Бангладешда давлат иш ўринлари учун квота тизимига қарши кенг кўламли намойишлар давом этмоқда. Маҳаллий матбуотга кўра, тўқнашувларда камида 187 киши ҳалок бўлган.

Ҳукумат тартибсизликларни бостириш учун қаттиқ чоралар кўрди: комендантлик соати пайшанбагача узайтирилди, бутун мамлакат бўйлаб интернет ўчирилди, шаҳар кўчаларида ҳарбий патруллар жойлаштирилди.

Намойишлар Бангладешнинг 1971 йилдаги Мустақиллик урушида қатнашган фахрийларнинг оила аъзолари учун давлат иш ўринларининг 30 фоизини ажратувчи квота тизимидан норозилик сабаб бўлган. Кейинроқ мамлакат Олий суди квотани 7 фоизга камайтиришга қарор қилди, бироқ бу намойишларни тўхтата олмади.

Бош вазир Шайх Ҳасинанинг айтишича, чекловчи чоралар вазият яхшиланмагунча давом этади.

Бизнес вакиллари интернетнинг ёпилишини “бизнес учун ҳалокатли” деб аташди ва рақамли хизматларни тиклашни талаб қилишди.

2000 дан ортиқ одам, асосан, мухолиф партиялар аъзолари зўравонликда айбланиб ҳибсга олинган. Сешанба куни кечқурун кенг полосали интернет хизматлари тикланиши кутилмоқда, бу эса мамлакатдаги вазият ҳақидаги ахборот оқимини енгиллаштириши мумкин.

Мавзуга алоқадор