15.01.2025 19:18
Ўзбекка нима бўляпти: хорижликлар «улама киприк»дан кейин «қўлбола ароқ»ни кулгу қилишадими? (видео)
Бугун нафақат ўзбек ОАВлари, балки хориж нашрлари ҳам Туркиянинг Истанбул шаҳрида қалбаки спиртли ичимликлар истеъмоли оқибатида вафот этган ўзбеклар ҳақида ёзишмоқда. Эътиборлиси, қўлбола ароқни ичиб, абадий ҳаёт сари йўл олганлар орасида ўзбек аёли ҳам бор. Албатта, бу билан оила масъулиятини зиммасига олиши керак бўлган кучли жинс вакиллари ароқхўрликни касб қилса бўлаверади, дейишдан йироқмиз. Фақат айни пайтда кўнгилни қорайтириб, инсонни ақлдан оздирадиган «ёмонликлар онаси»нинг жамиятда томир отаётганидан қайғуряпмиз.
Ўтган ноябрь ойида туркиялик стендапчи аёл ўзининг чиқишларидан бирида «Улама киприк тақсам ўзбек фоҳишаларга ўхшайман», деб кўпчилик миллатдошларимизнинг ғазабини қўзғатган эди. Бунга жавобан Туркияда яшовчи ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда кескин муносабат билдириб, Ўздендан узр сўрашни талаб қилишди. Улар бундай камситувчи ибораларни санъат ва ҳазил номи билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлашди. Кичик бир шоудаги чиқишининг ижтимоий медиадаги катта бир акс садолари ортидан Уммухан Ўзден ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ёпиб қўйди. Уни судга тортилгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.
Албатта, бутун миллатни ҳақорат қилишни ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди, бироқ ўша халққа нисбатан халқаро жамоатчилик орасида ёмон тасаввур уйғотаётганларни, уларнинг бу аҳволга тушишига шароит яратиб бераётган масъулларни қандай оқлаш мумкин!?
Ҳолбуки юқоридаги ҳазил пайдо бўлишидан аввал нафақат ўзбек ОАВларида, балки хорижий нашрларда ҳам хорижда фоҳишалик билан шуғулланаётган ўнлаб Ўзбекистон фуқаролари қўлга олингани ҳақидаги хабарлар болалаганди.
Энди-чи? Сал аввалроқ Андижонда 5 киши «Ўзбекистон» коньягидан заҳарланиб вафот этганидан хабар топган бўлсак, куни кеча, 11 январь куни Самарқандда 10 киши қўлбола ароқ туфайли оламдан ўтганини эшитдик. Бугун эса Истанбулдаги воқеа...
Ўзбекка нима бўляпти? Гўёки «замонавийлик», «тараққиёт» ва бошқа жилокор сўзлар билан ўзининг асл қадриятларидан узоқлаштирилаётган халқ нега аждодларининг муваффақиятларидан бирини бўлса-да такрорлай олмаяпти? Бунга ким айбдор?
Тарихга назар ташласак, туркистонликлар орасига ароқхўрликни ёйишга хизмат қилган Совет ҳукумати ҳам одамлар онгининг ўтмаслашишидан манфаатдор бўлган. Мустамлакачилар учун мусулмонларнинг сиёсий исёнидан кўра, мана шундай маънавий исёни хавфсиз ҳисобланган.
Афсуски, бугунги кунда ҳам ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги овқатланиш жойлари ва дўконларда спиртли ичимликларнинг мажбуран соттирилаётгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушиб қоляпти. Бу ҳам қайсидир маънода Совет режимининг «анъанаси» ҳалигача давом эттирилаётганидан нишона беради.
Хўш, бу билан нимага эришяпмиз? Эртага спиртли ичимликларга ошно тутинган ўғил-қизларимиз миллат обрўйини қай даражада кўкка кўтаради? Яқинда Нукусда рўй берган воқеани ёдга олайлик. Халқимизнинг осойишталигини таъминлаши керак бўлган маст аскар, бунинг ўрнига, ўз уйида ухлаб ётган аёлга тегажоғлик қилган ва яна беш кишини пичоқлаган. Бу кўнгилни хира қилувчи ҳодисалар, аҳоли орасида спиртли ичимликларнинг тарқатилишини чеклаб, унинг ўрнига ўзининг асл қадриятларини ўргатиш вақти келганидан дарак бермаяптими?
Энг қизиғи, 21-асрда спиртли ичимликларнинг зарари ҳақида нафақат ислом уламолари, балки оддий одамлар ҳам яхши билишади. Алкоголь инсоннинг саломатлигига ҳамда руҳий ҳолатига зарар етказиши сир эмас. Ароқхўрлик ҳаттоки оилавий муносабатлар, ижтимоий барқарорлик ва ахлоқнинг бузилишига ҳам олиб келади.
Келинг, фикрларимизни далиллайлик: ичкиликбозлик кенг ёйилган Россиядаги беш мингга яқин суд ишларини ўрганган "Вёрстка" нашри 2024 йилнинг биринчи ярмида ўз жуфтини ўлдирган эркакларнинг 84 фоизи маст ҳолатда бўлганини аниқлаган. Бот-бот Марказий Осиё давлатларига «катта оғалик»ни даъво қиладиган мамлакатнинг тажрибаси ҳам бизга сабоқ бўлиши керак.
Аллоҳ Таоло айтади: "Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!" ("Моида" сураси, 90–91).