Тўғри (фитрий) ақлга эргашиш

Келинг, яна бир бор ақлга мурожаат қиламиз, лекин бу сафар Худога ва ҳақиқатга қарши эмас, балки унга мувофиқ жавоб берадиган тўғри ақлга юзланамиз.

Мулоҳаза юритганимизда биз кашф қиладиган ва кашф қилишимиз керак бўлган биринчи нарса шуки, бизга ҳаёт ато этган Зотгина унга қиймат ҳам бера олади. Агар биз бундай манба йўқ ва ҳаёт шунчаки, кўр-кўрона тасодиф деган бемаънилик билан ўзимизни алдасак, унда ҳеч қандай қиймат бўлиши мумкин эмас: яхшилик ёки ёмонлик, тўғрилик ва нотўғрилик учун асос ҳам бўлмайди. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, агар Худо йўқ бўлса, ахлоқ ҳам бўлиши мумкин эмас, чунки ахлоқ асосан Худони излаш машқидир.

Демак, эзгуликнинг энг афзали бу ўз-ўзидан Худодир. Илоҳий ваҳий ушбу табиий фикрлаш чизиғидаги тафсилотларни тўлдиради. Худо бутун ҳаётнинг Яратувчиси ва Ризқлантирувчиси бўлгани сабабли яшашга арзийдиган ягона ҳаёт бу Яратувчини излаш билан ўтказилган ҳаётдир. Яратувчи - бу барча ваҳий қилинган динларнинг энг асосий хабари бўлиб, сўқир куч-қудрат маҳсули эмас. Номсиз энергия ёки инерт ҳақиқатдан фарқли равишда, У иродали, Ўз ижодини биладиган ва яхши кўрадиган, яхши нарсаларни севадиган Зотдир. Барча яхши амаллар ортида Худога талпиниш ғояси ётиши лозим, акс ҳолда улар яхшилик қийматидан маҳрум бўлади.

Ҳаётда қиймат ҳам, ахлоқ ҳам мужассам, чунки Аллоҳ таоло инсонни шарафлаган ва ҳаёт яратиш учун инсонга Ўз нафасини пуфлаган (Қуръони карим, Ҳижр, 29; Сод, 72; Сажда, 9). Агар руҳ Аллоҳнинг нафаси, намоёни ва инъомидан бошқа нарса бўлмаса, унда Ундан (Яратгандан) бошқа нима уни хурсанд қила олсин?

Худонинг амри ўзбошимчаликми ёки оқилона ва ахлоқийми? Шариат яхшиликка ва адолатга буюради

Пайғамбар рисолати ҳақидаги Қуръон баёни унинг оқилона табиатига урғу беради, чунки Худо инсон табиатига маълум бўлган тўғри ва фойдали нарсаларни қилишни буюрган. Худо Ўзи хоҳлаган нарсани буюришга мутлақ ҳақли ва У ҳақиқатан ҳам баъзи бир қадимги қавмларни яхши ёки маъқул эмас, шунчаки синов бўлган амрлар билан синаб кўрган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган мукаммал шариатдан бундай амрлар олиб ташланди ва шу тариқа уни мукаммаллаштирди:

“У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди. Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир”. (Аъроф, 157)

Бу оят Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган шариат, Аллоҳ ҳузурида нима тўғри ва нима нотўғри эканининг мезони инсон табиати учун очиқлиги ва унинг меъёри ўзбошимча юк ва кишанларни олиб ташлаш ва яхши ҳаёт кечириш эканлигини таъкидлайди.

Мутақаддим мусулмон олимлари ахлоқий ҳақиқатлар ваҳий ёрдамисиз инсон ақли олдида равшан ва ойдин бўлмаслиги ҳақида ихтилоф қилганликларини юқорида таъкидлаган эдик. Барча олимлар илоҳий амрнинг оқилона ва фойдалилигига иттифоқ қиладилар, аммо бу назарий келишмовчиликни бу ерда фақат олимларимиз Аллоҳнинг ваҳийсига хизмат қилишда ахлоқий фалсафани қанчалик чуқур ва обдан муҳокама қилганликларини эслаб қолиш учун такрорлаш мақсадга мувофиқдир. Тўрт диний мактабдан учтаси – анъаначилар, Мотуридийя ва Муътазила ахлоқий ҳақиқатлар чиндан ҳам инсон ақлига маълум деб таъкидлаган бўлса, биттаси – Ашъарийя, бу фикрга қўшилмаган.

Ашъарийлик вакиллари инсон ақлининг нима фойдали ёки нима зарарли эканлигини билишини инкор этмадилар, лекин улар буни охиратда яхшилик ёки ёмонликни билишдан Аллоҳ томонидан мукофот ёки жазога эга бўлиш маъносида фарқлайдилар. Илоҳий қудратни ҳифз этиш учун улар Аллоҳ таолонинг ваҳийсидан олдин ва ундан ташқари ҳеч қандай яхшилик ёки ёмонлик тартиби мавжуд эмас, деб ҳисоблайдилар, бунда Аллоҳ таоло Ўзи истаган нарсани буюради, истамаганидан қайтаради.

Бошқалар эса Аллоҳ таоло инсон табиатига жо айлаган ва инсон ақли олдида ойдин илм ваҳий меъёрларига мос келади, деб ҳисоблайдилар. Бироқ ҳамма очиқ-ойдин баён қилинган ваҳий меъёрлари шубҳасиз устунликка эга эканига иттифоқ қилади. Демак, тафовутлар ваҳий сукут сақлаган ҳоллардагина ўз фойда ва самарасини бериши мумкин.

Шу ўринда шуни айтиш кифоя қиладики, Ашъарийя ҳам Имом ал-Ғаззолий сингари шариат шаклидаги исломий ҳуқуқий нормаларнинг аслида ҳам фойдали ва шунинг учун оқилона эканлигига шубҳа қилмайди. Демак, барча мактаблар Аллоҳнинг қонуни бу ҳаётда манфаатли ва оқилоналиги, охират учун саодат ёки бахтсизлик мезони эканига амалда якдилдир. Анъанавий мактаб қарашлари Имом Ибн ал-Қаййим томонидан қуйида жуда яхши таърифланган:

Дарҳақиқат, шариат ҳикмат ва бандаларнинг дунё ва охиратда саодатга эришишига асосланади. Бу тамомий адолат, раҳм-шафқат, фойда ва ҳикматдир. Зулм учун адолат, шафқатсизлик учун раҳм-шафқат, бузуқлик учун манфаат ва телбалик учун ҳикмат тарк қилинган ҳар бир масала, ҳатто талқин орқали киритилган бўлса ҳам, шариатдан бўлмайди.

Демак, Аллоҳ таолонинг барча яхшиликларнинг моҳиятини қамраб олган ва ҳар қандай ёмонликларнинг моҳиятини қайтарувчи очиқ амр ва тақиқларидан ташқари, уламолар қиёс ва қонуннинг мақсад ва вазифаларини ҳисобга олган ҳолда ақлий маъноларни кенгайтирадилар. Бу ҳуқуқ, фиқҳ соҳаси.

Аммо фиқҳдан ташқарида ҳам ботиний тафаккур, тарбия (руҳий тарбия) ва ботиний покланиш (тазкия), амалларимизни ислоҳ қилиш, оқилона чамалаш орқали ният ва одатларни тарбиялаш, фиқҳ олдида қилиш тавсия этилган ёки мубоҳ кўринишида қолдирилган хайрли амалларни кўпайтиришга эҳтиёж мавжуд.

Тахминан, 200 марта Аллоҳ Қуръонда маълум бир шакл ёки муайян гуруҳга ишора этмаган ҳолда “яхши амаллар қилиш”ни буюради. Аллоҳ “яхши амалларни” маълум бир амрлар ёки ибодат маросимларини бажариш билан чекламайди.

Қуръон ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибрат намунаси, Аллоҳ таоло солиҳлар ҳақида таъриф берганидек, биз муҳтожликдаги ҳар қандай кишига  яхшилик қилишга, Аллоҳ учун миннатдорчилик ва дунё мукофотини кутмай, ихлос билан яхши амаллар адо этишга буюрилганимизга далолат қилади.

“Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз” (Инсон, 9).

Кўпгина оятлар шуни кўрсатадики, яхши ишлар фақат мусулмонларга Исломни қабул қилиш шарти билан чеклаб қўйилмаган. Қуръони каримда мусулмон бўлмаган ота-она, қариндош-уруғ ва мискинларга бериладиган садақа ва меҳр ҳақида алоҳида сўз боради. Исломда яхши амаллар охиратда ҳам бошқаларга фойда келтириш билан чегараланмайди; биздан одамлар ва ҳатто ҳайвонларга ҳам ёрдам бериш ва раҳм-шафқат кўрсатиш сўралади. Аллоҳ меҳрибон, саховату раҳм-шафқатни яхши кўради ва пайғамбарнинг суннатига мувофиқ бўлган ҳар бир ихлос билан бажарилган амалимиз учун бизни ўз мукофоти билан сийлайди.

Бошқача қилиб айтганда, биз мўмин сифатида фарзлардан бошлаб, илоҳий ваҳийда очиқ-ойдин баён қилинган ва фиқҳий меъёрларда зикр қилинмаган барча яхшиликларни қилишга интилмоғимиз, буни севишимиз ва ўзимиз учун одат тусига айлантирмоғимиз лозим.

Толедо университети (АҚШ) фалсафа бўлимида исломшунослик кафедраси мудири, Yaqeen исломшунослик институти бош муҳаррири ва Ummatics институтининг асосчиси Овамир Анжум.

Давоми бор. Аввалги қисмларни ўқиш

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (1-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (2-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (3-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (4-қисм)

Мавзуга алоқадор