Видеодан лавҳа

Қирғизистон полицияси пойтахт Бишкекдаги савдо марказларининг бирида Исроилни қўллаб-қувватлаётган компанияларга қарши норозилик намойиши ўтказган шахслар қўлга олинганини маълум қилди.

“Кабар” нашрининг хабар қилишича, 18-19 октябрь кунлари Бишкек шаҳридаги савдо марказларидан бирида "осиё миллатига мансуб номаълум шахслар жамоат жойларида хулқ-атвор қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда «Бойкот» плакатларини кўтариб юрган ва хавфсизлик хизмати ходимларининг талабларига бўйсунмасдан тартибсизлик келтириб чиқарган". Айрим манбалар жами 29 киши қўлга олинганини хабар берди.

Улар ўз ҳаракатларини видеога олиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилишган. Видеода уларнинг рамзий оқ кафан (болаларники) ва плакат кўтариб олгани, Исроилни дастаклаётган халқаро овқатланиш тармоқлари мижозларига мурожаат қилаётгани ҳамда савдо марказининг йўлак ва зиналарига қизил бўёқ тўкканини кўриш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Бишкек шаҳар Свердловск тумани ИИБ Тергов хизмати томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга алоқадор