Россиядаги камситишлар. Мухожирларга босим нега кучайиб кетди? (видео)
Москвадаги қонли ҳужумлардан сўнг Россияда миллатчилик ва шовинизм қайтадан бош кўтарди. Муҳожирлар калтакланмоқда, вандализм ва ирқчилик ҳолатлари кўпайган. Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Тожикистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналари ва бошқа мутасадди идоралари) Россияда меҳнат қилаётган фуқароларини огоҳлантирди.
Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Россиядаги меҳнат муҳожирларининг салмоқли қисмини ташкил этади. Улар, айниқса, чакана савдо, транспорт ва қурилиш соҳаларида кўп. Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда Марказий Осиёдан 10,5 миллионга яқин муҳожир меҳнат қилади. Бундан ҳам кўпроғи рўйхатдан ўтмаганлар бўлиши мумкин. Бу Россиянинг визасиз режими билан боғлиқ.
Афсуски, ҳодисадан кейин муҳожирларга нисбатан босимлар кучайди. Россиянинг Узоқ Шарқидаги Благовешенск шаҳрида муҳожирларга тегишли корхона ёқиб юборилди, Москва жануби-ғарбидаги Калуга шаҳрида эса бир неча муҳожир калтакланди. Қирғизистонлик муҳожирлар икки кун давомида Москванинг Шереметево аэропортида ушлаб турилган ва уйларига қайтарилгунга қадар озиқ-овқат ва сувсиз хонага қамалган, Москвадаги такси ҳайдовчиларидан эса мижозлар тожикистонлик эмасмисан деб сўрай бошлади. Полиция бутун мамлакат бўйлаб ётоқхоналар ва муҳожирлар ётоқхоналарида рейд ўтказди ва бир неча кишини ҳибсга олди. Уларнинг сони ўсишда давом этаяпти. Россиядаги камситишлар одатда “славянга ўхшамаган” муҳожирларга таъсир қилади, “хўрлаш ва зўравонлик асосан оддий одамлардан эмас, Россия ҳуқуқ-тартибот органларидан келади”. Бу эса Россияда миллатчилик ва шовинизмнинг янада кучайишига туртки берди. Аслида миллатчилик Россияга ёт ҳодиса эмас. 1916 йилда генерал Куропаткин: “Туркистонликлар ўз маҳаллий ва миллий манфаатларини Россия ва буюк рус халқининг манфаатлари билан бир қаторга қўя олмайдилар. Россия энг аввало руслар учундир…” деган эди. Пролетариат доҳийларидан бири – Фрихрих Энгелс Россияни “Миллатлар зиндони” деб атаган. У бугун ҳам миллатлар зиндони ҳолида қолгандир.
Аслида террорчиликнинг миллати ва дини бўлмайди, дейишади. Аммо Россияда 4 нафар тожикни деб бутун нославян кўринишдагилар ёмонотлиққа чиқди. Россиянинг барча шаҳарларида бундай рейдлар ва оммавий депортация қилиш ҳолатлари кўпайди. Айниқса, тожикистонлик мигрантлар ва масжидлар рейдларнинг асосий нишонига айланмоқда. Сабаблари оддий. Назаримизда, бугунги миллатчиликнинг биринчи омили Россия ҳукуматининг ўзини сақлаб қолиш уриниши. Украинага қарши урушнинг кучайиб бориши шароитида халқнинг норозилиги пайдо бўлаётганди. Халқнинг кўтарилиши олдини олиш, уларни бир мақсад йўлида бирлаштириш. Яъни барча муаммоларда Украина ва мустақиллигини сақлаб қолишга уринаётган давлатларни олабўжи қилиб кўрсатиш. Айбни Украинага ағдариш орқали халқ қўлловини кучайтиришга эришиш. Ижтимоий ва иқтисодиётни расво қилишгани ошкор бўлиб қолаётгани фонида дарров айбни мигрантларга ағдариш. Яъни халқ учун ташқи душман топиб берилади. Бу гўё рус халқини жипслаштиради. Халқни ҳукуматнинг ўғирлиги, нўноқлиги боис келиб чиққан сиёсий-иқтисодий муаммолардан чалғитади. “Ҳамма муаммоларга мана шу келгиндилар айбдор, улар бўлмаганда иш жойлари кўп бўларди, яхшироқ яшардинглар” деган мужда берилади. Бирорта мигрант кичкина маъмурий жаримага сабаб бўладиган қоидабузарлик қилса ҳам “мана ҳамма жиноятни мигрантлар” қиляпти, деб жар солинади. Ёлғон яшиқдан иборат пропаганда машинаси ишга тушади. Давлат ресурслари жалб этилади. Барча ёмон жиноятлар фақат мигрантлар томонидан амалга ошириляпти, деган фикр сингдирилади. Содда халқ ҳам бу информацион тузоққа лаққа тушади. Аламини келгиндилардан олади. Натижада, кўчаларда хорижликларга ҳужумлар, уларни ҳақорат қилиш, дўкон ва идораларда уларга хизмат кўрсатишни рад этиш ҳолатлари кўпаяди. Ҳукумат шу йўл билан аҳолини асосий ва ўткир муаммолардан чалғитади.
Қолаверса, Украинадаги уруш фонида Марказий Осиё давлатларининг Москва тизгинидан чиқиб кетаётгани Кремлни ташвишга солиб қўйди. Энди Москва мигрантларга босим кўрсатиш орқали Тожикистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишга, Ўзбекистонни ЕОИИ ва ОДКБга қайтаришга босим кўрсатмоқчи. Шу йўл билан Марказий Осиёдаги давлатлар аҳолисининг мигрантлар жўнатаётган пулга қарамлиги, ишсизликни, яъники сиёсий беқарорликка олиб келиши мумкин бўлган муаммони айнан Россия билвосита жиловлаб тургани эслатиб қўйилади. Боз устига, РФ мудофаа вазири Шойгу МОда минглаб Россияга қарши ННТ лар Ғарб қўли билан яратилгани ҳақида баёнот берган эди. Энди бу ННТлар хавфсизликка таҳдид солувчи террористик, экстремистик гуруҳларга мойил кучлар сифатида фаолияти чекланиши мумкин.
Қолаверса, Украина масаласида Россия Марказий Осиё давлатларидан кўпроқ ҳамкорлик истайди. Бироқ сиёсий майдонда яккамохов бўлиб қолган Россия билан ҳамкорлик ҳозир ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис рус ҳукумати шу йўл билан минтақа давлатларига ўзига хос “сигнал” йўллаётган бўлиши ҳам мумкин.
Россия элитаси миллатчилик оғир оқибатларга олиб келишини тушунмаяпти ёки қасддан содир этяпти. Бу оғир муаммоларга олиб келишини Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ҳам бежизга таъкидлагани йўқ. Миллатчилик – бир ҳудудда яшаётган бир қисм аҳолининг, шу ҳудудда ёки қўшни мамлакатларда яшаётган бошқа бир қисм аҳолига нисбатан ҳар қандай кўринишдаги адоватидир. Бу – сиёсат. Бошқарув қўлдан кетиши мумкин бўлган вазиятларда кўпчиликнинг эътиборини, диққатини бошқа нуқтага қаратиш, чалғитиш орқали мақсадга етиш сиёсатидир.
Миллатчилик фашизмнинг, нацизм, шовинизм, расизм, сионизм ва бошқа иллатларнинг ҳамроҳи. Демак, миллатчилик авж олган ерда улардан ҳеч бўлмаса бири томир отади. Айримлар миллатчиликнинг давлат ва унинг туб аҳолиси учун ижобий оқибатлари ҳам бор, дейишади. Асосан бу ҳол фидойиликка, ватанга муҳаббатга сабаб бўлади деб билишади, уқтиришади. Аслида, бу ўзни алдашдан бошқа нарса эмас. Сабаби, ҳар қандай миллатчилик негизида ксенофобия – ўзгалардан чўчиш, “бегоналар” дан ҳадиксираш, нафратланиш туйғуси ётади. Ватанни севишнинг эса миллатчиликка умуман алоқаси йўқ. Ўзга бир миллатни, халқни ёмон кўриш ватанни севишга олиб келмайди. Ватанга муҳаббат қўйган киши унинг бору йўғини, оқу қорасини, баланду пастини, барча миллатларини баб-баравар севаверади.
Айтмоқчиманки, Россияда миллатчилик ва шовинизм тўхтамайди. Ривожланишда давом этади. Ким ҳокимият тепасида бўлишидан қатъий назар, мамлакат ҳудудини кенгайтиришда давом этади. Биз буюк миллатмиз. Бизга Ғарб таҳдид солмоқда, деган маънода собиқ совет республикаларини ўз назорати остига олишдан тап тортмайди. Энди Кремль улар билан тенг ҳуқуқли иттифоқдош мамлакат тузмоқчи эмас, балки уларни ўз таркибига қўшиб олмоқчи. Россиялик тарихчилар ва сиёсатчиларнинг тез-тез ўзбеклар ва марказий осиёликларни камситувчи баёнотлари шундан далолат беради. Марказий Осиё давлатлари ҳам Москва таъсир доирасида бўлгани сабабли аччиқ баёнотларга қарамай, узоқлаша олмайди.
Россия расмийлари муҳожирларга қарши кенг кўламли кампанияларни олиб бораверади. Ўтган йилги кампания натижасида 15 мингдан ортиқ муҳожир депортация қилингани хабар қилинган. Тожикистон, мутахассисларнинг айтишича, ялпи ички маҳсулотининг ярми қариндошларнинг хориждан юборган пул ўтказмаларига тўғри келади. Шунинг учун ҳам улар “кўп муаммоларга қарамай” Россияга бораверади. Россиянинг мураккаб иммиграция қонунлари, ҳатто қонуний келган ишчилар ҳам кўпинча керакли ҳужжатларсиз қолиб кетишига сабаб бўлади. Ҳужжатсиз муҳожир бўлиш уларнинг иш берувчилар томонидан таҳқирланишига, ёмон яшаш шароитларига ва тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти бўлмаслигига сабаб бўлади. Москвадаги терактдан кўп ўтмай, бир қанча россиялик депутатлар иммиграция қонунчилигини кучайтиришга чақирдилар. Улардан бири муҳожирларни Россиядан “кичик қоидабузарлик учун” чиқариб юборишни таклиф қилган. Лекин бунга реал имконият йўқ, чунки Россия ҳам Марказий Осиёдан келган муҳожирлардан наф кўради. Бундан ташқари, сиёсатчилар Россиянинг жамики аҳолиси ва Марказий Осиёдан келган мигрантлар Ғарбга қарши бирлашиши керак, деб туришибди. Иккинчи томондан эса, Украинага қарши уруш баҳонасида ўта ўнг кайфиятларга ўзлари мой сепиб қўйиб, энди бу жангари кайфият мигрантларга қарши қаратилишининг олдини олишга ақллари етмаётир. Қолаверса, улар яқинда патриарх Кириллдек нуфузли одам тили билан “мигрантлар, айниқса марказий осиёликлар Россия учун хатарли, чунки улар бошқа дин мансублари бўлиб, россияликларнинг тамаддуний бирлигига путур етказади”, деган гапни айтишди. Бошқа тарафдан эса, Украина уруши муносабати билан Россияда демографик инқироз кескинлашган ва Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантларисиз ҳукумат инқироз олдида ожиз қолади. Украинадаги уруш сабабли Россияда ишчи кучи танқислиги ортган. Бироқ кўп йиллик таранглик ва ксенофобия Россиядаги муҳожирларнинг асабий яшашига сабаб бўлади. Россиялик сиёсатчи, Владимир Путиннинг асосий сафдоши Сергей Миронов “миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш” учун Марказий Осиё давлатлари аҳолиси учун визасиз сафарни бекор қилишни таклиф қилди. Ҳудудига нисбатан аҳолиси кам бўлган Россия бу чорага қўл уролмайди. Фақат Россия ҳукумати террорчилик ҳужумларига қарши туриш учун миграция жараёнлари устидан назоратни кучайтириши мумкин.
Назаримда ксенофобия шароитида ҳам МО халқи Россияда ишлашдан кўнгил узолмайди. Аввал ҳам ишлаган, бундан кейин ҳам бу жараён давом этади. Аммо терактлар алами россияликларнинг эсидан чиққунича минтақа давлатлари, айниқса тожикистонликларнинг қўрқувдан қайтиб келиш ҳолатлари кучаяди. Икки буюк давлат – Хитой ва Россия ўртасида жойлашган МО давлатлари Москва билан муроса қилиб яшашдан, аҳолининг эса Россияда меҳнат мигранти сифатида ишлашидан бошқа иложи йўқ. Россия мабодо урушда Украинани енгса, албатта, ғолиб сифатида унинг катта ҳудудига эга чиқади ва натижада у ерни қайта тиклаш учун яна “қора мардикор” лар армияси керак бўлади.