмитасининг (ХОҚ) ўта заифлигини кўрсатади”, — дейилади ташкилотнинг Париждаги Олимпиада ўйинлари арафасида чоп этилган янги ҳисоботида.

Франция спортда ҳижоб ўрашни тақиқловчи ягона Европа давлатидир, бу ФИФА, Халқаро Баскетбол Федерацияси ва Халқаро Волейбол Федерацияси каби халқаро спорт ташкилотлари қоидаларига ҳам зид.

Amnesty ташкилотининг Европадаги аёллар ҳуқуқлари бўйича тадқиқотчиси Анне Блус шундай деди: “Олимпия ва Паралимпия ўйинларида француз спортчиларига рўмол ўрашни тақиқлаш 2024 йилги ўйинларнинг “Гендер тенглиги бўйича биринчи Олимпия ўйинлари” бўлиши ҳақидаги даъволарни кулгу остига қўяди.

“Аёлларнинг кийинишини назорат қилувчи камситувчи қоидалар мусулмон аёллар ва қизларнинг инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади ва уларнинг спортдаги иштирокига ҳалокатли таъсир кўрсатади”, — дея қўшимча қилди у.

Баскетболчи Ҳелен Ба Франциянинг тақиқи "Олимпия Хартияси, қадриятлари ва қоидаларини очиқдан-очиқ бузиш ҳамда асосий ҳуқуқларга ҳужум" эканлигини айтди.

Amnesty ташкилоти матбуот баёнотида бир неча йиллардан буён француз ҳукумати мусулмон аёллар ва қизларга номутаносиб равишда таъсир кўрсатадиган қонунлар ва сиёсатларни оқлаш учун дунёвийлик тушунчалари билан қуроллантирганини таъкидлади.

Мавзуга алоқадор