Нигерия, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва Индонезия Британиядаги фуқароларини мамлакат миқёсида содир бўлаётган тартибсизликлар ҳамда "мусулмонлар ёки рангли одамлар"га қарши ҳужумлар фонида одамлар гавжум жойларга бориш ва саёҳат қилишдан огоҳлантириб, эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилмоқда.
"Сиёсий юришлар ва намойишлар, митинглар ёки маршлардан қочинг, гавжум жойлар ва одамларнинг катта гуруҳларидан сақланинг, доимо ҳушёр ва эҳтиёт бўлинг", дея маълум қилди Нигерия Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни. БАА ва Малайзия Ташқи ишлар вазирликлари ҳам фуқароларга “зарурий эҳтиёт чораларини кўриш”, “сиёсий юришлар ва норозилик намойишларидан сақланишни” тавсия қилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган душанба куни Саутпортда пичоқли ҳужумда уч қиз ўлдирилганидан сўнг ҳафта давомида Британия шаҳар ва шаҳарчаларида зўравонлик ва мусулмонларга қарши погромлар авж олди. Фожиадан сўнг дарҳол ўта ўнг оммавий ахборот воситаларида ҳужумчи гўёки ислом динига эътиқод қилиши ва мамлакатда ноқонуний яшагани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалди. Бир қатор ўта ўнг нашрлар ҳатто 17 ёшли гумонланувчи учун "Али Ал-Шакати" исломий номини ҳам ўйлаб топишди.
Аввалроқ Британия ҳукумати тартибсизликларнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланган "Инглиз ўзини ўзи қайта тиклаш лигаси"нинг олти нафар аъзоси қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга алоқадор