Шимолий Корея 2022 йил ўрталаридан бери Россияга 13 мингдан ортиқ юк контейнерларини жўнатди. Тахминларга кўра, уларда қурол-яроғлар бўлган. Бу ҳақда Newsweek Жанубий Корея разведка маълумотларига таяниб ёзмоқда.

КХДР Россия ва Украина ўртасида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин икки йил давомида ўзининг шарқий қисмидаги Нажин порти орқали қурол етказиб бермоқда. Юборилган контейнерларда олти миллиондан ортиқ 152 мм артиллерия снарядлари бўлиши мумкин. Шунингдек, КХДР 122 миллиметрли артиллерия снарядлари, мобил зенит-ракета мажмуалари, танкка қарши ракеталар ҳамда бошқа ҳарбий техника ва қуролларни юборган, деб ёзади нашр.

Денгиз орқали етказиб беришлар сони Жанубий Корея разведкаси 2024 йил февралида эълон қилган маълумотлардан қарийб икки баравар кўп. Ўшанда Жанубий Корея мудофаа вазири Шин Вон Сик Пхеньян Россияга қурол-яроғ ортилган 7 мингга яқин денгиз контейнерларини жўнатганини айтганди.

Июнь ойида Bloomberg мухбирлари билан суҳбатда Жанубий Корея мудофаа вазири КХДР Россияга қурол-яроғ етказиб берганини маълум қилганди. Бунинг эвазига эса Россия Шимолий Кореяга энергоресурслар, шунингдек, ракета ва жосус сунъий йўлдошлар яратиши учун космик технологиялар тақдим этган.

Россия Украина билан уруш бошланганидан кейин КХДР билан фаол алоқалар ўрнатишни бошлади. 2023 йил сентябрида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга, 2024 йил июнида эса Владимир Путин жавоб ташрифи билан келди.

Расмий равишда икки давлат ҳукуматлари учрашувларда ўзаро иқтисодий ҳамкорлик муҳокама қилингани ҳақида хабар бериб, КХДРнинг Россияга қурол етказиб беришини рад этиб келмоқда.

Мавзуга алоқадор