Дунёвий давлатларда диний эркинликлар қандай таъминланган?
Диний таълим масаласида ҳаддан зиёд эҳтиёткорлик йўлини тутиб турган қатлам одатда ҳар ишда ғарб давлатлари ва ривожланган давлатлар қонунчилигига суянишлари сир эмас. Шу ва бошқа жиҳатлардан эътиборидан дунё мамлакатлари қонунчилигида айни масала юзасидан қандай қонунлар қабул қилганини қисқача ўрганиб чиқишни мақсадга мувофиқ деб билдик.
Германия
7-модда
(1) Барча мактаб ишлари давлат назоратидадир.
(2) Болаларни тарбиялаш учун масъул бўлган шахслар уларнинг
диний таълимдаги иштирокини ҳал қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
(3) Давлат мактабларида, ноконфессионал мактаблардан
ташқари, диний таълим мажбурий ҳисобланади. Диний таълим, давлатнинг назорат
қилиш ҳуқуқини бузмаган ҳолда,диний жамоаларнинг принципларига мос ҳолда олиб
борилади. Ҳеч қайси муаллим ўз хоҳишига қарши диний таълим беришга мажбур эмас.
Испания
27-модда
1. Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим эркинлиги тан
олинади.
2. Таълимнинг мақсади – киши шахсини асосий ҳуқуқ ва
эркинликлари ва бирга яшашнинг демократик принципларини ҳурмат қилган ҳолда ҳар
томонлама ривожлантиришдан иборат.
3. Давлат ҳокимияти ота-оналарга ўзларининг фарзандлари учун
ўз эътиқодларига мос диний ва маънавий тарбияни танлашда ёрдам бериш ҳуқуқини
кафолатлайди.
Австрия
17-модда
Фан ва унинг назариясининг ривожланиши эркиндир.
Ҳар бир фуқаро, агар фойдалилиги қонунда кўзда тутилган
тартибларда тасдиқланса, ўқув ва тарбиявий муассасалар ташкил этиш ва уларда
таълим бериш билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Кўрсатилган чекловлар хонадон
(уй)да таълим беришга тааллуқли эмас.
Мактабларда диний таълим бериш ҳақида черковлар ва диний
жамоалар ташвиш чекишлари керак.
Таълим ва тарбия бўйича барча ишларни назорат қилиш ва
раҳбарлик қилиш ҳуқуқи давлатга тегишлидир.
Бельгия
24-модда
§1. Таълим мустақилдир, ҳар қандай олдини олувчи чоралар ман
қилинади, ҳуқуқбузарликлар учун таъқиб қилиш қонун ёки декрет биланбошқарилади.
Давлат (сообщество) ота-оналарга ўз фарзандлари учун таълим
танлаш эркинлигини таъминлайди.
Давлат (сообщество) бетараф (нейтрал) бўлган таълимни ташкил
қилади.
Бетарафлик (нейтраллик), хусусан, ота-оналар ва
ўқувчиларнинг фалсафий, идеологик (ғоявий) ва диний қарашларини ҳурмат қилишни
назарда тутади.
Давлат ҳукумати томонидан ташкил этиладиган мактаблар
мажбурий таълимнинг охиригача ноконфессионал (диний бўлмаган) таълим ва бирорта
қабул қилинган дин ўртасида танлаш имкониятини яратадилар.
§ 3. Ҳар ким асосий эркинлик ва ҳуқуқларга риоя қилган ҳолда
таълим олиш ҳуқуқига эга.
Таълим олиш мажбурий мактаб таълимининг охиригача бепулдир.
Мажбурий таълим олиши лозим бўлган барча ўқувчилар
(сообщество) ҳисобидан руҳоний ва диний таълим олиш ҳуқуқига эгадирлар.
§ 4. Барча ўқувчилар ёки талабалар, ота-оналар ва таълим
муассасаси жамоасининг аъзолари қонун ва декрет олдида тенгдирлар. Шунинг билан
бир вақтда қонун ва декрет уларнинг объектив фарқларини, хусусан, алоҳида
ёндошишни талаб қилувчи ташкилотчилик қобилиятларини эътиборга олади.
Малайзия
12-модда
2. Ҳар қандай диний жамоа болалар таълим муассасасини ташкил
этиши ва ўз динини ўқитишни жорий этиш ҳуқуқига эга, аммо бундай таълим
муассасаларига оид қонунларда ҳам, бу қонунларни ижро қилишда ҳам диний
сабаблар билан ҳар қандай камситишлар (дискриминация) га йўл қўйилмайди. Шундай
бўлса-да, федерал қонунларда ислом диний таълим муассасаларини тузиш ва
фаолиятини ташкил этиш ёки ислом динини зарурий ҳажмда ўқитишни ташкил этиш
мақсадида махсус молиявий ёрдам бериш кўзда тутилиши мумкин.
3. Ҳеч ким ўзи эътиқод қилмайдиган динни ўрганишга ёки диний
маросимларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.
Сингапур
16-модда
Малайзияники билан бир хил.
Ҳиндистон
28. Баъзи ўқув муассасаларида диний дарслар ва маросимлар(ибодатлар)га
қатнашиш эркинлиги
1. Тўлалигича давлат таъминотида бўлган ўқув муассасаларида
ҳеч қандай диний таълим ўтилмайди.
2. Давлат бошқарувида бўлган, аммо диний таълим ўтиш шарти
билан давлатга ҳадя ёки ишончли мулк қилиб берилган таълим муассасаларга
1-банднинг алоқаси йўқ.
30. Озчиликнинг таълим муассасалари очиш ва бошқариш ҳуқуқи.
1. Ҳоҳ диний хоҳ лингвистик (тил) озчилик ўз хоҳишига қараб
ўқув муассасаси ташкил қилиш ва бошқариш ҳуқуқига эга.
2. Давлат таълим муассасаларига ёрдам беришда уларнинг диний
ёки лингвистик (тил) озчилик томонидан бошқарилишига қараб дискриминация
(камситиш)га йўл қўймаслиги керак.
Туркия
VI. Дин ва виждон эркинлиги
24-модда
... Диний ва ахлоқий талим ва тарбия давлат назорати остида
амалга оширилади. Диний ва ахлоқий тарбия бошланғич ва ўрта мактабларнинг ўқув
режаларида мажбурий элемент ҳисобланади. Бирор бошқа диний таълим ва тарбия
олиш шахснинг хоҳишига, балоғат ёшига етмаганлар учун эса уларнинг қонуний
вакиллари ихтиёрларига боғлиқ.
Дин ва диний ҳис туйғуларни, шунингдек муқаддас деб
ҳисобланган нарсаларни шахсий ёки сиёсий манфаатларни таъминлаш мақсадида
эксплуатация ёки суиистеъмол қилишга йў қўйилмайди.
Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бироқ, гап чўзилмасин
учун асосий ва биз учун намуна бўла оладиган давлатлар қонунларидан иқтибос
келтириш билан кифояландик.
Жаҳон тажрибаси
Юқорида келтирилган қонуний асосларнинг дунё
мамлакатларидаги амалий ижроси ҳақида тўхталиб ўтиш даркор. Зотан, ҳар қандай
соҳада ҳам дунё тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас.
АҚШ
Америкада хусусий диний мактаблар жуда ҳам кўп. Жумладан,
исломий марказлар қошида ҳам шундай мактаблар бор. Ана шундай мактаблардан
бирида фарзандлари таълим олаётган ўзбек фуқаросининг таъкидлашича, бундай
хусусий мактабларда мактаб фанлари давлат тасарруфидаги мактабларга нисбатан
сифатли ва яхши ўргатилар экан. Мактабда тушликкаача диний таълим ‒ Қуръони
Карим ва ҳадислар ўргатилади. Тушликдан кейин эса мактабнинг одатий фанлари
ўқитилади.
Америкада масжидлар қошида Қуръон курслари очилган бўлиб,
болалар пешингача мактабда ўқиб, тушликдан кейин масжиддаги диний таълим
курсларига қатнашади.
Германия
Германияда мактабларда диний таълим тушликдан кейинга
қўйилган. Бунинг учун маълум адад (масалан, 10, 15 та) ўқувчи қайсидир дин
бўйича таълим олиш истагини билдирса, улар учун маълум бир синфда диний таълим
ташкиллаштирилади. Мисол учун, бир синфда насронийликдан, бошқасида Исломдан
дарс ўтилади. Ўқувчилар истаган синфида ўзи истаган диндан таълим олади.
Бундан ташқари диний ташкилотлар қошида ҳам диний таълим
олиш мумкин ва уларда ҳеч қандай ёш чеклови йўқ.
Туркия
Туркияда диний таълим давлат мактабларида жуда ҳам яхши
савияда ўқитилади. Мактаб фанлари ичида араб тили, Қуръон, ҳадис, фиқҳ, сийрат,
тафсир илмлари ўрин олган. Фанлар табиатига кўра бошланғич синфдан тартиб билан
ўтилади.
Бундан ташқари, Туркияда диний таълим масжидларда ҳам турли
хил услубларда йўлга қўйилган. Айрим масжидларда фақат Қуръон таълими берилса,
айримларида араб тили ва диний илмлар ҳам ўқитилади. Ёзги таътилдан унумли
фойдаланиш мақсадида мамлакат бўйлаб йўлга қўйиладиган Қуръон курсларида юз
минглаб болалар таълим олади.
БАА
БААда ҳукумат мактабларида Қуръон, ҳадис, тафир, фиқҳ ва
бошқа илмлар ўқитилади. Маҳаллий мактаблардан ташқари ажнабий халқлар вакиллари
учун очилган мактабларда ҳам Ислом динидан таълим берилади.
Амирликда маълум ададдаги оила ўз фарзандлари учун алоҳида
мактаб очиши, у ерда ўзининг қадрятлари ва динини болаларга ўргатиши мумкин.
Фақат шарти шуки, ҳафтада энг камида битта дарс Ислом динини ўргатишга
бағишланган бўлиши керак. Уларнинг қарашларича, мусулмон жамиятда яшамоқчи
бўлган номусулмон халқлар ислом маданиятидан бохабар бўлиши шарт.
Россия
Россияда диний ташкилотлар қошида диний таълим муассалари
кўп бўлиб, уларда мактаб ёшидаги болалар ҳам таълим олиши мукин. Биргина
Доғистонда 3 млн аҳоли учун 20 дан ошиқ мадраса мавжуд. Уларда мактаб ёшидаги
болалар мактаб дарсларидан чиқиб, мадрасаларда Қуръон ёдлашади, илм олишади.
Бундан ташқари масжидларда Қуръон таълими курслари ҳам кенг
оммалашган. Масжидларда ақида, фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмларда мўътабар асарлар
асосида дарслар ташкиллаштирилади.
Филиппин
Филиппинда ҳам истовчилар учун мактабда диний таълим бериш
йўлга қўйилган. Бу борада ҳеч бир дин аҳли учун чеклов йўқ.
Филиппинга ишлгани борган юртдошларимиз болаларини мактабга
олиб борса, мусулмонликларини эътиборга олиб, мактаб маъмурияти уларга ҳалол
таомлар ҳозирлаб беришни ва агар исташса, диний таълимни йўлга қўйиб беришлари
мумкинлигини айтишган. Уларда ҳам маълум ададдаги талабалар бирорта дин бўйича
таълим олишни исташса, шу бўйича махсус дарс ташкиллаштирилар экан.
Қозоғистон ва Қирғизистон
Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам болаларга диний таълим
бериш талайгина шароитлар яратилган. Уларда мактабда диний таълим берилмасада,
мактаб ёшдагиларнинг масжидмадрасалар, қорихоналар ва махсус марказларда диний
таълим олишлари учун кенг имконият мавжуд.
Масалан, Қирғизистонда айрим жойларда мактаб қаршисида
мадраса ёки қорихоналар қад кўтарган бўлиб, диний таълим олмоқчи бўлган болалар
тушликдан сўнг мактабдан тўғри мадраса ёки қорихонага ўтиб, илм таҳсилини давом
эттиради.
Қозоғистонда ёзги таътил олдидан ҳукумат масъуллари диний
ходимлар зиммасига мактаб болалари кўчада қолмаслиги, жиноятларнинг олдини олиш
мақсадида масжидларда диний таълим бериш тавсия этилади.
Очиғини айтганда, устоз шогирд услубидаги анъанавий таълим
1400 йиллик тарихга эга бўлиш билан бирга, бугун ҳам мусулмонлар яшаётган
мамлакатларда давом этиб келмоқда. Умуман олган, Ислом оламини қўйинг, Россия,
Корея ва бошқа республикаларда ҳам Қуръон, ҳадис, фиқҳ каби соф исломий
илмларни ўқитиш учун ҳеч қандай чеклов ёки қайд йўқ, масжидларда ҳам, бошқа
жойларда ҳам ўқитилаверади. Зеро, бу аслида ахборот ва сўз эркинлиги тахтига
дохил ҳодиса ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, масжидларда диний таълим бутун дунёда бор, деярли барча мамлакатда топилади, диний ташкилотларга оид қонунларда бу ваколат кафолатлаб қўйилган. Бу борада дунё илғорлаб кетган ва ҳеч қаерда бу таълимдан муаммо чиққани қайд қилинмаган. Агар қеарда Исломни ўрганиш сабабли муаммо чиқса, ё таълим услуби яроқсиз, ёки мақсад ўзи шунга қаратилган бўлади. Соф Ислом таълимида ҳеч бир жамият учун зарар бўлиши мумкин эмас.