12.08.2025 17:27
158
Таҳлил: Зангезур коридори нима ва у нима учун керак?
Зангезур коридори — бу режалаштирилаётган транспорт йўли бўлиб, у Озарбайжоннинг асосий ҳудуди билан Нахичеван Автоном Республикасини (НАР) Арманистоннинг жанубидаги Сюник вилояти орқали боғлашни назарда тутади (озарбайжон тилида Зангезур — Zəngəzur деб аталади). Унинг узунлиги тахминан 40 км атрофида бўлади. Мазкур лойиҳага автомобиль ва темир йўл магистраларини яратиш киритилиши режалаштирилмоқда.
СССР даврида Озарбайжон билан Нахичеван ўртасида транспорт алоқаси автомобил йўли ва Кавказорти темир йўли орқали амалга оширилар эди. Совет Иттифоқи тарқалганидан кейин ва Биринчи Қорабоғ уруши (1992–1994) бошланганидан сўнг темир йўл линяси олиб ташланган, бу эса Озарбайжоннинг асосий қисми билан унинг эксклави ўртасидаги ер усти алоқасининг узилиб қолишига сабаб бўлган. Ҳозирда мамлакатнинг ғарбий ҳудудларидан Нахичеванга фақат ҳаво йўли ёки Эрон ҳудуди орқали етиб бориш мумкин.
Зангезур коридори картада
Маршрут Эрон чегараси яқинидан ўтиб, Озарбайжоннинг ғарбий ҳудудидаги Горадиз — Агбенд транспорт магистраллари билан уланади, эксклавда эса Нахичеван — Жулфа — Ордуабад йўллари тармоғига боғланади. Туркиянинг Карс шаҳридан Нахичевангача ҳам темир йўл ва автомобиль магистрали қурилиши режалаштирилмоқда. Арманистон ҳудудида коридор Мегри шаҳри орқали ўтиши мумкин.
Агбенд — Калалех — Жулфа йўли бўйича, 107 км узунликда Эрон орқали ўтадиган ва Араз дарёси бўйлаб жойлашган “Араз коридори” номли альтернатив маршрут ҳам кўриб чиқилмоқда. Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўған 2023 йил сентябрь ойида Арманистон Зангезур коридори вариантидан воз кечса, ушбу лойиҳа амалга оширилишини маълум қилди. Шу йилнинг октябрь ойида Озарбайжоннинг Агбенд қишлоғи яқинида, Эрон чегарасида, Араз дарёсини кесиб ўтадиган автомобиль кўпригининг асоси қўйилди, шунингдек божхона ва чегара инфратузилмалари ҳам қурилаётгани хабар берилди. Шунингдек, томонлар Эрон Ислом Республикаси ҳудуди орқали темир йўл чизиғини қуриш бўйича келишувга эришдилар, бу Озарбайжоннинг асосий қисми билан Нахичеван ўртасида алоқани таъминлайди. Tasnim агентлиги маълумотига кўра, 2025 йил январигача ушбу участкадаги ишларнинг 15 фоизи бажарилган. Ушбу қурилиш учун “Хатам аль-Анбия” компанияси масъулдир.
Географик жойлашуви Зангезур коридорининг Ўрта коридорнинг бир қисмига айланишини таъминлайди — бу Хитой билан Европани Марказий Осиё ва Туркия орқали боғловчи халқаро маршрут бўлади. Уни шунингдек Транскаспий халқаро транспорт маршрути (ТМТМ) деб ҳам атайдилар.
Зангезур коридори ғояси қандай пайдо бўлди?
Арман ва озарбайжон ҳокимиятидагилар Зангезур коридори концепциясини Биринчи Қорабоғ уруши якунланганидан кейин муҳокама қилишни бошлашган. Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочаряннинг сўзларига кўра, 2001 йили томонлар келишув имзолашга яқин бўлишган. Ушбу келишувга кўра, Боку Қорабоғ Арманистоннинг бир қисми бўлишини қабул қилган, Арманистон эса ўз навбатида мамлакатнинг жануби орқали Нахичеванга транспорт йўлини таъминлашга тайёр турган. Аммо Озарбайжон парламентининг қаршилиги туфайли келишув имзоланмаган.
Иккинчи Қорабоғ уруши (2020 йил)дан сўнг ғоя яна бир бор кун тартибга кўтарилди, чунки Озарбайжон аввал ноқонуний Тоғли-Қорабоғ Республикаси назоратида бўлган ҳудудларнинг катта қисмини ўз назоратига олди ва Арманистоннинг Сюник вилояти чегараларига етиб борди. Уруш натижасида 2020 йил 9 ноябрда Озарбайжон, Арманистон ва Россия ўртасида уч томонлама ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув имзоланди. Ушбу давлат раҳбарларининг умумий баёнотининг 9-моддасида “минтақадаги барча иқтисодий ва транспорт алоқаларини блокдан чиқариш” бўйича келишув мустаҳкамланди. Арманистон ҳокимиятидагилар, шунингдек Озарбайжоннинг жанубий-ғарбий ҳудудлари билан Нахичеван Автоном Республикаси ўртасида транспорт алоқасини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Назорат Россия чегарачиларига топширилди.
Бироқ “Зангезур коридори” атамаси ҳужжатда ёзилмаган эди, бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги ва Арманистон ҳокимиятидагилар маълумот берган. Ушбу сўзларни сиёсий луғатга Озарбайжон президенти Илҳом Алиев киритган. Унинг фикрига кўра, мазкур йўлни амалга ошириш асоси келишувнинг тўққизинчи моддасидан келиб чиқади.
Ташаббус иштирокчилари ва томонларнинг позициялари
Озарбайжон позицияси
Озарбайжон Зангезур коридорини стратегик лойиҳа сифатида кўради, у мамлакатнинг асосий қисми билан Нахичеван Автоном Республикаси ўртасида 30 йилдан ортиқ вақтдан бери узилган ер усти алoқасини таъминлайди. Алиев унинг очилиши муқаррарлигини билдирган. Жумладан, 2021 йилда Алиев коридор Ереван хоҳишига қарамасдан очилади, деган баёнот берган. У Зангезурни Озарбайжоннинг “тарихий ерлари” деб атаган ва транспорт йўлини қуриш масаласини “куч ёрдамида” ҳал этиш билан таҳдид қилган. Аммо Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги “куч усули” вариантини инкор этган. Бакунинг талабларидан бири коридор орқали одамлар ва юкларни Арманистон томонидан божхона назоратисиз эркин ҳаракатланишини таъминлашдир.
Озарбайжоннинг интилишларини Туркия қўллаб-қувватлайди. 2023 йил сентябрда Алиев билан музокараларда Эрдўған Нахичеваннинг энергетика ва транспорт йўналишларини ривожлантиришда катта потенциали борлигини, шарқдан ғарбга логистика коридори яратишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтди. Шу билан бирга, Туркия Арманистон коридордан воз кечган тақдирда, Эрон орқали муқобил йўл қурилиши имкониятини инкор этмайди.
Арманистон позицияси
Ереван Боку томонидан таклиф этилган шаклдаги Зангезур коридори концепциясини қатъиян рад этади. Арманистон, айниқса, транспорт йўлининг мамлакатни Эрон чегарасидан узиб қўйиши ва Сюник вилоятининг йўқотилиши хавфидан қўрқмоқда. Республика бош вазири Никол Пашиняннинг фикрига кўра, “бу термин Арманистонга нисбатан ҳудудий даъволарни илгари суриш учун сарлавҳа вазифасини бажаради”. Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян 2024 йил январь ойида мамлакат ушбу йўлни амалга ошириш бўйича мажбурият олмаганини ва “коридор логикасини” рад этганини билдирди. У шунингдек транспорт участкасидан божхона назоратини бекор қилиш талабини суверенитет бузилиши деб атади. Шу йили май ойида Пашинян Қорабоғ бўйича уч томонлама баёнотда гап “минтақавий иқтисодий алоқаларни блокдан чиқариш ҳақида”, “Озарбайжон ва Нахичеван ўртасидаги боғланишни яратиш ҳақида эмас”лигини айтиб ўтди.
Шу муносабат билан Ереван “Тинчлик чорраҳаси” лойиҳасини таклиф қилади. Пашинян бу ташаббусни 2023 йил октябрда биринчи марта илгари сурган. У Арманистон, Туркия, Озарбайжон, Грузия ва Эрон ўртасида транспорт ҳамда энергетика инфратузилмасини (труба ўтказгичлар, кабеллар, электр узатиш линиялари) таъмирлаш ва қуриш орқали алоқаларни кенгайтиришни назарда тутади. Лойиҳанинг асосий принципларидан бири — ушбу инфратузилмалар жойлашган мамлакатнинг суверенитети ва юрисдикцияси остида бўлишидир. Концепция Мегрин темир йўлини тиклашни назарда тутади, у Нахичеван чегарасида жойлашган Арманистоннинг Ерасх қишлоғини ғарбий Озарбайжоннинг Горадиз шаҳри билан боғлайди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, лойиҳа Зангезур коридори каби Ўрта коридорнинг бир қисми бўлиши мумкин.
Эроннинг реакцияси
Теҳрон Зангезур коридори қурилишини қўллаб-қувватламайди ва уни ўз миллий манфаатлари ҳамда минтақавий таъсирига таҳдид деб қарайди. 2023 йил август ойида Арманистондаги Эрон элчиси Меҳди Собҳоний Озарбайжон томонидан транспорт йўлини “куч билан очиш” ҳолатида Эроннинг эҳтимолий чоралари ҳақида саволга жавоб берар экан, Теҳрон Арманистон чегараларидаги ҳар қандай ўзгаришга қатъий қарши эканлигини ва унинг ҳудудий бутунлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашига урғу берди. Шунингдек, буни таъминлаш учун аниқ чоралар кўрилмоқда, деди. Оддий сўз билан айтганда, Эрон Зангезур коридори унинг Арманистонга қурол йўлини узиб қўяди ва Жанубий Кавказнинг бутун минтақасидан янада узоқлаштиради, деган хавотирда. Теҳрон шунингдек минтақадаги транзит ролини йўқотмасликни истайди.
Бундан ташқари, Теҳрон Туркия ва Озарбайжоннинг шимолий чегарадаги мавқеининг кучайиши Эроннинг (Жанубий) Озарбайжонида сепаратизмнинг ўсишига сабаб бўлиши мумкинлигидан қўрқади. Шу билан бирга, Эрон Ислом Республикаси ўз ҳудуди орқали ўтадиган муқобил таклиф — Араз коридорига ижобий муносабатда.
Нима учун бу коридор муҳим?
Зангезур коридори Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари учун иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Forbes томонидан келтирилган Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, коридор очилса, 2027 йилгача жаҳон савдосининг йиллик ҳажми қиймат жиҳатидан 50-100 миллиард долларга ошиши мумкин. Bloomberg баҳолашича, йўлни блокдан чиқариш Евроосиё орқали юк транзитини 12-15 соатга қисқартирган бўларди. Caspian Policy Center ҳисоб-китоблари бўйича, 5-10 йил ичида инфратузилма харажатларини 3-5 миллиард долларга тежаш мумкин, Oxford Economics эса йиллик логистика харажатларини 20-30 миллиард долларга камайишини прогноз қилган.
Озарбайжон учун бу коридор Нахичеван ва Туркияга бевосита кириш имконини беради, бу эса савдони енгиллаштиради ва харажатларни камайтиради. Масалан, Боку Эрон орқали газ транзитидан, унда Теҳрон 15% тўлов сифатида ушлаб турган, камроқ вобаста бўлади. Озарбайжонлик иқтисодчилар баҳолашича, мамлакат экспорти 710 миллион долларга ошади, нефтга боғлиқ бўлмаган ЯИМ (Ялпи ички маҳсулоти) 2% га ўсади, шунингдек Боку ва Нахичеван ўртасида авиарейсларга субсидияларни бекор қилиш йиллик тахминан 10 миллион доллар тежамоқда.
Туркия учун бу лойиҳа Каспий денгизига бевосита қуруқлик чиқишини очади ва уни Европа билан Осиё ўртасидаги транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, чунки коридор Ўрта коридорнинг бир қисми бўлади. Унинг қурилиши Анқарага нафақат Озарбайжон, балки Марказий Осиёнинг бошқа туркдил мамлакатлари билан ҳам алоқа қилишни енгиллаштиради.
Бироқ Арманистон ва Эрон учун Зангезур коридори транспорт оқимлари устидан назоратни йўқотиш ва минтақадаги геосиёсий мувозанатнинг ўзгариши билан боғлиқ хавфларни тақдим этади. Шу билан бирга, 2021 йил кузида Арманистон иқтисодиёт вазири Ваан Керобян «алоқаларни икки йил ичида блокдан чиқариш Арманистоннинг ЯИМ ўсишига 30% таъсир кўрсатади» деб айтган.
Жорий 2025 йилдаги ҳолати
2025 йил июль ҳолатига кўра, Озарбайжон ўз ҳудудида Зангезур коридори билан боғланадиган инфратузилмани фаол қурмоқда. Февралгача 110 кмдан ортиқ узунликдаги Горадиз — Агбенд темир йўли 62% тайёр бўлган эди. Бу темир йўл билан параллел равишда 123,5 км узунликдаги автомагистраль ҳам қурилмоқда. Апрелга келиб, у 93% тайёр эди. Шунингдек, турк Карсдан Нахичевангача бўлган 224 км темир йўл лойиҳаси амалга оширилмоқда ва уни беш йил ичида тугатиш режалаштирилган.
Бироқ, ўзи коридор қурилиши бўйича ишлар олиб борилмаяпти. 2025 йил 14 июнда Озарбайжон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Ҳикмат Ҳожиев, Озарбайжон ҳокимияти бу ташаббусни амалга оширишда «Арманистондан аниқ қадамларни» кутишини айтди. У Арманистон томонидан илгари сурилган «Тинчлик чорраҳаси» лойиҳасини кечиккан ва чекланган ёндашув деб атади. Шу билан бирга, 2025 йил 21 июнда Пашинян Истамбулда Арман жамоаси вакиллари билан учрашувда яна бир бор Зангезур коридорига қарши чиқди. Унинг фикрига кўра, «Тинчлик чорраҳаси» концепцияси амалга оширилиши керак.
Музокаралардаги қийинчиликлар туфайли Эрон орқали ўтадиган Араз коридори ҳам параллел равишда ривожланмоқда. 2025 йил апрелида Араз дарёси устидаги Агбенд кўпригининг қурилиши бошланди. Унга фойдаланиш 2026 йил бошида режалаштирилмоқда. Боку ва Теҳрон шунингдек, 2025 йил охиригача Эрон ҳудудида чегара терминалини ишга туширишга келишиб олдилар.
2025 йил июль ойида АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак АҚШ Зангезур коридорини 100 йилга ижарага олишга тайёр эканини билдирди. Middle East Eye нашри маълумотларига кўра, бу ташаббус Туркиядан келиб чиққан ва лойиҳани амалга оширишнинг кафолатчиси хусусий америкалик компания бўлиши мумкин. Аммо, унинг сўзларига кўра, Арманистон ушбу компания Нахичеван орқали ўтадиган йўл участкасини ҳам бошқаришини талаб қилган. Озарбайжон буни қабул қилиб бўлмас аралашув деб баҳолаган. Кейинчалик Арманистонда АҚШга Зангезур коридори назоратини бериш режалари инкор қилинди. Ўшанда мамлакат бош вазирининг матбуот котиби Назели Багдасарян «Арманистон ўз суверен территориясини учинчи тарафга бошқарувга беришни муҳокама қилмаган ва ҳозирда ҳам қилмайди» деб таъкидлади.
Мулоҳаза
Зангезур коридорининг манфаатдор томонлар учун иқтисодий ва геосиёсий афзалликлар:
Озарбайжон
• Транспорт ва логистика устунлиги: Зангезур коридори Озарбайжонни тўғридан-тўғри Нахичеван Автоном Республикаси билан боғлайди. Бу ички логистика харажатларини сезиларли қисқартиради.
• Экспорт имкониятларининг кенгайиши: Туркия ва Европа бозорларига чиқиш йўли қисқаради, бу нефт, газ ва нонефт маҳсулотлари экспортини арзон ва тез қилади.
• Сиёсий нуфуз: Лойиҳа Озарбайжоннинг Кавказдаги транзит маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлайди.
Арманистон
• Иқтисодий фойда: Коридор орқали транзит тўловлари, янги йўллар ва инфратузилма қурилиши маҳаллий иқтисодиётга маблағ ва иш ўринлари олиб келиши мумкин.
• Савдо имкониятлари: Арманистон ҳам ЕОИИ, ҳам Эрон ва Марказий Осиё бозорларига тезроқ чиқиш имконига эга бўлади.
• Сиёсий хатарлар: Бироқ, Арманистонда бу йўл орқали ҳудудий хавфсизликка таҳдид йўқми, деган сиёсий баҳслар бор.
Туркия
• Стратегик йўл: Туркия Кавказ орқали Каспий денгизига ва Марказий Осиёга қисқа ва хавфсиз йўлга эга бўлади.
• Иқтисодий интеграция: Туркия-Турк давлатлари ўртасида савдо айланмаси ошади.
• Энергия хавфсизлиги: Марказий Осиё энергия ресурсларига олиб чиқадиган йўллар турли йўналишлар билан диверсификация қилинади.
Эрон
• Янги савдо маршрутлари: Эрон коридор орқали Кавказ ва Туркия орқали Европа билан савдо алоқаларини ривожлантириши мумкин.
• Транзитдан даромад: Логистика хизматлари ва темир йўл ҳамда авто йўллардан фойдаланиш орқали даромад топади.
• Геосиёсий баланс: Эрон учун асосий шарт — йўл унинг минтақадаги стратегик манфаатларига зарар қилмаслиги.
Россия
• Транспорт йўналишларини диверсификация қилиш: Россия Кавказ орқали Туркия ва Марказий Осиё билан алоқаларини мустақкамлайди.
• ЕОИИ интеграцияси: Лойиҳа ЕОИИ аъзолари ўртасида товар айланмасини ошириш имконини беради.
• Сиёсий таъсир: Россия бу йўл орқали минтақадаги воситачилик ва хавфсизликдаги ролини сақлаб қолиши мумкин.
Европа Иттифоқи
• Энергия манбаларига чиқиш: Кавказ ва Марказий Осиё нефт-газини олиш учун йўллар кенгаяди.
• Савдо маршрутини қисқартириш: ЕИ мамлакатлари учун Хитой ва Марказий Осиё билан товар айланмаси вақти ва харажати камаяди.
АҚШнинг Зангезур коридоридаги манфаатларини таҳлил қилсак, улар асосан геосиёсий ва иқтисодий йўналишда тўпланган:
Геосиёсий таъсирни кучайтириш
• Россия ва Эрон таъсирини чеклаш: Коридор Кавказдаги транзит ва савдо йўналишларини диверсификация қилиб, минтақадаги Москва ва Теҳроннинг стратегик ролини сусайтиради.
• Минтақадаги нуфуз: АҚШ Кавказдаги сиёсий жараёнларда кўпроқ таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлади, айниқса Арманистон билан муносабатларини кучайтирар экан.
Энергия хавфсизлиги ва диверсификация
• Европани қўллаб-қувватлаш: Зангезур коридори Марказий Осиё ва Каспий денгизи энергия манбаларини Европага олиб чиқишда янги маршрутлар беради, бу Россия газига қарамликни камайтиради.
• Туркия орқали транзит: АҚШ Туркияни НАТО аъзоси сифатида стратегик энергия ва савдо хабига айлантиришда манфаатдор.
Иқтисодий имкониятлар
• Америка компаниялари учун бозор: Йўл қурилиши ва инфратузилмада АҚШ компаниялари иштирок этиши орқали янги контрактлар олиниши мумкин.
• Савдо алоқаларини кенгайтириш: Кавказ орқали АҚШнинг Марказий Осиё, Афғонистон ва ҳатто Хитой билан тўғридан-тўғри логистика алоқалари яхшиланиши эҳтимоли бор.
Минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик
• Тинчлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш: Коридор Арманистон ва Озарбайжон ўртасида иқтисодий боғлиқлик яратиб, можаролар хавфини камайтиради, бу АҚШнинг дипломатик мақсадларига мос.
• Ҳарбий-стратегик нуқтаи назардан: Минтақада АҚШнинг логистика йўллари ва таъсир нуқталари кўпайиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, АҚШ учун Зангезур коридори — бу нафақат иқтисодий, балки геосиёсий инструмент. Унинг асосий мақсади — Кавказ орқали Европа энергия хавфсизлигини таъминлаш, Россия ва Эрон таъсирини чеклаш, ҳамда минтақадаги ўз таъсирини ошириш.
Хитойнинг Зангезур коридорига манфаатлари нимада?
Хитойнинг асосий манфаатлари – Марказий Осиё ва Кафказ минтақалари билан савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантиришдир. Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида, минтақа мамлакатлари билан транспорт ва логистика коридорларини ривожлантириш муҳим вазифа саналади. Зангезур коридори бу мақсадларга хизмат қилиши мумкин, чунки:
• У Кавказдаги муҳим йўлак бўлиб, Хитой маҳсулотлари ва энергия ресурсларини транзит орқали Европа ва бошқа бозорларга етказишда қўл келади.
• Хитой учун Кавказдаги транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш имконияти.
• Шунингдек, у минтақадаги сиёсий ва иқтисодий таъсирни оширишда рол ўйнайди.
Аммо бу коридор атрофида минтақадаги бошқа давлатлар, хусусан, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида турли қарашлар ва манфаатлар низоси мавжудлиги сабаб ушбу лойиҳани барча томонларнинг манфаатини қондиришда муаммоларни келтириб чиқариб келади.
Илҳомиддин Алимов