Reuters

Жанубий Корея мудофаа вазири Шин Вон-Сик Шимолий Кореянинг ўқ-дори заводлари Россия учун қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариш билан тўлиқ қувватда ишлаётганини маълум қилди.

Унинг фикрича, Шимолий Корея Россияга озиқ-овқат ва асосий эҳтиёжлар эвазига қурол ва ҳарбий техника, жумладан, миллионлаб артиллерия снарядларини етказиб бермоқда.

Август ойидан бери Пхеньян Россияга 3 миллиондан ортиқ артиллерия снарядларини сиғдира оладиган 6700 га яқин контейнер жўнатди, деди мудофаа вазири.

“Шимолий Кореянинг қолган қурол заводлари хомашё ва электр қуввати тақчиллиги туфайли 30 фоиз қувватда ишлаётган бўлса-да, Россия учун қурол ва артиллерия снарядларини ишлаб чиқарувчи заводлар тўлиқ қувват билан ишламоқда”, - деди Шин журналистларга.

Унинг қўшимча қилишича, Россиядан Пхеньянга жўнатилган контейнерлар сони қарама-қарши йўналишда – Шимолий Кореядан Россияга жўнатилгандан тахминан учдан бир баравар кўп.

"Кўринишидан, етказиб беришнинг энг катта улуши озиқ-овқат бўлиб, Шимолий Кореяда нархларни барқарорлаштиришга ёрдам беради", - деди Шин Вон-Сик.

Эслатиб ўтамиз, Москва ва Пхеньян АҚШ ва иттифоқчиларининг қурол-яроғ битимлари бўйича айбловларини бир неча бор рад этган. 

Мавзуга алоқадор