Ягона Худога топиниш илк ахлоқий императив (буйруқ) сифатида

Биз аввалроқ ёритишни бошлаганимиз тушунчага қайтамиз. Яна бир бор таъкидлаймизки, ислом тарғиб қилаётган эзгу амаллар неъмати бир муқаррар пойдевор асосида қурилган бўлиб, уларсиз эзгулик тушунчаси тушунарсиз бўлиб қолади ва инсоннинг тўғриликка бўлган фитрий муҳаббатига путур етади. Бу асос олий Ҳақ – Аллоҳни тан олиш ва унга бўйсунишдир. Якуний ҳақиқатга асосланмас экан, эзгу ишлар шунчаки тупроқ ва кулга айланади (Иброҳим, 18).

Буни идрок этиш учун биз Ислом Яратганга нисбатан тўғри таълимот эканини тан олишимиз керак. Демак, ислом ахлоқий ҳаёт тарзи бўлиб, у нафақат дунёвий эҳтиёжларимизни қондириш учун Аллоҳнинг розилигини, балки яқинлашиб келаётган абадий охиратда яхшиларни мукофотлайдиган, ёмонларни жазолайдиган ягона ҳақиқий Худога нисбатан мутлақ муносабатни талаб қилади. Бироқ дин ва ибодатнинг ахлоқ билан боғлиқлиги ўтмишдаги ва ҳозирги кўплаб халқлар зеҳниятидан йўқолиб кетган, шу боис улар ўз худоларига сиғиниб, маънавий-руҳий покланишлар ёки маросимларни ҳақиқатни англашга уриниш ва Худога ҳамд билдириш каби ахлоқий сабабларга кўра эмас, балки ўзларининг дунёвий манфаатларини қондириш учун бажарадилар. Буларга болаларга бўлган қадимий истак ва яхши ҳосилдан тортиб, стрессни енгиллаштириш, хотиржамлик ва мувозанат учун замонавий ташвишларгача бўлган барча эҳтиёжлар киради. Секуляр олимлар ўлим қўрқуви, буюк номаълум нарса ва инсониятнинг табиатнинг исёнкор кучларини тинчлантиришга интилиши тарих давомида диндорликнинг асосий импульслари (турткилари) бўлгани ҳақида фаразлар қилишди. Ҳақиқатда эса бу туйғулар Аллоҳ таоло бу дунёда ва қалбларимизда камолот ва абадиятга бўлган дастлабки интилиш шаклида жо этган ишора ва эслатмалар, холос. Бу истакларга путур етиши шайтон одамларни қандай йўлдан оздиришига мисолдир, худди бизнинг отамиз Одам Ато билан бўлгани каби: абадийлик ва фаришталарнинг мукаммаллиги ваъдаси (масалан, Тоҳа, 120; Аъроф, 20).

Қуръоннинг биринчи сураси Ал-Фотиҳа бизнинг сажда қилиш ва ёрдам сўрашга бўлган инстинктимизга юзланишдан аввал учта асосий фактни айтади: Аллоҳ мақтовга лойиқдир, чунки у энг меҳрибон (Раҳмон, Роҳийм), ҳамма нарсанинг қўллаб-қувватловчиси (Робб); ва якуний ахлоқий ҳукмнинг соҳиби. Шундагина биз ибодатимизни фақат Унга бағишлашимиз ва Унгагина ёрдам сўраб мурожаат этишимиз кераклигини тушуниб етамиз, чунки фақат у Зот сажда қилишга ва ёлворишга лойиқдир. Тўғри ёки ҳақиқат ғояси моҳиятан ахлоқий ғоядир. Сура тўғри йўлга – яна бир бор ахлоқий тушунчага йўл-йўриқ сўраш билан якунланади. Инсонлар ўлароқ биз ҳифз ва қулай ҳаётга муҳтожмиз, бироқ Ҳақ таолони рози қилишга интилиш орқали ўзини хавфсиз ҳис этиш инстинкти бу сурада иккита бир хил асосий ахлоқий императивлар ўртасида жойлашган. Биринчиси, Яратувчи ва Ҳокимнинг улуғлиги ва яхшилигини тан олиш (очиқ-ойдин фикрлаш, ҳақиқат ва розиликка асосланган ҳолда) иккинчиси эса ўша қудратли Зотдан ахлоқий тўғрилик ва йўл-йўриқ сўраб ёлвориш. Демак, Ислом, биринчи навбатда, ахлоқий ҳақиқат, тўғри ва нотўғри билан боғлиқ: ягона ҳақиқий Худога бўйсуниш, Унга сажда қилиш ва Аллоҳнинг танланган элчисига эргашиш фарз. Бугун дунёни маъно ва гўзалликдан маҳрум этган секуляр дунёқарашдан фарқли ўлароқ, Ислом борлиқ ҳақиқатини мавжудлик мақсадидан ажратмайди - бу икки саволни биргаликда қўйиб, мусулмонларни уларга биргаликда жавоб топишга ундайди. Мақсад ва ҳаёт ҳақиқатини ажратиш дунёвийлик моҳиятидир. Иккаласи ажратилган он, муқаррар равишда мавжудликнинг ахлоқий мақсадини секуляр манфаатлар ўз зиммасига олади ва бошқаради. Бошқача қилиб айтганда, биз ўз хоҳиш-истакларимиз ва фикрларимиз асосида қандай энг яхши ҳаёт тарзи масаласини ҳал қилиб, ҳаётнинг мақсади ва маъноси ҳақидаги саволни ўз уйларимиз ва ибодатхоналаримиз доирасида чеклаб қўямиз. Аксинча бўлса, биз Яратувчи ҳаётни мақсад билан яратганини ва бу мақсадни амалга ошириш барча ахлоқ ва ҳақиқатларнинг асоси эканлигини алввалдан эълон қиламиз. Хўш, нега Худо Уни инкор этганлар, Қадимги Миср фиръавнлари, мустамлакачи Ғарб ва бугунги чексиз истибдодчи глобал кучларнинг, ҳатто баъзилар Худонинг ҳақиқатига таслимият келтирган бўлсада, зулмдан азият чекаётган бир пайтда, ер юзида гуллаб-яшнаши ва ҳукмронлик қилишига йўл қўйиб беради? Замонавийликнинг чинакам ахлоқсиз ва ёвуз табиати Биринчи жаҳон урушида ошкор бўлишидан аввал, баъзи содда ва мавжуд инқироз вазиятидан маҳзун бўлган мусулмон мутафаккирлари Европанинг ҳарбий устунлигини улардаги маънавий устунлик билан боғлашди. Бу мағлубона фикр мутлақо ёлғондир. Қуръон бундай курашлар ҳақида жуда кўп ўринларда зикр қилган. Худонинг халқи бўлган исроилликлар У юборган рисолатга риоя этолмаганларида, ўзларини иймонсиз кучлар қўлида таслим қилишган ва ўзлари учун муносиб эмас деб ҳисоблаган илоҳий таълимотларни инкор этишган (масалан бўлмайдиганларга, Бақара, 85). Шак-шубҳа йўқки, Худонинг сабри бизникидан ақл бовар қилмас даражада улуғроқ ва шунинг учун ҳам Худо бир-бирига нисбатан адолатсизлик ва зулм қилганларга эмас, балки Ўзига нисбатан адолатсизлик қилганларга сабр қилади, гарчи биринчи тоифа иккинчисига қараганда оғирроқ гуноҳ содир этса ҳам. Олимларнинг “Худо адолат фазилатига эга бўлган иймонсизларга муҳлат беради, аммо мўмин бўла туриб, бир-бирига адолат билан муносабатда муҳлат бермайди”, деган машҳур жумласининг маъноси ҳам шу. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг ҳидояти соҳиблари бу дунёда Худо ва инсоният олдида ҳисобдор ва масъулиятдор эканликларини англашлари ва бошқаларга ҳам буни эслатиб туришлари керак ва Аллоҳнинг рисолати етиб бормаганларга, токи бу уларга етиб боргунича муҳлат берилиши мутлақо мақсадга мувофиқ ишдир. Аллоҳ билувчироқ.

Материализм ва табиий эҳтиёжларни дарҳол қониқтириш урф бўлган замонавий жамиятда ахлоқий тамойиллар ва илоҳий таълимотлардан келиб чиққан ҳолда, ҳаётий қарорларимизни чуқур ахлоқ ва фазилат руҳида мустаҳкамлашимиз тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда бизнинг олдимизда турган энг асосий масалалар ҳам ваҳийга эргашишнинг муҳимлиги, фиқҳий қоидалар шунчаки эскирган урф-анъаналар эмаслиги, биз мусулмон ўлароқ ҳаётнинг мақсади ва табиати ҳақидаги саволлардан келиб чиқувчи бугунги замонавий даврнинг қатъий белгиланган стандарт ва низомларига, уларни тўғри дея амал қилмаслигимиз, биринчи навбатда яхши ва ёмон меъёрлари чиғириғидан ўтказишимиз зарурлигидир.

Толедо университети (АҚШ) фалсафа бўлимида исломшунослик кафедраси мудири, Yaqeen исломшунослик институти бош муҳаррири ва Ummatics институтининг асосчиси Овамир Анжум.

Охири. Аввалги қисмларни ўқиш

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (1-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (2-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (3-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (4-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (5-қисм)

Мавзуга алоқадор