Россия корхоналари муҳожирларнинг мамлакатни тарк этиши фонида чет эллик ишчиларнинг маошларини кескин оширди - меҳнат бозорида уларнинг ўрнини эгаллайдиган ҳеч ким йўқлиги ошкор бўлиб қолди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” ўтказган тадқиқотда айтилади.

Ихтисослашган хизматлардан бирига кўра, йил бошидан буён муҳожирларнинг ойлик маошлари 40 фоизга ўсди ва бугунги кунда ойига 150 минг рубль даражасига етди. Гап, биринчи навбатда, пайвандчи, бетончи, монолитчи, арматурачи каби қурилиш касбларидаги муҳожирлар даромадлари ҳақида бормоқда.

Ўтган йили мамлакатда ишчи кучи тақчиллиги 4,8 миллион кишини ташкил қилган. Бу мегаполис аҳолиси сонига тенг бўлиб, ишчиларнинг кескин танқислиги маҳаллий компанияларни нафақат қўшни мамлакатлар, балки Африка қитъасида ҳам қидиришни бошлашга мажбур қилди: Жазоир, Кения, Зимбабве, Замбия.

МДҲ давлатларидан бўлган муҳожирларга келсак, уларнинг оқими деярли икки баробар қисқарди ва меҳнат бозоридаги умумий вазиятни ёмонлаштирди. Бундай вазиятда муҳожирларни “мўмай даромад”га қизиқтириш учун нимадир қилиш кераклиги аниқ бўлиб қолди.

Маълум бўлишича, бўшаб қолган иш ўринларни эгаллашлари учун россияликлар етарли эмас. Тадқиқотда таъкидланишича, муҳожирлар Меҳнат кодексида белгиланганидек кунига 8 соат эмас, балки 12-14 соат ишлайди. Баъзан, бетон қуйилиши керак бўлса, тунги сменада ҳам ишлаб қолишади. Бу жуда оғир иш. Шунингдек, улар ҳафтада эмас, балки ойда 1-2 кун дам олишади.

Нафақат қурилишда, балки занжирли савдо ташкилотларининг тақсимлаш омборларида ҳам ишчиларнинг кескин тақчиллиги кузатилмоқда. Буларнинг барчаси иш берувчиларни муҳожирларнинг иш ҳақларини оширишга мажбур қилмоқда.

Аввалроқ кўчмас мулк соҳасидаги етакчи экспертлардан бири Сергей Смирнов муҳожирларга қарши кампания уй харидорларига қарши қандай ўйнаганини айтиб берган эди. Унинг сўзларига кўра, "қурилиш нархини сақлаб қолиш" учун Давлат Думаси ишлаб чиқарувчиларнинг жавобгарлигини ва харидорлар олдидаги сифат кафолатларини камайтирадиган бир қатор қонунларни қабул қилди. Харажатларнинг ошишига асосий сабаб Давлат Думаси томонидан қабул қилинган миграция қонунлари, дея таъкидлади эксперт.

«Кўриб турганингиздек, бутун ҳикояда асосий зарар кўрган томон россиялик истеъмолчи - кучайиб бораётган ишчи кучи етишмаслиги одамларни товарлар ва хизматлар учун кўпроқ тўлашга мажбур қилади, улар сифатни ҳам йўқотади”, дейилади мақолада.

Мавзуга алоқадор