Исроил армияси Ливанга ҳужумларини давом эттирмоқда. Ливан жанубидаги қишлоқ ва шаҳарлар, шунингдек, Бекаа, Баалбек ва пойтахт Байрутга ҳужумлар уюштирди. Сўнгги 24 соат ичида 95 киши ҳалок бўлган, 172 киши жароҳатланган.

Кеча тунда ЦАХАЛнинг 98-дивизия бўлинмалари, 7-бригада коммандослари, десантчилари ва зирҳли техникалари Ливан ҳудудига бостириб кирди.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, Исроил зирҳли кучлари ва Ҳизбуллоҳ бўлинмалари ўртасида шиддатли отишмалар давом этмоқда.

Ливан армияси ва БМТ тинчликпарвар кучлари Исроил билан чегарадаги бир қанча позицияларидан қўшинларини олиб чиқишни бошлади.

Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати Исроил томон 40 дан ортиқ ракета учирди.

The Jerusalem Post газетаси 25 сентябрь куни Ливан Исроилнинг “ваъда қилинган ерлари”нинг бир қисми экани ҳақидаги мақолани чоп этиб, кейин тезда ўчириб ташлади. Мазкур мақола жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўпчилик нашрни диний асослар ниқоби остида экспансионистик ғояларни тарғиб қилишда айблади.

Америкалик сенатор Марк Келли Исроил ўтган ҳафта Байрутда Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ўлдириш учун қўллаган 900 килограммли бомбалар Америкада ишлаб чиқарилган бошқариладиган қуроллар эканини таъкидлади. JDAM навигация тизимига эга МК-84 ақлли бомбалари Исроил томонидан тинч аҳоли нишонларига, жумладан, Ғазодаги 500 га яқин одам ҳалок бўлган Ал-Аҳли Баптистлар касалхонасига ва фаластинлик қочқинлар лагерларига ҳужумларда ишлатилган.

30 сентябрь куни кечқурун ЦАХАЛ Ливан билан чегарадаги учта – Метула, Мисгав-Ам ва Кфар-Гилади аҳоли пункти атрофидаги ҳудудни ёпиқ ҳарбий зона деб эълон қилди. Ушбу ҳудудга кириш тақиқланган.

 

Мавзуга алоқадор