Озарбайжон оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш агентлиги (MEDİA) бир қатор хорижий ОАВларнинг мамлакатда Исроил қўшинлари борлиги ҳақидаги хабарларини рад этди. Агентлик баёнотида бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилганлиги таъкидланади.

“Сизларга Озарбайжон ҳудудида ҳеч қандай хорижий давлатнинг ҳарбий кучлари мавжуд эмаслигини маълум қиламиз ва бу борада ёлғон маълумотларга асосланган ахборот манипуляциясини кескин қоралаймиз”, - дейилади баёнотда.

Агентлик İran İnternational телеканали, The Telegraph нашри ва Kan телерадиокомпаниясини ишончсиз маълумот манбалари сифатида тилга олди. MEDİA хабарига кўра, ушбу оммавий ахборот воситалари Исроилнинг ўз ҳарбий хизматчиларининг Озарбайжонда бўлишини тақиқлагани ҳақида ёлғон маълумот тарқатган.

“Шу билан бирга, биз яна бир бор оммавий ахборот воситалари қайси давлатда фаолият юритишидан қатъи назар, ахборот тарқатишда журналистиканинг умумэътироф этилган тамойилларига амал қилиши шартлигига эътиборимизни қаратамиз”, — дейилади хабарда.

Агентлик жамоатчиликни фақат расмий ахборот манбаларига ишонишга, журналистлар ва ижтимоий фаолларни эса ёлғон маълумотлар тарқалаётган пайтда ҳушёр бўлишга чақирди.

Аввалроқ Kan давлат телерадиокомпанияси Исроил армияси Эрон томонидан ҳужумлар хавфи туфайли ўз ҳарбий хизматчиларининг Озарбайжон ва Грузия ҳудудида қолишини тақиқлагани ҳақида хабар берган эди. Айтилишича, армия раҳбариятининг буйруғига кўра, Жанубий Кавказнинг ушбу икки республикасида жойлашган исроиллик ҳарбий хизматчилар зудлик билан Исроилга қайтишлари шарт.

Айтилишича, бу қарорга Грузия ва Озарбайжоннинг Эронга яқинлиги, уларнинг ҳудудларида эронликлар мавжудлиги, шунингдек, Озарбайжоннинг Эрон билан умумий чегараси сабаб бўлган.

Яқин Шарқдаги вазият 31 июль куни Теҳронда ҲАМАС Сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания суиқасд натижасида вафот этгани ва Байрутда Ҳизбуллоҳ қўмондонларидан бири Фуад Шукрнинг ўлдирилиши ортидан ёмонлашди. Эрон, ҲАМАС ва Ҳизбуллоҳ ҳужумларда Исроилни айблади ва жавоб қайтаришга ваъда берди.

Мавзуга алоқадор