01.10.2025 17:37
80

Трамп: Мирзиёев бир сўзли инсон

Бугунги глобаллашув шароитида кўп томонлама дипломатия тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. БМТ халқаро ҳаётдаги энг обрўли тузилма сифатида давлатларнинг тинчлик ва барқарорлик йўлидаги ҳамкорлигига хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси ҳам мустақиллик йилларида БМТ билан яқин алоқаларга киришди, айниқса, сўнгги йилларда бу муносабат сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистон бугун минтақа ва халқаро майдондаги воқеаларга бефарқ эмас. Ваҳоланки, яқин пайтларгача биз бундай низоларга бу бизнинг ишимиз эмас, бизга тааллуқли муаммо эмас қабилида иш тутардик. Бугун вазият тамомила бошқача: Янги Ўзбекистон президенти дунёда содир бўлаётган воқеликларга дахлдорлик билан муносабат билдиряпти. Дунёда Ўзбекистонга таъсир кўрсатмайдиган бирор бир майда масаланинг ўзи йўқлигини таъкидлаяпти.
 
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида қилган нутқида халқаро хавфсизлик, таълим, сув ресурслари, экология, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим соҳаларда ташаббуслар илгари сурди. Бу таклифлар халқаро ҳамжамиятдан кенг қўллов олди.

Фаластин – исроил муаммоси ва Ўзбекистоннинг позицияси

Президент нутқида энг кўп эътиборни тортган масала – Фаластин-исроил можароси бўлди. Мирзиёев БМТ резолюцияларига мувофиқ “икки халқ – икки давлат” тамойилини қўллаб-қувватлашини қатъий билдирди. Унинг таъкидлашича, фақат шу йўл орқали икки халқнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мумкин.

Ғазо секторидаги оғир вазият, аёллар ва болалар қурбон бўлаётгани, юз минглаб аҳолининг уйидан айрилаётгани президент нутқида алоҳида қайд этилди. У ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, сиёсий музокараларни қайта тиклашга чақирди. Бу – адолатли ва барқарор ечимнинг ягона йўли сифатида кўрсатилди.

Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, гуманитар фожиаларни кескин қоралаб, халқаро майдонда икки хил стандартлар мавжудлиги урушнинг кенгайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг амалий ёрдами

Ўзбекистон нафақат сиёсий баёнотларда, балки амалий ишлар орқали ҳам Фаластин халқига ёрдам кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз 1,5 миллион доллар ёрдам маблағи ажратди, Ўзбекистон президентининг урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни мамлакат шифохоналарида бепул даволашга тайёрлиги ҳақидаги ташаббуси ва юртимизда юздан зиёд фаластинликка бошпана берилиши алоҳида эътиборга лойиқдир. Ғазо аҳолисининг баъзиларига бошпана берилди ва шифохоналаримизда фаластинлик болалар ва аёлларни бепул даволаш йўлга қўйилди. Мана шу ташаббус орқали Ўзбекистон раҳбари Фаластин аҳлини сўзда эмас, амалда қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Шавкат Мирзиёевнинг нутқида кўтарилган таклифлар кўп миллатли ва бағрикенг Ўзбекистон халқи кўнглидаги гап бўлди. Аслини олганда, биз яшаётган минтақа халқлари дунёга доим тинчликни соғинувчи ўлка сифатида танилиб келган.
  
Шу билан бирга, исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг нутқи вақтида Ўзбекистон делегациясининг БМТда зални тарк этиши ҳам сиёсий жиҳатдан муҳим ишора бўлди. Бу ҳаракат мамлакатимизнинг Ғазо халқи билан бирдамлигини кўрсатади.

Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари

23 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев дунёнинг етакчи давлати – АҚШ раҳбари Дональд Трамп билан мулоқот қилди. Марказий Осиё давлатлари ичида фақат Ўзбекистон президентига бундай шараф насиб этгани Вашингтоннинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончи юқорилигидан далолат беради. Аниқроқ айтганда, мазкур учрашув минтақада етакчиликка интилаётган қўшни давлат раҳбариятини ҳам ўйлантириб қўйди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмард Тўқаевнинг АҚШдан қайтиши билан элчи ва ташқи ишлар вазирини ишдан олиши бу фикрни янада мустаҳкамлайди. Демак, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётгани, бизнес учун қулай шароитлар яратилаётгани ва ислоҳотларнинг самараси бутун дунёда тан олина бошланди. Бу келишувлар халқимиз ҳаётини яхшилашга, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган муҳим тадбирда Шавкат Мирзиёевнинг Америка етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашуви чуқур тарихий аҳамият касб этди. Фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, молия ва инновациялар, кимё, энергетика каби устувор йўналишларда умумий қиймати 100 миллиард доллардан зиёд бўлган шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели имзоланди. Бу кўрсаткич мамлакатимиз иқтисодий ривожланиши учун улкан қадам бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлади.

Президент Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган оқилона сиёсати натижасида Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Мамлакатимизда очиқлик, жадаллик ва конструктив сиёсат асосида Америка билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари шаклланмоқда. Дональд Трампнинг “Президент Мирзиёев – бир сўзли инсон, биз биргаликда ишлашда давом этамиз” деган баёноти ҳам ана шу ишончнинг ифодасидир. Америкаликларнинг “Одамларнинг сўзига эмас, ишига боқ” деган мақоли президентимиз фаолиятига тўла мос келади. Мирзиёев амалий ишлари билан жаҳон ҳамжамиятида обрў қозонди, Ўзбекистон эса ҳақиқий мустақил давлат сифатида тан олина бошлади. Чунки юртимиз ўз тақдирини бошқа пойтахтларда эмас, балки Тошкентда ҳал қилади.

Ўзбекистон президенти ташаббуси билан қўшни ва узоқ мамлакатлар билан дўстона, ўзаро манфаатли муносабатлар ривожланди. Бу эса сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ижобий ўзгаришларга олиб келди. Шавкат Мирзиёевнинг чуқур ўйланган сиёсати ва қатъияти бу муваффақиятларнинг асосий омилидир. Халқаро экспертлар ҳам минтақа давлатлари мустақил тизимга эга бўлиб, ўз йўлини топаётганини таъкидлашмоқда. Хусусан, Америка билан ҳамкорлик Ўзбекистон ва қўшниларни глобал молия бозорига олиб чиқиши, инновация, илм-фан ва технология соҳаларида кенг имкониятлар яратиши мумкин. Бугунги замонда иқтисодиётни фақат кончилик ёки нефт-газга таяниб юритиш мумкин эмас. Инсон капиталига сармоя киритиш энг тўғри йўлдир. АҚШ эса илм-фан, технология ва таълим соҳаларида катта ёрдам кўрсата олади.

Америкалик сиёсатчилар ва жамоат арбоблари Президент Мирзиёевдан янги ташаббуслар ва амалий қадамлар кутмоқдалар. Конгрессда ва ҳукумат органларида унинг ислоҳотлари ижобий баҳоланмоқда. Президент Мирзиёев демократияни Ўзбекистон учун ягона йўл деб билмоқда, орқага йўл йўқ, деб таъкидламоқда. Бу эса АҚШ билан муносабатларда янги саҳифа очди. Илгари хаёл ҳам қилинмаган янгиликлар амалга ошмоқда. Трамп маъмурияти Мирзиёевни минтақавий барқарорликни ижобий томонга бурган етакчи сифатида кўрмоқда. C5+1 форматидаги мулоқот маркази Тошкентга айланиши ҳам ана шу ишончнинг ифодасидир.

Бундан ташқари, Мирзиёев АҚШ етакчиси билан ўтказган ушбу мулоқоти орқали Американинг эътиборини Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга қаратмоқчи. Бир томондан дунёнинг янги суперқудрати – Хитойнинг чегараларимизга яқинлиги ва минтақамизда унинг таъсири тобора ортиб бораётгани, иккинчи томондан эса мустақил бир давлатнинг ҳудудини ҳар хил баҳоналар билан аннексия қилиш учун бостириб кирган ва бу борада халқаро қонун-қоидаларни назар-писанд қилмаётган Россия хавфини назарда тутсак, президентнинг прагматик сиёсатчи сифатида митақада мувозанат сиёсатини олиб боришга уринаётганини тушунимиз ва қадрлашимиз лозим.

Ўзбекистоннинг янги роли унга янги вазифа ва масъулият юкламоқда. Жаҳондаги мураккаб вазият, хавф-хатар ва можаролар орасида мамлакатимиз ҳамиша огоҳ ва сергак туриши зарур. Тарихий тажрибалар шуни кўрсатадики, уруш ва ихтилофлар инсонларга фақат оғриқ ва йўқотишлар келтиради. Шу боис Президентимиз глобал миқёсда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш зарурлигини таъкидлади. Унинг нутқидаги таклиф ва ташаббуслар умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг асосий мақсади – мамлакатлар ва халқларнинг бугунги куни ва келажаги учун масъулиятни англаш, очиқ мулоқот ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал диалогга жалб қилишдир. Шу тарзда юртимиз нафақат минтақада, балки бутун жаҳонда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда фаол иштирок этаётган давлат сифатида намоён бўлмоқда.

Абдували Сойибназаров, сиёсатшунос

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.