Турк дунёсини рақамлаштириш қандай амалга оширилади?
2024 йил 29-30 май кунлари Истанбул шаҳрида Туркий минтақадаги ePermit лойиҳаси (электрон рухсатнома тизими) бўйича экспертлар йиғилиши бўлиб ўтди.
Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) Котибияти ҳамда Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ТДТга аъзо давлатлар ва Туркманистон транспорт вазирликлари мутасаддилари ва ИТ-экспертлари иштирок этди.
Томонлар Транспорт коммуникациялари дастури ва 2023-2026 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури доирасидаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан фикр алмашдилар.
ePermit ташаббуси транспорт ва логистикани рақамлаштиришда илғор саъй-ҳаракатлар бўлиб, бу транзит вақтларини қисқартиради ва харажатларни камайтиради, минтақанинг рақобатбардошлигини оширади.
Мутахассислар Остона саммитида давлат раҳбарларининг кўрсатмаларига эътибор қаратди. Унда президентлар Туркия ва Ўзбекистон ўртасида лойиҳа муваффақиятли бошланганидан мамнунлик билдириб, уни бошқа иштирокчи давлатларда ҳам амалга оширишга чақирди.
Учрашувдан сўнг томонлар ePermit лойиҳасини қўллаш принципларини, шунингдек, миллий тизимларни интеграциялашуви масалаларини ва лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичларини муҳокама қилдилар ва тасдиқладилар.