Британиянинг Саутпорт шаҳрида душанба куни рақс дарсида номаълум шахс болаларга ҳужум қилиши натижасида улардан уч нафари ҳалок бўлди, бир қанчаси яраланди. Sky News хабарига кўра, шаҳар масжиди яқинида полиция билан тўқнашувлар содир бўлган.

Телеканал маълумотларига кўра, намойишчилар полиция фургонига ўт қўйиб, ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳужум қилган. Шу билан бирга, намойишчилар полицияга қарата улоқтириш учун асфальт бўлакларини қўпорган. Ҳуқуқ-тартибот ходимларига шиша ва петардалар ҳам отилган. Бир неча полициячи яраланган, улардан бирининг бурни синган.

Мерсисайд графлиги полицияси маълумотларига кўра, тартибсизликларни ўтмишда “Буюк Британиянинг исломийлашуви”га бир неча бор қарши чиққан ўта ўнгчи “Англия мудофаа лигаси” (English Defence League) ташкилоти тарафдорлари келтириб чиқарган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, 200 га яқин одам йиғилган. Саутпорт масжиди ҳужумчининг дини ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган тасдиқланмаган маълумотлар ортидан йиғилиш жойи сифатида танланган кўринади.

Ички ишлар вазири Иветте Купер аввалроқ Саутпорт фожиаси низо қўзғатиш ва нотўғри маълумот тарқатиш учун ишлатилмаслиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Полиция билан тўқнашув шаҳар марказида юзлаб одамлар фожиа қурбонларини хотирлаш учун қирғин содир бўлган жой яқинида тўпланган бир пайтда юз берди. Одамлар гуллар, шарлар ва юмшоқ ўйинчоқлар олиб келишди. Кўпчилик болалар билан келишди. Бош вазир Кей Стармер ҳам аввалроқ ҳужум жойига ташриф буюрган эди.

Маълумот учун, душанба куни америкалик эстрада хонандаси Тейлор Свифт томонидан болалар учун ташкиллаштирилган гуруҳли йога ва рақс дарси вақтида кардиффлик 17 ёшли йигит ҳужум содир этди. У ҳибсга олиниб, сўроқ қилинмоқда, бироқ расмийлар унинг исми ва бошқа тафсилотларини маълум қилгани йўқ.

The Times нашрининг ёзишича, гумонланувчининг ота-онасининг дугонаси у Руандадаги геноциддан қочиб, Британиядан бошпана топган “яхши оила”дан чиққанини билдирган. Ҳужум қилгани тахмин қилинаётган шахснинг ўзи қиролликда туғилган.

Унинг ҳужуми натижасида олти, етти ва тўққиз ёшли уч қиз қурбон бўлди. Сешанба куни беш нафар боланинг аҳволи оғир экани хабар қилинганди. Кейинроқ жабрланувчилар олиб кетилган Ливерпулдаги Алдер Ҳэй болалар касалхонасида икки боланинг аҳволи барқарор оғир, жонлантириш бўлимида қолаётгани ҳақида хабар берди.

Айни пайтда, Свифт ижодич мухлислари Алдер Ҳэй шифохонаси хайрия фонди учун 250 минг фунт стерлингдан (326 минг доллар) кўпроқ маблағ тўплашди.

Мавзуга алоқадор